muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 04 Март 2023 00:00

Тилимизга эҳтиёт бўлайлик!

Аксарият давраларда бўлиб қолсак, шу даврада бўлмаган кимнингдир ҳаётига доир мавзуда гап очилади.
Аллоҳ таоло бундай гуноҳ ишлардан огоҳ этиб шундай дейдики:
12. Эй иймон келтирганлар! Кўп гмонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир. (Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса, жосуслик, дейдилар. Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур.).

لَا خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِنْ نَجْوَاهُمْ إِلَّا مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلَاحٍ بَيْنَ النَّاسِ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَٰلِكَ ابْتِغَاءَ مَرْضَاتِ اللَّهِ فَسَوْفَ نُؤْتِيهِ أَجْرًا عَظِيمًا
114. Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз..
Бировнинг кийган кийими борми, минган автомашинасими ёки қилган данғиллама тўйими қизғин муҳокама қилинади. Билиб-билмай кимлардандир эшитган гапларимиз асосида ўзганинг ҳаётини муҳокама қиламиз. Яна ўзимизга таскин бериш мақсадида “Ғийбати эмас, сифати”, деб гапирган гапларимизни оқламоқчи бўламиз.
Икки кишининг боши бирикса, албатта, гап мавзуси “эшитдингизми?” деган сўзлар билан ўзгалар ҳаёти тўғрисида гап кетади. Гўёки, суҳбатлашишга бошқа мавзу йўқдек. Аслида биз гапирган гапларимиз ғийбат эканини биламиз, лекин буни тан олгимиз келмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ғийбатга шундай таъриф берганлар: “Биродаринг эшитса, хафа бўладиган хислатларни айтишинг ғийбатдир”. Саҳобалар: “Агар биз айтган хислат унда бўлса-чи?” деб сўрашганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: “Бор хислатларни айтсанг, ғийбат, йўқ хислатларни айтсанг, бўҳтондир”, деганлар.
Кишининг жисмидаги нуқсон билан айблаш ёки насл насабини, ҳаракатини, сўзларини, дин-у диёнати, дунёси, кийимлари, яшаш жойи, уловини камситиш ғийбат бўлади.
Қўл ҳаракати, кўз қисиш, ишора қилиш каби ҳоллар билан ҳам кишини мазаҳ қилиш мумкин эмас. Қуръони каримнинг “Ҳумаза” сураси 1-оятида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига “вайл” бўлсин”.
Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки, уларнинг камчиликларини қидирса, Аллоҳ таоло ўзининг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади”, дедилар.
Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам айтдилар: “Меърож кечаси баъзи инсонларнинг олдидан ўтдим, улар темир тирноқлари билан юзларини ва кўкракларини юлиб турганларини кўрдим. Жаброил алайҳиссалломдан уларнинг кимлигини сўраганимда, Жаброил: “Булар одамларнинг гўштини ейдиган, уларнинг иффат-номусларини тўкадиган одамлардир (яъни ғийбатчилардир)”, деди”.
Ғийбат қилган ё ғийбатга қулоқ солган киши гуноҳдан фориғ бўлиши учун Аллоҳ таолога чин дилдан тавба-истиғфор айтиб пушаймон бўлиши, қайта ғийбат қилмасликка аҳд қилиши зарур. Ғийбат қилган одамидан эса кечирим сўраб, унинг розилигини олиши, агар у оламдан ўтган бўлса, камбағал, етим-есирларга хайр-эҳсон улашиб, савобини унинг руҳониятига ҳадя қилиши керак.

ТИИ Модуль таълим тизими,

Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра”

жоме масжиди имом хатиби

Суфиев Жаъфархон

2023 йил 3 март куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасида  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Уйғун домла Ғафуров ҳамда Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов билим юртининг юқори курс талабалари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Мулоқот жараёнида мутасаддилар юртимизда таълим соҳасига берилаётган эътибор ва ёшларнинг илм олиши учун кенг қулайликлар яратилаётганини  алоҳида таъкидладилар. Ёшларнинг ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиш, ёшлик даврини ғанимат билиш ҳамда одоб-ахлоқ борасида барчага намуна бўлишга чақирдилар. Шунингдек, илм олиш йўлида муҳим тавсия ва тушунчаларни ҳам бериб ўтдилар. Мулоқот сўнгида талабалар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Бундан ташқари, идора вакиллари таълим муассасанинг ахборот-ресурс маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Ташриф давомида таълим муассасасининг фидойи устоз, ходимлари ва талабаларга Фахрий ёрлиқлар топширилди.

 

ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими

Пайғамбар алайҳиссалом масжидининг жануби-ғарбий қисмида минораларнинг энг қадимийси мавжуд бўлиб, тарихчилар «Марвоний» минораси деб атайдиган бу иншоот “Бобус Салом” деб ҳам номланади. Чунки пастки қисми квадрат, юқориси конус шаклига эга минора 740 йилдан буён Салом дарвозаси ёнида қад растлаб турибди.

Дунёдаги энг қадимий минора тарихан қурилиш ва бузилиш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш босқичларидан ўтган.

Боби Салом минораси халифа Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ даврида қурилган, кейин халифа Валид ибн Абдулмалик даврида Масжиди Набавийнинг қолган учта бурчагига ҳам минора қурилиб, Боби Салом минораси бошқаларига нисбатан  катталаштирилди.

Мана шу жануби-ғарбий минора “Марвоний номини олди, чунки у Марвон ибн Ҳакам, яъни Бани Умайя хонадонига туташ эди. Умавийлар сулоласи ҳукмронлиги тугагач, уларнинг уйи бузиб ташланди. Шу билан бирга халифа Сулаймон ибн Абдулмалик минорани ҳам бузишни буюрди ва Пайғамбар алайҳиссалом масжидида учта, жануби-шарқий, шимоли-шарқий ва шимоли-ғарбий томонида миноралар қолди.

Салом минораси бир неча аср ўтгач, яна 706 ҳижрий, 1306 мелодий йилда Мамлук султони Носир Муҳаммад ибн Қалавун даврида қайта қурилди.

Масжиди Набавийга “Боби Салом” дарвозаси орқали киришда, ўнг томонда жойлашган кичик эшик мазкур минора эшигидир.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари 

кафедраси катта ўқитувчиси

Пўлатхон Каттаев

2023 йил 2 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти тингловчилари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳамда ЎМИ раисининг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Уйғун домла Ғафуровлар қатнашди.
Тадбир Қуръон тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Сўнгра Ҳомиджон домла тингловчиларга бугун диний соҳада бўлаётган ислоҳотлар ҳақида маъруза қилиб, Юртбошимиз бошчилигида диний-маърифий йўналишда улкан ўзгаришлар бўлаётганига алоҳида урғу қаратди. Айниқса, диний таълим бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар эътиборга молик эканини қайд этди. Шунингдек, илм олиш ҳар бир мўмин учун фарз амал экани, бу йўлда умр ўтказган инсонлар кўплаб ажру савобларга эга бўлишини таъкидлади.
Мазмунли маърузадан сўнг тадбир мулоқот тарзида кечиб, Ҳомиджон домла ва Уйғун домла тингловчиларнинг касб доирасида ва ўз ҳаётига оид барча саволларига жавоб бердилар.
Тадбирдан сўнг Ҳазрати Имом мажмуасига зиёрат ташкил қилиниб, Усмон Мусҳафи, Каффол аш-Шоший мақбараси ҳам зиёрат қилинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Африканинг Гвинея давлатидаги “Ислом уйи” уюшмаси ҳамда “Тадқиқот ва таржима” маркази томонидан 4 йиллик ҳамкорликдан сўнг Қуръони каримнинг фула тилидаги таржимасининг электрон варианти чоп этилди.
Ушбу электрон вариант ҳозирда Қуръон энциклопедиясининг расмий веб-сайтида мавжуд бўлиб, у 23 тилга, жумладан, ҳауса ва суаҳили тилларига таржима қилинган.
Лойиҳа расмийларига кўра, Қуръонни фула тилига таржима қилиш қийин кечган, чунки таржимонлар китобнинг тили барча ўқувчилар учун тушунарли бўлишини таъминлаш керак эди. Шу боис имкон қадар Қуръон маънолари таржимасига ўта жиддий ёндашилди. Ушбу таржиманинг қоғоз нусхаси тез орада тақдим этилади.
Африкадаги фула тилида сўзлашувчилар Сенегал, Мавритания, Гамбия ва Ғарбий Малида яшайди. Бу тил Сенегалдаги иккинчи маҳаллий тил ва мамлакат аҳолисининг тахминан 22 фоизининг асосий тилидир.
Фула тили энг кенг тарқалган Aфрика тилларидан бири ҳисобланади. У бир неча асрлар олдин ёзила бошлаган, Aфрика ва хорижий таълим ҳамда илмий муассасалар унга эътибор қаратган. Фула тили ХХ асрнинг иккинчи ярмида уни ёзишнинг аҳамияти ортган, шу сабабли турли тил, маданият, диний, адабий ва бошқа соҳаларда юқори кўрсаткичга эришган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top