muslim.uz

muslim.uz

17 январь куни Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Малайзия пойтахти Қироллик полицияси раҳбари Азми бин Абу Қосим билан икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Музокаралар чоғида Малайзия томони Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, мамлакатда жиноий ҳуқуқбузарликлар, диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан батафсил таништирилди.
Малайзия томони Ўзбекистоннинг маърифат йўли билан радикаллашув, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш борасидаги, жумладан, ислом динининг асл қадриятларига нисбатан ёндашувларини юксак баҳолади. Мамлакат раҳбарияти томонидан Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлар зонасидан ўз фуқароларини ватанига қайтариш бўйича олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати алоҳида эътиборга лойиқлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, суҳбат давомида пойтахтда истиқомат қилаётган фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида элчихона ва Қироллик полицияси ўртасида амалий ҳамкорликни ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

6 та масжид фойдаланишга топширилди

Сўнгги йилларда Тошкент вилоятидаги “Облиқ”, “Хонобод”, “Эшонгузар”, “Қора¬хитой”, “Усмон ота”, “Омилхон-Эшон” жо¬ме масжидлари бинолари янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.

5 та “Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш” ўқув-курси очилди

Вилоятнинг Ангрен, Бекобод, Нураф¬шон, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарларида “Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш” ўқув-курслари фаолият юритмоқда.

Тошкент вилояти бош имом-хатиблари

Орифжон Йўлдошев мустақилликнинг дастлабки йилларидан 1996 йилгача, 1996–2000 йилларда Шермурод Дунг¬боев, 2000–2004 йилларда Илҳомжон Суннатуллаев, 2004–2014 йилларда Қур¬бонбой Турсунов, 2014–2020 йилларда Хайруллоҳ Турматов Тошкент вилояти бош имом-хатиби бўлган.
2020 йилдан буён Жасурбек домла Раупов вилоят бош имоми бўлиб ишлаб келяпти.

Вилоятдаги фаол имом-хатиблар:

Яҳёхон Бобохонов, Ангрен шаҳридаги “Қорабоғ” масжиди имоми; Ёқуб Бухар¬баев, Бекобод туманидаги “Чаноқ” масжиди имоми; Миродил Мирджалилов, Қиб¬рай туманидаги “Дўрмон” масжиди имо¬ми; Суннатилла Эрназаров, Олмалиқ шаҳридаги “Рамазони шариф” масжиди имоми; Абдулҳамид Маликов, Пискент ¬туманидаги “Пискент” масжиди имоми.

Ўз мухбиримиз

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳижрий 13 йил 21 жумодул охирдан 23 йил 26 зулҳижжагача, милодий ҳисобда 634 йил 21 августдан 644 йил 2 ноябргача мусулмонларга халифалик қилган[1].

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг халифа, мусулмонларнинг бош раҳбари сифатида олиб борган фаолияти намозга ўтиш, фатҳ ишларини бошқаришдангина иборат бўлмаган. У кишининг мақсади Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, шариат таълимотлари асосида, ҳаётнинг барча жабҳаларида намунали жамият қуришдан иборат эди.

Ислом аҳли пойтахти бўлмиш Мадинаи мунаввара шаҳрига савдогарлар карвони келиб тушди. Карвонда аёллар, ёш болалар ҳам бор эди. Халифа Умар ибн Хаттоб саҳобалардан Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга: “Карвондагиларни қўриқлашга вақтинг борми?” – дедилар. Икковлон кечаси билан карвондагиларни қўриқлаб, намоз ўқиб чиқишди. Умар розияллоҳу анҳу ёш боланинг йиғисини эшитиб, ўша томон бордилар ва унинг онасига: “Аллоҳдан қўрқ! Гўдагингга яхши қара!” – деб ортларига қайтдилар. Бола яна йиғлашда давом этди. Умар розияллоҳу анҳу яна унинг онаси олдига қайтиб келиб: “Аллоҳдан қўрқ! Гўдагингга яхшилик қил!” – деб: ортларига қайтдилар. Тун охирлаб қолганда яна боланинг йиғисини эшитган халифа ҳалиги онанинг олдига бориб: “Шўринг қурисин. Яхши она эмасга ўхшайсан. Кечаси билан ўғлинг тинчимади-я!?” – дедилар.

Қаршисида турган одам раҳбар эканини билмаган она худди қоровулга гапираётгандай: “Эй Аллоҳнинг бандаси, кечаси билан мени тинч қўймадинг. Ахир, мен уни кўкракдан ажратмоқчиман. У бўлса кўнмай, инжиқлик қиляпти”, – деди. “Нима учун?” – деб сўрадилар Умар розияллоҳу анҳу. “Чунки Умар фақат кўкракдан ажратилган болаларга нафақа тайин қилган”, – деди аёл. “Боланинг ёши қанчалик бўлди?” – дедилар Умар. “Фалон ойлик бўлди”, – деди аёл. Умар розияллоҳу анҳу: “Уни кўкракдан ажратишга шошилма”, – дедилар ва орқаларига қайтиб кетдилар. Сўнг халифа бориб, бомдод намозига имомликка ўтди. Намоздаги одамлар унинг йиғисидан қироатини ажрата олишмади. Бўлиб ўтган ҳодисадан қаттиқ таъсирланган халифа йиғлаб туриб намоз ўқир эди. Салом берганидан сўнг: “Умарнинг шўри қурисин! Мусулмонларнинг қанчадан-қанча болаларига зулм қилибди”, – деди ва жарчини чорлаб: “Болаларингизни кўкракдан ажратишга шошилманглар! Биз Исломда ҳар бир туғилган болага нафақа берамиз!” – деб жар солишга амр этди[2]. Бу ҳақда бошқа юртларга ҳам фармон юбордилар.

 

Хоразм вилояти, Шовот тумани Юсуф Ҳамадоний жоме масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев

 

 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ислом тарихи. –Тошкент: Hilol-nashr, 2018.Б  53

[2] Маҳмуд Шокир. Тарихи исломий. – Мактаби исломий, 1991.б 28

Жорий йилнинг 20 январь куни Тошкент шаҳри Чилонзор тумани “Абу Сахий” жоме масжиди янги имом-хатиб намозхонларга таништирилди. Ушбу маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов Тошкент шаҳридаги “Бўта бува” жоме масжиди имом-хатиби Зиёвуддин домла Мирсодиқов “Абу Сахий” жоме масжиди имом-хатиби вазифасига тайинланганини маълум қилди. 

 

Жалолиддин домла Ҳамроқулов Зиёвуддин домлага келгуси фаолиятларида куч-ғайрат ва катта муваффақиятлар тилади.

 

Масжид жамоаси томонидан янги имом-хатиб илиқ кутиб олинди.

 

Маълумот ўрнида, Зиёвуддин домла Мирсодиқов кўп йиллардан буён диний соҳада фаолият олиб боради. У Тошкент вилоятидаги “Турсунмат қори”, “Эски Тошкент”, Андижон вилоятидаги “Жиддаи Муборак”, Тошкент шаҳридаги "Юнусобод-Оқ тепа" каби жоме масжидларда имом-хатиб вазифаларида ишлаган. Шунингдек, “Саййид Муҳйиддин Махдум” ва “Кўкалдош” мадрасалари мудири вазифаларида меҳнат қилган. Айни пайтда Зиёвуддин домла Мирсодиқов “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси вазифасини бажарувчиси бўлиб ҳам фаолият юритмоқда. 

“Абу Сахий” жоме масжидининг аввалги имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи ва “Минор” жоме масжиди имом-хатиби вазифаларига тайинланган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Muslim.uz

 

Малайзия Миллий университети қошидаги Ислом цивилизацияси институтининг Интернет тармоғидаги веб-сайтида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Камола Ҳасанованинг “Муқаддас китобга муфассал шарҳ” номли мақоласи эълон қилинди.

Мақола Имом Бухорийнинг яқинда ўзбек тилида чоп этилган “Саҳиҳи Бухорий” асари шарҳи китоби ҳақида бўлиб, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби ҳамда пойтахтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилиши тарихи, улар фаолиятининг мақсад ва вазифалари баёни билан бошланган. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан буюк муҳаддис Имом Бухорий мақбарасини ободонлаштириш ҳамда зиёратгоҳини қайта тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар тилга олинган.  

“Янги нашрда “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг тўлиқ ва батафсил изоҳига эътибор қаратилган бўлиб, айрим ҳадисларга берилган шарҳлар юз саҳифага етган. Бу тақриз муҳаддислар султони ҳаёти ва фаолиятини, унинг энг ишончли ҳадислар тўпламини ҳар томонлама ўқиш ва ўрганиш, шунингдек, у ҳақида батафсил тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Уни яратишда юзлаб қўлёзмалар, тошбосма ва замонавий манбалардан фойдаланилган” дейилади мақолада. Айнан шу мазмундаги мақолани Туркиянинг SAHIPKIRAN стратегик тадқиқотлар маркази веб-сайти ҳам чоп этди. 2012 йилда Анқарада ташкил этилган марказ ички ва ташқи муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари устида иш олиб бориб, қатор халқаро лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.  

Мазкур марказнинг ахборот ресурси ушбу китоб ҳақида мақола эълон қилган бешинчи хорижий нашр ҳисобланади.  

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА

Янгиликлар

Top