muslim.uz

muslim.uz

Бир донишманд қўлига бўш кўзани олиб уни тошга тўлдирибди.

Сўнг шогирдларини чақириб, уларга биринчи саволини берибди: «Айтингчи, кўза тўлдими?» Шогирдлар: «Ҳа, тўла», дейишди. Шунда устоз қўлига нўхатли идишни олиб кўзага тўкди. Нўхат тошлар орасидаги бўш жойларга жойлашди. Устоз шогирдларига яна савол берди: «Энди кўзам тўлдими?» Шогирдлар яна кўза тўлганини айтишди.

Энди устоз қум тўла қутини олди-да, яна кўзага тўкди. Қум тош ва нўхатлар орасидан ўтиб бўш қолган жойларни эгаллади. Устоз яна ўша саволни бериб шогирдлари ўша жавобни қайтаришди.

Ниҳоят донишманд сувли идишни олиб уни яна ўша кўзага қуя бошлади. Идишдаги сув билан идиш тўлди. Буни кўрган шогирдлар кула бошладилар..

Устоз деди: «Бундан мен сизларга айтмоқчи бўлган ўгитим: кўза бу бизнинг ҳаётимиз, тошлар энг азиз бўлган кишиларимиз, оиламиз, соғлигимиз. Нўхат — бўлса ёқадиган, аммо жудаям муҳим бўлмаган нарсалар: яхши иш, данғиллама уй, машина, қимматбаҳо нарсалар. Қум эса, ҳамманинг ҳаётида тўла бўлган майда-чуйда нарсалардир.

Агар кўзани аввал қум билан тўлдирсанг, нўхат ва энг муҳими, тошларга жой қолмайди. Ҳаёт ҳам худди шундай: вақтингни бекорчи нарсаларга сарфласанг, энг асосийсига вақт қолмайди.

Яқинларингга, қариндошларингга эътибор қилинглар, бошқа ишларга вақт кейин ҳам топилаверади. Вақтингизни аввал тошга, сўнг қумга ажратинг.

Шу сўзларни айтиб донишманд ўрнидан турган эдики, шогирдлардан бири савол берди: «Сув нега керак эди?» Устоз ним табассум билан деди: «Мен кўзага сувни қўшишимдан мақсад: ҳаётда вақт қанчалик тиғиз бўлмасин, бекор вақт ҳам топилади», дейиш эди.

Ёқуб УМАР

ЎМИ Матбуот хизмати

Буюк Британия масжидларига глобал самарадорлик ва қулайлик стандартларига мувофиқ даражалаш йўлга қўйилди. Бу ҳақда IslamToday нашри маълум қилди.

Faith Associates консалтинг ташкилоти "Масжидларни стандартлаштириш белгилари" ташаббуси доирасида масжидларни бир қатор кўрсаткичлар бўйича баҳолашни йўлга қўйди. Мазкур лойиҳага мувофиқ масжидлар ўнта стандартга кўра баҳоланди:

- ходимларни танлаш;
- бошқарув сифати;
- молиявий бошқарув талаблари шулар жумласидандир. Бу талабларга жавоб берган масжидларга “беш юлдуз”ли даражаси берилди.

Бундан ташқари, ўнта номинация бўйича энг яхши масжидлар танланди. Масалан, «энг яхши хайрия лойиҳаси», «энг яхши яшил ташаббус» номинацияси кабилар.

"Масжидлар шунчаки ибодатхона эмас, таълим, хайрия ва бошқа ишлар амалга ошириладиган жойдир. Бутун дунёда масжидлар жамиятни бойитади, биз эса улардаги позитив меҳнатни қўллаб-қувватлашни истаймиз" – деди Faith Associates асосчиси.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин-мусулмон эркак ва аёл илм олиш учун интилиши лозимлиги ҳақида таълим берган эдилар. Замонавий илм-фанга мусулмон аёллар шундай ажойиб ҳисса қўшдиларки, уларнинг бу ишларини “лаббайка ё Расулуллоҳ!” деб айтиш мумкин. Мана улардан кашфиётлари дунё эътирофига сазовор бўлганлари:

Суйима Ғаниева Ўзбекистон Қаҳрамони, навоийшунос олима.

Суйима Ғаниева 1932 йил Тошкентда туғилган. Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг Шарқ факультетида таълим олган. 1956 йилдан ЎзФА Тил ва адабиёт институтида, Тошкент Давлат консерваториясида, 1993 йилдан Тошкент Давлат шарқшунослик институтида ишлаб келган. 

Олима адабиётшунослик, матншунослик ва таржимачилик соҳасида яратилгаи 20та китоб ва рисолалар, 300дан ортиқ мақола ва тақризлар муаллифи ҳисобланади.

Суйима Ғаниева Алишер Навоий асарларини нашрга тайёрлаган. Олима «Мажолис ун-нафоис»нинг илмий-танқидий матнини чоп эттиргач, «Навоий дастхати» китобини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этган. Алишер Навоий мукаммал асарлар тўплами (20 томлик)да у «Мажолис ун-нафоис», «Маҳбуб ул-қулуб», «Муншаот», «Вақфия», «Ҳамсат ул-мутаҳаййирин», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Назм ул-жавохир», «Муҳокамат ул-луғатайн» каби асарларни изоҳ ва таржималар билан нашрга тайёрланган.

Навоийнинг насрий меросини ўрганиш – Суйима Ғаниева илмий фаолиятининг энг салмоқли, энг намунали қисмини ташкил этган.

1999 йилда Суйима Ғаниева «Эл-юрт хизмати» ордени, 2008 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган. Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон қаҳрамони эди.

Суйима Ғаниева 2018 йилнинг 1 сентябрь куни вафот этди. У мумтоз Шарқ адабиёти бўйича дунёнинг нуфузли олималаридан эди.

 Оиша Элсафти, мисрлик Элсафти – Кембриж университетининг қашшоқ ва ривожланаётган давлатларда қўлланиладиган симсиз ҳисоблаш тармоқлари технологияси дастурчиси. “Менинг эътиқодим ушбу ишимга рағбатлантиради. Қуръони карим кишига ўзининг фаолияти ва имон-ишончи ҳақида тафаккур юритиш лозимлигини уқтиради. Бундай муносабат ҳар бир олим учун, жумладан, тушунчаларини математик ва мантиқий усулда ифода этадиган информатика соҳаси олимлари учун жуда ҳам муҳимдир”, дейди у.

Самина Шоҳ ҳиндистонлик. У  Нью Йоркдаги Thomson Reutersнинг етакчи илмий ходими. 2009 йилда ҳиндистонлик аёлларнинг техника соҳасидаги  ютуқлари танловида Google мукофотига сазовор бўлган. У сунъий ақл яратиш устида тадқиқот олиб боради. «Информатика билан шуғулланиш жону дилим. Бу менинг нарса ва ҳодисалар мантиғини англашимга ёрдам беради. Чунки бир қарашда тасодифий бўлиб туюлган ишларнинг моҳияти чуқурроқ ўрганилса, улар бир мукаммал тизим асосида юз берганига гувоҳ бўламиз...” дейди олима.

Ануших Ансари эронлик. У ўсмир ёшида АҚШга иммигрант бўлиб борган, Жорж Майсон университетини электроника ва ҳисоблаш машинаси бўйича битирган. Ансари 2006 йил космосдаги биринчи аёл-сайёҳ ва келиб чиқиши эронлик бўлган биринчи астронавт бўлди.

Хадижа Мухаммад Юсуф малайзиялик. Хадижа – микробиолог. У ҳозирги вақтда  Ньюкасла касаллигининг терапевтик ва диагностик реагентлари устида тадқиқот ишлари олиб бораётир. Ўлим билан ниҳоясига етадиган бу касалликка дунёдаги товуқларнинг барча турлари чалинган.

2005 Хадижа микробиология соҳасида Карл Финлай мукофоти билан тақдирланди. Хадижа фан инсониятга фойда келтиришига ишонади.

Амина Ғариб Факим маврикиялик. Ғариб – Маврикия президентлигига сайланган биринчи аёл. У Суррея университетини 1983 йил химия фани бўйича битириб  бакалавр босқичини олди. 1987 йил Эксетера университетида органик химия бўйича докторлик ишини ёқлаганидан сўнг юртига қайтади ва Маврикия университетига ишга жойлашади.

Ҳозирда у Маврикия ўсимликларининг тиббий ва озиқлик хусусиятларини ўрганмоқда. “Тадқиқот ишимдан кўзланган мақсад – диарея, дизентерия ва бошқа юқумли касалликларга ўсимликлардан инсон организми учун хавфсиз бўлган табиий дори-дармонлар яратиш ва маврикиялик, Ҳинд океани минтақаси ва Африка давлатлари болаларига ёрдам кўрсатишдан иборатдир”, дейди у.

Исмахон Элуафи марокколик. У генетика соҳаси бўйича Кордова университетида докторлик ишини ҳимоя қилган.  Исмахон фан ижобий ютуқларни қўлга киритиш ҳамда қашшоқлик ва камситишларнинг олдини олиш борасидаги қарорларга асос бўлиши керак деб ҳисоблайди.

Айни чоқда у сув етишмайдиган ерларда фермерларга ёрдам кўрсатишга ихтисослашган халқаро биотуз қишлоқ хўжалиги марказининг (шўр босган ерларда тузга чидамли дарахтлар ва озуқабоп ўсимликларни етиштириш технологияси) бош директори вазифасида фаолият юритмоқда.

Бина Шаҳин Сиддиқий покистонлик. Профессор Бина Шаҳин докторлик унвонини химия соҳаси бўйича Карачи университетида олган. У маҳаллий гиёҳлардан дори олиш устида тадқиқот олиб борган ва мамлакат тиббиёти ҳамда қишлоқ хўжалиги ривожига катта ҳисса қўшган.

Сиддиқий 250 га яқин илмий мақолалар эълон қилган ва кўплаб нуфузли мукофотлар билан тақдирланган. Улар сирасида химия бўйича ал-Хоразмий мукофоти ҳам бор.

Туркмани – суриялик астрофизик, Дамашқ университетининг электрон инженерлик факультетини тугатган. Шундан сўнг Швецияга келган. Бу ерда атрофизика соҳаси бўйича докторлик ишини ҳимоя қилган. Туркмани қуёш коронаси физикаси ва ҳисоблаш, кузатувлар ҳамда ҳисоблаш моделлари ёрдамида қуёш юзасида энергия чиқимининг динамикасини ўрганади. “Ҳаётимни эътиқодим асосида барпо этганман, инсонларни коинот ҳақида фикр юритишга даъват этган ояти карималар ҳақида кўп ўйлайман.

Ёшлигимда أَمَّنْ هُوَ قَانِتٌ آنَاء اللَّيْلِ سَاجِداً وَقَائِماً يَحْذَرُ الْآخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُوْلُوا الْأَلْبَابِ

Йўқса, у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Рабби раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?! Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?! деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар (Зумар, 9) оятини ўқиб ҳайратга тушган эдим. Илм ўрганганим сайин эътиқодим мустаҳкамланиб бормоқда” дейди суриялик астрофизик олима.

Ҳайат ал-Синди – маккалик биотехнолог. Синди Яқин Шарқ аёллари ичида биотехнология соҳасида биринчи бўлиб фан докторлигини қўлга киритган. Синди “Ҳамма учун ташсих” ташкилотининг таъсисчиларидан бири. Бу ташкилот камбағал давлатлар учун бир оз енгилроқ ташхис ускуналарини ишлаб чиқаради.

Олима бу лойиҳага кўплаб сармоядорларни жалб этди. Хусусан, Билл Гейтс 10 миллион доллар сармоя киритди. «Мен Кембрижда ўқишни бошлаган кезларимда бир машҳур олим менга “Сенинг бу ишларингдан ҳеч нарса чиқмайди. Чунки сен аёлсан ва дин фанга қарши туради”, деди. (ундан ҳайиққаним учун қайси дин? деб сўрай олмадим) Мен истардимки, дунёдаги барча аёллар ўзларига ишонсин ва мақсадлари йўлида собит қадам бўлсин”.

Марям ал-Мансурий – Бирлашган Араб Амирликларида илк бора уруш шароитида F-16 қирувчи самолётини бошқарган биринчи учувчи аёл. Марям “Ослом давлати” жангариларига қарши курашувчи аёлларнинг символига айланди ва уни “араб лочини” деб шарафлашдилар.  БАА Ҳарбий ҳаво кучлари майори Марям ал-Мансури оилада саккиз нафар ўғил-қизнинг биридир. У мактабни олий баҳога якунлаб БАА университетини ҳам инглиз тили мутахассислиги бўйича битирган.

Марям Мирзахоний эронлик. У – Стэнфордского университетида  математика фани бўйича профессорлик унвонига ёшлигида эришган олималардан бири саналади. Шунингдек, Марям – математика соҳаси бўйича энг олий мукофот – Филдсов мукофотини қўлга киритган биринчи аёлдир.

Маълумингизки, Нобель мукофоти математика фани олимларига берилмайди. Шунинг учун Филдсов мукофоти “Математикларнинг Нобель мукофоти” деб аталади. Мукофот ташкилий қўмитаси Марямнинг геометрия ва динамика системасига қўшган қимматли ҳиссаси учун уни ушбу олий мукофотга муносиб топди.

Марям Матар – Бирлашган Араб Амирликларида туғилиб тиббиёт мутахассиси бўлиб етишган. Матар врачлик фаолиятини Форс кўрфази давлатларида ўктир муаммолардан бири саналган генетик касалликларни даволашга бағишлаган. 2005 йил у Даун синдиромига қарши курашиш ассоциациясини ташкил этди. Ўша йили у БААдаги қон касалликлар устида олиб борган тадқиқотини якунлади. Дубай вақтли матбуоти Arabian Business Матарни 2012 йилда “БААнинг энг яхши давлат хизматчиси” деб атади. 2015  йилда эса у “Ислом дунёсининг илм-фан соҳасидаги энг нуфузли йигирма аёли”дан бири деб топилди.

Марям Матар асосчиси  ва бош диреткори бўлган “БААда даун синдиромига қарши кураш” ва “БААда генетик касалликларга қарши кураш” ассоциациялари 17 та давлатда ушбу касалликларга чалинган кишиларга ёрдам кўрсатиб келмоқда. 

Дания ал-Жабарий. 14 ёшли фаластинлик қиз Дания ал-Жабарий Сингапурда бўлиб ўтган Халқаро математика танлови ғолиби. Мусобақада 3000 нафар иштирокчи қиёслашга асосланган ҳисоблаш воситаларидан фойдаланган ҳолда миясида мураккаб сонлар ҳисобини амалга ошириши шарт қилиб қўйилган эди. Дания 8 дақиқада 230 та мураккаб математик мисолларни ечиб танлов ғолибига айланди. 14 ёшли фаластинлик қиз ўзининг мамлакатида ўтказилган математика олимпиадаларида бир неча бор ғолиб бўлган эди, деб ёзади Al-Arabiya ахборот агентлиги.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

Юртимизда турли соҳаларда бўлгани сингари диний-маърифий соҳада ҳам улкан ўзгаришлар бўлмоқда. Юртимиз мусулмонларининг Қуръони каримни ва уни ўрганиш тили бўлган араб тилидан таҳсил олишга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли ўрта махсус ислом билим юртларида пуллик курслар ташкил этилган эди.

Кеча, 11 сентябрь куни «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида «Қуръони Карим ва тажвид» курсларининг дастлабки босқичи машғулотлари якунланди.

Мазкур босқич тингловчиларига билим юрти томонидан «Қуръони Карим ва тажвид курси»ни якунлаганини тасдиқловчи сертификатлар топширилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

  1. Сабр қилувчиларга: “Аллоҳ таоло: “Мўмин бандаларимдан бирортасининг дунё аҳлидан бўлган севимли кишисини олиб қўйганимда савоб умидида сабр қилса, унинг мукофоти фақат жаннатдир”, деди” (Имом Бухорий ривояти).
  2. Ғазабини ичга ютувчиларга: “Кимки қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни уни чақириб бутун халойиқ олдида шаҳло кўзли ҳурлардан хоҳлаганини олишга ихтиёр беради” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

3). Масжидга муҳаббатли кишиларга: “Ким масжидга эрта бориб, кеч қайтса, ҳар бир эрта бориб, кеч қайтгани учун Аллоҳ унга жаннатда зиёфат тайёрлаб қўяди” (Муттафақун алайҳ).

4) Таомдан сўнг ҳамд айтувчиларга: “Бирор овқатни еб ҳамд айтган, бирор ичимлик ичиб ҳамд айтган бандасидан Аллоҳ таоло албатта рози бўлади” (Имом Муслим ривояти).

5) Яхшиликка далолат қилувчиларга: “Ким яхшиликка далолат қилса (йўналтирса), унга амал қилувчининг савобидек ажр ёзилади” (Имом Муслим ривояти).

6) Етимни қарамоғига олувчиларга: “Хоҳ ўзига қарашли, хоҳ бегона етимни ўз қарамоғига олган киши билан икковимиз жаннатда бирга бўламиз” (Имом Муслим ривояти).

7) Солиҳа аёлларга: “Қайси бир хотин вафот этса ва эри ундан рози бўлса, ўша хотин жаннатга киради” (Имом Термизий ривояти).

8) Зиёрат қилувчиларга: “Ким бирор касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи: “Пок бўлдинг, юришинг ҳам пок бўлди ва жаннатдан ўзинг учун жой тайёрлаб қўйдинг”, деб нидо қилади” (Имом Термизий ривояти).

9) Аллоҳ йўлида дўст тутинганларга: “Аллоҳ таоло Қиёмат куни: “Азаматим учун дўст бўлганлар қани? Бугун, Менинг соямдан бошқа соя йўқ кунда Ўз соям билан соялантираман”, дейди”. (Имом Муслим ривояти).

10) Камбағалларга: “Камбағаллар жаннатга бойлардан беш юз йил олдин киришади” (Имом Термизий ривояти).

11) Жанжални тарк этувчиларга:

12) Ёлғонни тарк этувчиларга:

13) Чиройли хулқ соҳибларига: “Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман” (Имом Абу Довуд ривояти).

14) Адолатли бошлиқларга: “Адолатли бўлган бошлиқлар учун Аллоҳ ҳузурида нурдан бўлган минбарлар бор. Яъни, у бошлиқлар ҳукм чиқаришда, ўз аҳллари ва қўл остидагиларга адолатли бўлишади” (Имом Муслим ривояти).

15) Кийинишда камтар бўлганларга: “Кимки кийинишга қодир бўла туриб, Аллоҳга тавозеъ қилган ҳолда (олий навли) либос кийишни тарк қилса, Аллоҳ таоло Қиёмат кунида халойиқнинг бошига чақириб, мўминлар (жаннатда) киядиган либоснинг хоҳлаганини танлаш ҳуқуқини беради” (Имом Термизий ривояти).

16) Майитнинг айбини яширувчиларга: “Ким бир ўликни ювиб, ундаги айбларни беркитса, Аллоҳ уни қирқ марта мағфират қилади” (Имом Ҳоким ривояти).

17) Жанозада қатнашувчиларга: “Ким иймон билан, савоб умидида бир мусулмон жанозасида қатнашса ҳамда жаноза намози ўқилгунича ва дафнидан фориғ бўлгунича турса,икки қийрот ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд мисличадир. Ким унга жаноза намози ўқиганидан кейин дафн қилинишидан олдин қайтса, у бир қийрот билан қайтади” (Имом Бухорий ривояти).

18) Қуръон соҳибига: “Қуръон соҳибига: қароат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади” ( Имом Абу Довуд ривояти).

19) Мукаммал таҳорат қилувчиларга: “Ким таҳорат олса ва таҳоратни мукаммал қилиб, сўнгра: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳу”, деса, унга жаннатнинг саккизта эшиги очилиб, хоҳлаганидан кираверади” (Имом Муслим ривояти).

20) Азон дуосини ўқувчиларга: “Ким азонни эшитганида: “Аллоҳумма! Робба ҳазиҳид-даъватит-таамма, вассолатил қоима, ати Муҳаммаданил-васийлата вал-фазийла. Вабъасҳу мақомам маҳмуданиллазий ваъадта”, деса, қиёмат куни унга шафоатим вожиб бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

21) Суннат намозларни мунтазам ўқувчиларга: “Бир мусулмон банда Аллоҳ таоло учун ҳар куни ўн икки ракаат фарздан ташқари ихтиёрий намоз ўқиса, Аллоҳ таоло у кишига жаннатда уй қуради ёки жаннатда уй қурилади” (Имом Муслим ривояти).

22) Саломни ёйгувчиларга:

23) Таом улашувчиларга:

24) Тунда намоз ўқувчиларга: “Эй инсонлар, саломни (таниган ва танимаганлар орасида) ёйинг. Овқат билан (камбағалларни) таомлантиринг. Кишилар ухлаганда тунда намоз ўқинг, жаннатга омон ҳолатда кирасизлар” (Имом Термизий ривояти).

25) Рўзадорларга: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш кузлик узоқ қилади” (Муттафақун алайҳ).

26) Ҳаж ва умра қилувчиларга: “Умра (кейинги) умрагача иккаласи орасидагиларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти эса фақат жаннатдир” (Муттафақун алайҳ)

27) Қарз берувчиларга: “Ким ночорга (қарзини тўлаш учун ) муҳлат берса ёки кечиб юборса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Аршидаги сояси остида соялантиради” (Имом Термизий ривояти)

28) Илм олувчиларга: “Ким илм талабида бир йўлга қадам қўйса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилади” (Имом Муслим ривояти).

29) Илм ўргатувчиларга: “Албатта Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки, уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар” (Имом Термизий ривояти).

30) Тилини ва фаржини сақловчиларга: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасини (сақлашга ) кафолат берса, унинг жаннатга киришига кафолат бераман” (Муттафақун алайҳ).

31) Ростгўй савдогарларга: “Ростгўй, омонатдор тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир” (Имом Термизий ривояти).

32) Хурсандчилик улашувчиларга: “Ким бир мусулмон оилага хурсандчилик киритса, Аллоҳ таоло мана шу киши учун жаннатдан бошқа мукофот бўлишига рози бўлмайди” (Имом Табароний ривояти).

33) Йўлдаги озорни четлатувчиларга: “Мусулмонларга йўл ўртасида озор бераётган дарахтни кесиб ташлаган бир кишининг жаннатда хузур-ҳаловат ила яшаётганини кўрдим” (Имом Муслим ривяоти).

34) Иффатлиларга: “Ким менга одамлардан бирор нарса сўрамайман, деб кафолат берса, мен унинг жаннатга киришига кафолат бераман” (Абу Довуд ривояти).

35) Тавозуъли ва мулойим кишиларга: “Дўзахга харом кишини ёки унга дўзах харом бўлган кишини сизларга хабарини берайми? У (биродарига ҳожат вақтида) яқин турадиган, тавозуъли ва мулойим кишилардир” (Имом Термизий ривояти).

36) Маййитларга: “Бир мусулмон банда вафот этса, унинг жанозасида Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмаган қирқ киши иштирок этса, Аллоҳ бу мусулмон ҳақидаги уларнинг шафоатларини қабул қилади” (Муттафақун алайҳ).

37) Зикр қилувчиларга: “Ким: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деса, у киши учун жаннатда бир хурмо экилади” (Имом Термизий ривояти).

38) Саловот айтувчиларга: “Сизларнинг жаннатда менга энг яқинларингиз, менга саловотни кўпроқ айтадиганларингиздир. Бас, ёруғ кеча ва нурли кунда менга саловот айтишни кўпайтиринглар” (Имом Байҳақий ривояти).

39) Аллоҳнинг розилигини истовчиларга: “Аллоҳ таоло Адн жаннатини яратган вақтида Жаброил алайҳиссаломни чақириб: “ Эй Жаброил, бандаларим ва авлиёларим учун яратиб қўйган адн жаннатига бор ва ундаги неъматларга назар сол”, деди. Жаброил алайҳиссалом у ерга бордилар. Жаннатни томоша қилиб турган вақтларида у ердаги қасрларнинг биридан бир хур чиқиб келди ва Жаброил алайҳиссаломга қараб табассум қилди. Шу пайт унинг тишидан таралган нурдан Адн жаннати янада нурафшон бўлиб кетди. Шунда Жаброил алайҳиссалом “Бу нур Роббул-иззатнинг нуридан бўлса керак”, деб ўйлаб бошларини саждага қўйган эдилар, ҳалиги хур: “Эй Аминуллоҳ, бошингизни кўтаринг”, деди. Жаброил алайҳиссалом бошларини кўтариб хурга қарадилар ва: “Сени яратган Зот покдир”, дея тасбеҳ айтдилар. Хур деди: “Эй Жаброил, Аллоҳ таоло мени ким учун яратганини биласизми?”. Жаброил алайҳиссалом: “Йўқ”, дедилар. Хур Айтдики: “Албатта мен Аллоҳнинг розилигини ҳавойи нафсидан устун қўйганлар учун яратилганман”.

(“Дақиқул ахбор фи зикрил жаннати ван нар”. Имом Абдурроҳим ибн Аҳмад ал-Қозий).

40) Силаи раҳмни боғловчиларга: “Ким умрини узун, ризқини кенг бўлишини ва ёмон ўлимдан қутулишни ҳоҳласа, қариндошлари билан алоқасини тикласин” (Имом Аҳмад ривояти).

Ёрбек ИСЛОМОВ,

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби

Янгиликлар

Top