muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Азон ва иқоматни эшитган киши муаззин нима деса, ўшани такрорлайди. Фақат «Ҳаййа ъалал солаҳ, Ҳаййа ъалал фалаҳ», деганда:

لاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ

«Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ», деб айтади.
«Ассолату хойрум минан навм», деса:

صَدَقْتَ وَبَرَرْتَ

«содақта ва барорта» ёки

صَدَقَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، الصَّلاَةُ خَيْرٌ مِنَ النَّوْمِ

«содақа росулуллоҳ ассолату хойрум минан навм», дейди. Агар «қод қоматис солаҳ», деса:

أَقَامَهَا اللهُ وَأَدَامَهَا

«ақомаҳаллоҳу ва адамаҳа», дейди. Агар «ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ», деса, «ва ана ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ», деб, ортидан:

رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا وَبِمُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَسُولاً وَبِالإِسْلاَمِ دِينًا

«розийту биллаҳи роббан ва биМуҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама росулан ва билИслами дийна», дейди. Азоннинг ҳаммасини эшитиб бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб, ортидан мана бу дуони ўқийди:

اللهُمَّ رَبَّ هَذِهِ الدَّعْوَةِ التَّامَّةِ وَالصَّلاَةِ القَائِمَةِ آتِ مُحَمَّدًا الوَسِيلَةَ وَالفَضِيلَةَ وَابْعَثْهُ مَقَامًا مُحْمُودًا الَّذِي وَعَدْتَهُ

«Аллоҳумма робба ҳазиҳид даъватит таммаҳ вассолатил қоимаҳ, ати Муҳаммаданил васийлата вал фазийлаҳ вабъасҳу мақомам маҳмуданиллазий ваъадтаҳ» (Эй бу комил дуонинг ва қоим бўлган намознинг эгаси Аллоҳим, Муҳаммадга васила ва фазилат бер, у зотни ваъда қилганинг мақтовли мақомда тирилтир). Сўнгра хоҳлаганича дунёвий ва ухровий дуоларни қилаверади.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон азонни эшитсанглар муаззин нима деса, ўшани айтинглар», дедилар.

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан

Среда, 11 Октябрь 2023 00:00

Илмда хотиржамликни ҳис қилиш

Инсоннинг ҳақиқий муваффақияти қайси ўринда бўлмасин Аллоҳ азза ва жалланинг тавфиқидан сўнг илмга бўлган ҳиммати ва ихлосига боғлиқдир. Бу барча илм билан шуғулланувчиларга тегишлидир. Олим кишининг илмида юксакликка эришиши учун ўз йўналишида тўғри манҳажни ушлаши лозим. Шу қатори илмий даражасини баҳс-мунозара, ёзув-чизув ва дарс бериш каби йўллар билан оширишга кун-у тунини сафарбар қилиши муҳим аҳамият касб этади.

Албатта, толиби илм илм талаби ва таҳсили учун бор кучини сарфласа, қийинчилик ва машаққатларга бардош берса ва улардан ғолиб келса, Аллоҳ таоло унинг ҳаракатини зое қилмайди, одамлар унинг ҳаққини олиб қўймайди ва ундан юксалиш ва ривожланиш ортга сурилмайди. Дарҳақиқат, юксалиш учун катта сабр талаб қилинади.

Бироқ, узундан-узун орзуларга берилган, дангасаликка одатланган, роҳат талабида бўлган, муваффақиятга осонликча эришишни хоҳлаган, шириндан-ширин таом еган, чиройли кийимларни кийган, узундан-узун уйқуларни яхши кўрган ва фаслларнинг ўзгариши уни илм олиш ва таҳсилидан машғул қилиб қўйган кишидан илм қанчалар узоқда! Ундан илм қанчалар нафратда! («Софаҳот мин собрил уламо» китобида келган 368-369-бетлар).

Бундай машаққат ва қийинчиликларни ошиб ўтиш олий ҳимматга эҳтиёж сезади. Ҳиммат соҳиби бўлмаган кишига довон ошишнинг, чўққини забт этишнинг ва мақсадга етишишнинг имкони йўқ!

Нақл қилинган ва фойдаланилган илмни ҳосил қилиш, тушуниш, ёдлаш ва мустаҳкамлашнинг ўзига яраша машаққатлари ва қийинчиликлари бор. Чунки, ҳар бир илмнинг узоқ ва яқин бўлган бошқа бир илмга боғлиқлиги бор. Илмлар гўёки шохлари кўп сербаргли дарахтга ўхшайди. Киши бир илмни унга боғлиқ бўлган илмни ўрганмагунча, ёхуд пишитмагунча пухта ўргана олмайди. («Софаҳот мин собрил уламо» китобида келган 363-бет).

Олдинги уламоларимиз ютуқларга етишиш учун бор вақтларини Аллоҳ йўлида илм ўрганиш ва ўргатишга бахшида қилганлар. Сўнгра юқори даражаларга эришганлар. Имом Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг айтган сўзларига қаранг: «Ўғлим вафот этганида уни дафн қилиш учун тайёрлашга ҳам, жанозасига ҳам бора олмадим. Абу Ҳанифадан бирор нарсани ўтказиб юбориб, кейин пушаймон чекмаслик учун бу ишни қўшниларим ва яқинларимга топширдим». («Қийматуз замон» китобида келган 30-31-бет).

Имом, муҳаддис Мунзирий роҳимаҳуллоҳ «Комилия» ҳадис мадрасасига устоз этиб тайинланганларида, бор эътиборини унга жалб этдилар ва ҳаётларининг охирги йигирма йилини китоб ёзиш, ҳадис айтиш, маъноларини тушунтириш ва ҳадисларни тахриж қилишга эътикоф ниятини қилиб, у ерда ўтказдилар. Мадрасадан фақат жума намози учунгина чиқар эдилар. Ҳатто, у зотнинг катта ўғиллари Ҳофиз Рошидуддин Муҳаммад 643-ҳижрий йили вафот этганида, жаноза намозини мадраса ҳовлисида ўқидилар ва жанозасини мадраса эшигигача кузатдилар. У зотнинг ўғилларига айтган сўнгги сўзлари: «Болажоним, сени Аллоҳ таолога топширдим» бўлди ва жанозадан ажралдилар. («Жавобул Ҳофиз Мунзирий» китобида келган 26-бет).

Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳнинг 

«Қалбни суғорган ҳикмат зилоли» китобидан.

Абдуссами Хайруллоҳ таржимаси

 

 

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг отганида: 

اللهُمَّ بِكَ أَصْبَحْنَا وَبِكَ أَمْسَيْنَا وَبِكَ نَحْيَا وَبِكَ نَمُوتُ وَإِلَيْكَ النُّشُورُ

 «Аллоҳумма бика асбаҳна ва бика амсайна ва бика наҳйа ва бика намуту ва илайкан нушур» (Аллоҳим, Сенинг номинг ила тонг оттирдик, Сенинг номинг ила кеч киргиздик. Сенинг номинг ила тириламиз ва Сенинг номинг ила ўламиз. Ва Сенга қайтажакмиз), дер эдилар. Кеч кирганида эса: 

اللهُمَّ بِكَ أَمْسَيْنَا وَبِكَ نَحْيَا وَبِكَ نَمُوتُ وَإِلَيْكَ النُّشُورُ

«Аллоҳумма бика амсайнаа ва бика наҳйаа ва бика намууту ва илайкан нушур» (Аллоҳим, Сенинг номинг ила кеч киргиздик. Сенинг номинг ила тириламиз ва Сенинг номинг ила вафот этамиз. Ва Сенга қайтажакмиз), деб айтар эдилар. 

Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва бошқаларнинг саҳиҳ санад билан қилган ривояти.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсоният тарихига назар солган киши башариятнинг илоҳий ақидага нисбатан муаммоси ушбу коинотни тадбир қилиб турган Зотни инкор қилишда эмаслигини кўради. Илоҳни мутлақ инкор қилиш маъноси жуда ҳам оз ва нодир ҳолатдир.
Француз файласуфи Бергсон айтган экан: «Илм-фан ва фалсафаларга эга бўлмаган жамиятлар бўлган ва топилади ҳам. Лекин диёнатсиз бирорта жамият бўлмаган».
Муаррихлардан бири айтган экан: «Тарихда қўрғонлари йўқ шаҳарлар, таълим даргоҳлари йўқ шаҳарлар, қасрлар ва завод-фабрикалари йўқ шаҳарлар топилади. Лекин ибодатхоналари йўқ шаҳарлар ҳеч ҳам учрамайди».
Ҳамма асрларда, ҳамма шаҳарларда доим ибодатхоналар бўлган. Лекин муаммо ўша ибодатхоналарда кимга ибодат қилинишида.
Ҳа, башариятнинг муаммоси ибодат қилишда эмас, балки кимга ибодат қилишдадир.
Коҳинлар, сеҳргарлар, диндан тижорат сифатида фойдаланувчилар одамлар учун турли илоҳларни ўйлаб топишди ва уни зийнатлаб кўрсатишди. Фиръавн ва Намруд каби баъзилари эса илоҳлик даъвосини ҳам қилишди.
Асл инсоний табиат илоҳга сиғиниб, унга ибодат қилиб яшаш билангина хотиржам бўлади. Инсоннинг асл фитрати шу. Гоҳида мана шу асл фитратни турли хил шубҳа ва шаҳватларнинг чангу ғуборлари қоплаб олади. Лекин шундай бўлса-да, бу фитрат бутунлай йўқ бўлиб кетмайди. Инсон турли ташвишларга ва оғир мусибатларга дуч келиб, уни бартараф этишда на ўзида, ва на ўзгада куч тополмай қолган пайтда фитратини қоплаб олган мазкур чангу ғуборлар кетиб, қалбининг қаъридан асл фитрати намоён бўлади ва ич-ичидан Аллоҳдан ёрдам кутади:
«Денгизда сизларга бирор мусибат етса, сизлар илтижо қиладиган Ундан бошқа (маъбуда)лар ғойиб бўлур» (Исро сураси, 67-оят).
Ривоят қилинишича, зиндиқлардан бири Жаъфар Содиқнинг ҳузурида Яратувчини инкор қилди. Жаъфар унга: «Денгизни ва унинг қўрқинчини кўрганмисан», деди.
У: «Ҳа, денгизга чиққанман, қўрқинчли шамол эсган. Кема синиб денгизчилар ғарқ бўлишган. Мен тахталардан бирига осилиб олдим. Сўнгра у тахта ҳам мендан кетиб қолди. Тўлқинлар мавжи мени улоқтириши натижасида соҳилга етиб олдим», деди. 
Шунда Жаъфар: «Сен таянган нарса кема, тахта ва денгизчилар эди. Уларни йўқотганингдан кейин ҳам омон қолишни умид қилганмидинг?», деди.
У: «Ҳа», деди. 
Жаъфар: «Кимдан?», деди. 
У жим қолди.
Шунда Жаъфар: «Сен умид қилган зот ўша Яратувчи зот бўлади. У сени ғарқ бўлишдан қутқарди», деди. У киши Жаъфар Содиқнинг қўлида Исломни қабул қилди.
Демак, башариятга етган катта тойилиш илоҳнинг борлигини инкор қилишда бўлмаган, балки Унга ширк келтиришда, Ундан бошқага ибодат қилишда бўлган. Шунинг учун барча пайғамбарларнинг асосий вазифалари одамларни якка Аллоҳга ибодат қилишга чорлаш ва ибодатни қай тарзда адо этишни ўргатиш бўлган, илоҳнинг борлигини исботлаш бўлмаган.
Аллоҳни инкор қиладиган айрим кимсалар ҳам ўзлари билмаган ҳолда кимларгадир сиғиниб яшашади. Шахсларни илоҳ қилиб олишган бўлади. Уларнинг илоҳлари кўп бўлади. Бирини олиб, бирини қўяверишади.
Айниқса, мусибатга учраганда, ҳеч ким ёрдам беролмай қолганда ҳам ич-ичларидан ёрдам кутишади. Ўшанда улар ўзлари билмаган ҳолда ёрдамни Аллоҳдан кутаётган бўлади.
Шайх Юсуф Қаразовийнинг мақолалари асосида


Қудратуллоҳ Сидиқметов тайёрлади

 

Среда, 11 Октябрь 2023 00:00

Сен Аллоҳни яхши кўрасанми?

Мен ўзимга тегишли ишлар тўғрисида очиқ ойдин ёзилган нарсаларни тўлиқ ўқиб чиқдим.

Ҳа шундай.

Набий алайҳис-солату вассалам;

“Кимки бомдод намозини ўқиб бўлгандан кейин масжидда қуёш чиқгунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса. Ундан сўнг икки ракат ишроқ намозини ўқиса унга умра ва ҳажнинг савоби бўлади. Тўлиқ тўлиқ, тўлиқ”- дедилар.

Яъни унга тўлиқ умра ва ҳажнинг савоби ёзилади, деб уч марта айтдилар.

Ҳа, Бомдодни ўқийсиз, кейин Аллоҳни зикр қилиб ўтирасиз. Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилишнинг энг улуғи Қуръон тиловат қилишдир.

Ҳа, қуёш чиқгунча шу тарзда ўтирасиз, сўнг қуёшнинг тафти сезилгач икки ракат намоз ўқийсиз. Сизга тўлиқ ҳаж ва умранинг савоби ёзилади. Ундан кейин сизнинг барча хато ва гуноҳларингиз ўчирилиб унутиб юборилади. Сўнг Аллоҳ таоло бу гуноҳлар ўрнига сизни яхшиликлар билан эҳтиром қилади.

Ушбу инсон билан биз каби даъват қилувчилар ўзаро яқин бўла оладиларми? Яъни биз ҳам шундай қилишимиз мумкинми?!

Кўпчилик кечаси ухламай бедор бўлиб чиқгани учун икки ракат бомдод намозидан кейин-ла бошини ёстиғига қўйиб яна уйқуга кетади.

Бу бўлиб турган воқелик.

Эй дўстларим! Қоида бор унда шундай дейилади;

”Ким бир нарсани яхши кўрса ўша нарсани кўп эслайди”.

Ҳой дўстим! Сен Аллоҳни яхши кўрасанми ёки йўқми?

Агар Аллоҳ таолони яхши кўрсанг Унинг зикрини кўпайтиришинг лозим!

Агар Унинг зикрини қилмайдиган бўлсанг Аллоҳга қасамки сен Уни яхши кўрмас экансан.

Роббисини таниб кейин Уни яхши кўрмайдиган кишини одам деб бўладими?

Шундай одам топиладими? Шундай одамни учратиб бўладими?

Аллоҳни танидинг. Унинг бандаси эканингни ҳамда Унинг сенга кўрсатган мурувватлари ва кетма кет бераётган неъматларини билдинг. Шундай экан Уни яхши кўришинг керак. Яхши кўрсанг албатта Уни зикр қилишинг лозим.

 Имом Бутийнинг ушбу видео суҳбатидан эркин таржима қилинди.

 Абдуллоҳ Ғуломов

Страница 76 из 301

Янгиликлар

Top