muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Жорий йилнинг ноябрь ойида Буюк Британиянинг Манчестер шаҳрида мусулмон санъати фестивали ташкил этилади. Ушбу фестивалнинг ташкил этилишидан мақсад эса шаҳар аҳолисини мусулмонлар ҳаёти билан таништириш экани айтилмоқда.

Фестивал ташкилотчиси бўлган покистонлик шоира Каисра Шахразнинг фикрига кўра, фестивал доирасида расм кўргазмаси, адабий ўқувлар, таомлар ва мусиқа тадбирлари ташкил этилади (https://islam-today.ru/novosti/2018/09/12/ziteli-velikobritanii-poznakomatsa-s-islamskim-iskusstvom/).

Фестивалнинг барча тадбирлари Манчестер университетининг ҳудуди, шаҳар музейи, кутубхонаси ва кўргазмалар залида ўтказилади.

Ушбу фестивалнинг энг қизиқарли учрашуви исломни қабул қилган Стелибридж шаҳри мэри Роберт Стенлининг чевараси билан ўтказилиши айтилмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

БАА да Аббосийлар халифалиги вақтидаги 1.000 йиллик масжид пойдевори топилди. Масжид пойдевори Ал – Айн шаҳридаги Шайх Халифа бин Зайд Ал-Наҳён масжиди ёнидан топилган. Шунингдек, пойдевор олдида яна учта бино қолдиқлари ва шаҳарсозлик ашёлари топилган. Бундан ўша даврда бу атрофларда катта маданият ўчоғи бўлганлигини тахмин қилиш мумкин.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

манба: http://kamolon.uz/baa-da-1-000-yillik-masjid-poydevori-topildi/

Пятница, 14 Сентябрь 2018 00:00

Толиби илм ва ботин тазкияси

Ҳазрат Мавлоно Ҳифзурроҳман Қосимий Поланпурий айтадилар:

Илм давлатини ҳосил қилишлик учун зоҳирий гуноҳлардан сақланишлик зарур бўлгани каби, ботиний иллатлардан ҳам қалбни поклашлик ўта зарурдир. У сиз илм нури ҳосил бўла олмайди.
Ҳазрат Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ ёзганларки, ахлоқи разиладан нафсни поклашлик, худди намоз учун зоҳирий аъзоларни поклашлик зарур бўлгани каби зарурдир. Чунки, намоз зоҳирий ибодат бўлгани каби, қалб ва ботин ибодати ҳамдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

لا تدخل الملائكة بيتا فيه كلب

Яъни: “Фаришталар ит бор уйга кирмайдилар” деганлар.
Қалб фаришталарнинг уйидир. Улар ўрнашадиган ва тушадиган жойдир. Ғазаб, шаҳват, гина, ҳасад, буғз, ужб, кибр, худбинлик каби разил сифатлар худди итлар кабидир. Бас, қачонки, қалбда бу қадар ботиний итлар бўлса, у ҳолда фаришталар қандай кирадилар. Шу нарса аниқ бўлганки, Аллоҳ таъоло илм нурини фаришталар воситасида қалбга солади. Бас, маълум бўлдики, илм нурини ҳосил қилишлик учун қалбни бутун нопокликлардан пок бўлиши зарурдир.
Аллоҳ таъоло марҳамат қилади:

وَذَرُواْ ظَاهِرَ الإِثْمِ وَبَاطِنَهُ

“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!” (Анъом сураси, 120-оят)
Яъни, зоҳирий ва ботиний барча гуноҳларни тарк қилинг. Аъзоларнинг гуноҳларини ҳам тарк қилинг ва қалб гуноҳларини ҳам. Аъзоларни солиҳ амаллар ила ва қалбни гўзал хулқлар ила зийнатланг. Айнан шуни уламолар зоҳир ва ботинни ислоҳ қилиш дея таъбир қиладилар.

(“Ҳазрати Али” жоме масжиди имом ноиби Абдулқайюм Ғофуров таржимаси)

манба: http://vakillik.uz/2018/09/10/tolibi-ilm-va-botin-tazkiyasi/

Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган “Маънавий ипак йўли: Буюк инсоний қадриятлар ва замонавий таҳдидлар” номли халқаро анжуман доирасида бир қатор диний уламолар турли даражадаги медаллар билан мукофотландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Марказий Осиё мусулмонлари маънавий тараққиётига кўп йиллар давомида хизмат қилганлари, яхши қўшничилик, тинчлик-осойишталик, фаровонлик каби исломий тамойилларга содиқликлари, ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган урф-одатларни тиклаш ва асраб-авайлашга қўшган улкан ҳиссалари учун Қирғизистон мусулмонлари идорасининг 1-даражали «Ынтымоқ» медали («Иттифоқ») билан тақдирландилар. Ушбу медални Қирғизистон бош муфтийси Максатбек Токтомушев тантанали равишда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига топширди.
Ушбу медал Қозоғистон Бош муфтийси Серикбай ҳожи Ўраз, Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдуқодирзода, Хитой Халқ Республикасининг диний идоралари вакили Ҳасан Фамингга ҳам топширилди. Шунингдек, Россия муфтийлар кенгаши раиси Равил Гайнутдин «Ой кул» ордени билан тақдирланди.
Бундан ташқари бир гуруҳ фахрий уламолар ҳам турли даражадаги медаллар билан тақдирландилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Пятница, 14 Сентябрь 2018 00:00

Биз меҳри дарё бағрикенг халқмиз

Жаннатмакон ва серқуёш юртимизда 130дан ортиқ миллат ва элатлар яшайди. Уларнинг баъзилари юртимизда қадимдан, баъзилари эса уруш йилларида ёки бошқа турли сабаблар билан келиб истиқомат этмоқдалар. Алҳамдулиллаҳ, юртимиз тинч. Тинчлик ва бағрикенглик асосида барчамиз Ўзбекистон деб аталмиш ягона оилада аҳил яшамоқдамиз. Халқимиз азалдан бошқа миллат ва дин вакиллари билан муросаю мадорада яшаб келган. “Айни шу заминда кўп асрлар мобайнида жаҳон маданиятлари дунё миқёсида бир-бирини бойитган. Бу ерда кўчманчи халқлар ўтроқ халқлар билан, эронлик қабилалар турк қабилалар билан, мусулмонлар насронийлар ва яҳудийлар билан кўп асрлар бирга яшаб келганлар”,-деб юртбошимиз ҳам айни ҳақиқатни айтганлар.

 

Динимизда диний бағрикенглик, ўзаро ҳурмат-иззат, меҳр-оқибат, силаи раҳм каби умуминсоний қадриятлар оятлар ва ҳадиси шарифлар билан кўп маротоба тарғиб этилган. Хусусан, Қуръони Каримда шундай дейилган: ”Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир”.

(Мумтаҳана.8)

 

Ушбу ҳукм Ислом динининг нақадар инсонпарвар ва кенгбағир дин эканининг ёрқин далилидир. Бу дин бошқа диндагиларга яхшилик ва адолат қилишдан ҳеч кимни ман қилмайди. Бундай улуғвор ҳукмни ўзга тузум ва динлар жорий эта олмаганлар.

 

Пайғамбар алайҳиссалом ҳаётларидан мисол келтиришимиз мумкин, у зот Мадинага ҳижрат(кўчиш) қилганларидан сўнг, у ердаги яҳудийлар билан аҳдномалар тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Уларга ҳеч кек сақламас, азиятларга сабрли ва кечиримли эдилар. Ҳатто бир яҳудий аёл гўштга заҳар қўшиб берганида пайғамбаримиз уни кечирдилар.

 

Шариатни яхши тушунган Ислом давлатларида турли вазифалар кишининг динига ёки мазҳабига қараб эмас, шахсий қобилиятига, вазифани бажариш савиясига қараб берилар эди.

 

Машҳур халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг шахсий табиби Ибн Ассол исмли насроний табиб бўлган. Тарихчилардан бири Марк Сайс Ҳорун ар-Рашид давридаги Ислом давлати васфида қуйидагиларни ёзади:

 

“Масийҳийлар, бутпарастлар, яҳудийлар ва мусулмонлар баб-баровар ҳукумат хизматида ишлар эдилар”.

Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳиблари бўлган олимларни тўплаган, ҳамда уларга: ”Илмдан нимани хохласангиз баҳс қилаверинглар, фақат, тоифачилик мушкулоти келиб чиқмаслиги учун, бирингиз ўз диний китобидан далил келтирмаса бўлди”, деган эди.

Бухорода илк яҳудий синагогаси VIII аср бошларида қурилган. Яҳудий жамоаси вакили бу ҳақда бундай деб кўрсатади: ”Ўрта аср Оврупаси ва Византия империясидан қувғин қилинган яҳудийлар Марказий Осиёда бошқа динлар билан бир хил ҳуқуққа эга эди “.

Абу Мансур Мотуридий (870-944) Ҳаж сураси 40-ояти тафсирида : “Черков ва синагогаларни вайрон қилиш ман этилади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада аҳли илм орасида ихтилоф йўқдир “, деб ёзиб қолдирган.

Фарғонада 12 та ноисломий ибодатхона фаолият кўрсатмоқда. Яҳудийларнинг синагогалари бошқа мамлакатларда тегишли давлат хизматчилари томонидан қўриқланади. Биздагина яҳудийлар синагогаси ҳеч қандай қўриқчисиз, ташқи хавф-хатарсиз хизмат кўрсатади.

Соҳибқирон Амир Темур “Тузук”ларида: “Менинг қўл остимдаги қирқ аймоқ ҳаммасини тенг кўрдим. Барлосни татардан, татарни наймандан, найманни юздан устун қўймадим. Барча муваффақиятларим гарови шундадир”, деб ёзган.

Мутафаккир Алишер Навоий ҳам миллатлараро тотувликни тараннум қилган:

Кўнгулни олса малоҳат била, тафовут йўқ,

Хитойи ўлсину, ё армани ва ё ҳинду.

Юртимизда “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвони билан тақдирланган ўзбек ва қорақалпоқлар билан бир қаторда украин, рус, қозоқ, корейс, араб, тожик ҳам жой олган.

Иккинчи жаҳон уруши даврида фашизм даҳшатларидан қочган 250 мингдан зиёд яҳудий аҳолисининг Ўзбекистондан паноҳ топгани халқимизга хос бағрикенгликдан далолат беради. 1941-45 йиллар “Улуғ Ватан уруши” фронтлари ва фронт ортида меҳридарё халқимизнинг кўрсатган фидойилиги ва бағрикенглигини 70 йил ўтса ҳамки инсоният унутмабди, ҳар қанча таҳсин ва мақтовларга лойиқдир. Мисол тариқасида шу кунларимиздан ибрат келтирсак, бир биродаримиз тақдир тақозоси билан бир немис қизига уйланди. Аввалига катталар, қариндош-уруғ ҳаммалари қарши туришди. Лекин вақт ўтиб немис қизи ҳаёт довонларидан ўтиб-ўтиб, ҳеч бир ўзбек аёлидан қолишмайдиган зиёли , жамиятга манфаатли оила бекасига айланди.

Момоларимиздан рўзғорга, қозон-ўчоққа керакли асбоб ва анжомларни ясашни, тикувчилик сирларини қунт билан ўрганди, қўни-қўшниларга ҳам ўргатяпти. Фарзандларини ўзбекона урф-одат, исломий бағрикенглик руҳида тарбия қиляпти. Истиқлол шарофати сабаб эри билан муборак Ҳаж сафарига ҳам бориб келди. Биродаримиз “илоҳи кўз тегмасин, умри узоқ бўлсин, аёлимдан мингдан-минг розиман, аёлим кўп сафар мени тўғри йўлга бошлаб қўйган, яхшиликда намуна бўлган”, деб самимий ва мамнун дуоларни қиляптилар. Қариндошлар гоҳида аёлларига “бир ажнабий немка тикишу бичиш, рўзғор-ўчоғларингни ўргатяпти, сизларни қўлларингдан нима иш келади” деган ҳазилларни ҳам қилиб қўйишади. Бундай аёллар юртимизда ҳар шаҳару қишлоқда топилади.

Алҳамдулиллаҳ мусулмонмиз, ота-боболаримиз ардоқлаган, ўзимизга хос миллий ва диний анъана ва қадриятларга эгамиз. Жаҳоннинг турли бурчакларида, хусусан, Афғонистон, Ироқ, Сурия, Шимолий Кавказ, Украина, Шимолий Ирландия, Болқон ва бошқа минтақаларда мунтазам равишда турли миллат, турли дин вакиллари орасида муросасиз низолар кучаймоқда.

Жамиятдаги турли соҳалардаги тараққиёт, тинчлик ва осудалик бардавомлиги учун барчамиз аҳил-тотувликда, ўз миллий қадриятларимиз, диний эътиқодимизда маҳкам турган ҳолда умуминсоний манфаатлар йўлида ҳамкорлик қилишимиз зарур. Фақат шундагина инсоният уруш йўлини тарк қилиб тинчлик-омонлик ва фаровонлик йўлига кирган бўлади.

Яратганнинг ўзи шукрда, тинчликда, сиҳат-саломатликда, ўзининг суюкли бандаларидан бўлмоқликларимизни насиб айласин!

 

 

Фойдаланилган адабиётлар.

 

1. Васатия-ҳаёт йўли. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

2. Тинчлик ва осойишталик-олий неъмат. Муҳаррир, Шайх Абдулазиз Мансур.

 

 

“Хўжа Муҳаммад Восий” жоме

масжиди имом хатиби: Икромов Ислом.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top