muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 03 Сентябрь 2018 00:00

Хизматлардан миннатдормиз

Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсинки, ҳаж амалларини бажариб она-Ватанимизга қайтиш арафасида турибмиз. Ҳаж мавсуми пайтида давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитлардан, ташкилий ишлардан жуда ҳам мамнун бўлдик. Ишчи гуруҳи, шифокорлар, ошпазлар ва гуруҳ раҳбарларининг фидокорона хизматлари барчани бирдек қувонтирди. 

Биз ҳожи оналар тинч ва тобора гуркираб яшнаб бораётган озод ва обод Ўзбекистон дея аталмиш ватанда яшаётганимиз учун қалбимизда фахр ва ғурур туйғуларини ҳис этмоқдамиз. Бундай тартиб билан ташкил этилган зиёратлар фақат таҳсинга лойиқ. Ҳаммаси соат каби интизом ва тартиб билан бажарилди. Ишчи гуруҳининг жойлардаги ҳаракатлари, гуруҳбошиларнинг ибодатларимизга берган аҳамиятлари, шифокорларнинг маҳорати, ошпазларнинг таомлари, ҳаммаси ўз вақтида, жойида бўлди. Бунинг учун муҳтарам Президентимизга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Юртимиз тинч ва обод бўлсин, дея дуолар қиламиз.

Тошкент шаҳри 8-гуруҳи раҳбари Чўлпонов Шерзоднинг биз зиёратчиларга кўрсатган хизматларидан миннатдормиз, унинг илм савияси, араб тилида сўзлашиш қобилияти ва етакчилик маҳорати мақтовга сазовордир. Келгусида мана шундай ёш, иқтидорли ва ташаббускор гуруҳ раҳбарларини кўпайишини тилаб қоламиз, дея ўз сўзларини якунлади Тошкент шаҳри 8-гуруҳи ҳожилари номидан Ш.Одилова. 

Ҳожиларимизнинг мана шундай миннатдорлик мактублари келиши давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуддус муфтийси Муҳаммад Ҳусайн фаластинликларга мурожаат қилиб, саҳифалари етишмайдиган Қуръони Карим тарқалганидан огоҳлантирди. Бу ҳақда IslamToday’га таяниб Azon интернет нашри хабар бермоқда.

Муфтийнинг айтишича, мазкур нашр Мисрнинг Ал-Азҳар университети 2015 йилда берган изнга асосан Миср-Сурияни нашриётида чиқарилган. Унда тўртта саҳифа камлиги айтилмоқда: 192, 195, 196 ва 199.

Муҳаммад Ҳусайн кутубхоналар ва фуқаролардан саҳифалари нотўкис нашрни диний идорага топширишни сўради.

ЎМИ Матбуот хизмати

Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида 3 сентябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммити бўлиб ўтди. 

Унда ушбу тузилмага аъзо мамлакатлар – Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Республикаси Бош вазири Виктор Орбан анжуманда фахрий меҳмон сифатида қатнашди.

Давлатимиз раҳбари саммитда сўзлаган нутқида халқларимизни ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаб келаётгани, бугунги кунда Кенгашнинг сиёсий кун тартибида  ҳеч бир муаммо ёки келишмовчилик мавжуд эмаслигини қайд этди.

“Мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев. 

Президентимизнинг сиёсий иродаси, очиқ ва амалий ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиёда вазият ўзгарди, минтақа давлатлари ўртасида дўстона алоқалар мустаҳкамланди. 

Давлатимиз раҳбарининг Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон Президентлари билан учрашув ва мулоқотлари самарасида турли соҳалардаги ҳамкорлик янада ривожланди. Мамлакатимизнинг Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми охирги бир йилда 40 фоиздан зиёд ошган.

Ўзбекистон Президенти бу кўрсаткичлардан анча юқори марраларга эришиш мумкинлигини таъкидлаб, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга доир муҳим йўналишларга тўхталиб ўтди. 

Аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, етакчи саноат корхоналари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўртасида кооперация алоқаларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. 

Транспорт йўналишларининг интеграциялашган тармоғини яратиш,  дунё ва минтақадаги асосий бозорларга чиқиш масаласига эътибор қаратилди. Мамлакатларни инновацион асосда ривожлантириш, бу соҳага  масъул бўлган идоралар, илмий-тадқиқот марказлари ва венчур компаниялар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. 

Туризмни ривожлантириш бўйича улкан имкониятлар борлиги, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш халқларимизни янада яқинлаштириши қайд этилди. Шунингдек, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, ёш авлодни илм-маърифат асосида тарбиялаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар, аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни изчил ривожлантираётгани, ушбу халқаро тузилманинг келажагига катта умид ва ишонч билан қарашини таъкидлади. 

“Туркий кенгаш доирасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Ҳозирги босқичда унинг фаолиятида мамлакатимиз учун амалий жиҳатдан қизиқиш уйғотадиган йўналишлар бўйича иштирок этишга тайёрмиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига раислик Қирғизистон Республикасига ўтгани муносабати билан Президент Сооронбай Жээнбековни табриклади. 

 

манба: http://president.uz

 

Табиат – аждодларимиздан бизга қолдирилган мерос эмас, балки келгуси авлодларимиздан олинган қарзимиздир.

Гро Харлем Брундланд,

файласуф

 

Ҳаво

Уммон орти давлати мутахассислари атроф-муҳит, жумладан, сув ва ҳавонинг ифлосланиши урушлар, зўравонликлар, касалликлар, очарчиликлар ва бошқа табиий офатлардан кўра одамлар умрига кўпроқ зомин бўлаётганини ўрганиб, хулосаларини Lancet журналида эълон қилдилар.

Ушбу ҳисоботда баён қилинишича, ҳаво ифлосланиши сабабли юз бераётган ўлим сони кашандалик оқибатида юз берадиган ўлим миқдоридан бир ярим баробар; ОИТС, сил ва безгакдан уч баробар; урушларлардан 15 баробар юқори.

2015 йил ҳаво  ифлослангани боис тўққиз миллион одам кўз юмган. Бу тахминий ҳисоб, экспертларнинг фикрича, ҳақиқий миқёс балки икки баробардир. Негаки, барча мамлакатлар ривожланган мониторинг тизимига эга эмас ҳамда атроф-муҳитдаги барча заҳарли кимёвий моддаларнинг таъсирини кузатиб бориш имконсиз.

Тахмин этилишича, атмосферага ҳар йили 100 миллион тоннадан ортиқ углеводород чиқарилар экан. Шунинг 74 фоизи ривожланган давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

“Бугун Ер юзида содир бўлаётган кўплаб фалокат ва табиат инжиқликлари инсон фаолияти билан боғлиқ. Барқарор ривожланиш масалалари ғоят долзарб аҳамият касб этмоқда. Барқарор ривожланишни таъминлаш учун яқин йиллар ичида атмосферага чиқарилаётган ташланмалар миқдорини 90 фоизга камайтиришимиз даркор”, дейди голландиялик номдор олим, Вагенинген университети профессори, иқлим ўзгариши соҳасидаги тадқиқотлари учун Нобель мукофотига сазовор бўлган Рик Лиманс.

Табиатдаги ўзгаришларни кузатиб бораётган олимларни сайёрамиз атмосферасининг заҳарли моддалар билан ифлосланиши йил сайин кескин тус олаётгани тобора жадаллашиб бораётгани ташвишга солмоқда. Ҳозирги кунда Боку (Озарбайжон), Аддис-Абеба (Эфиопия), Мехико (Мексика), Антананариву (Мадагаскар), Дакка (Бангладеш), Катманду (Непал), Доруссалом (Танзания), Бағдод (Ироқ), Браззавиль (Конго), Мумбаи (Ҳиндистон) каби шаҳарлар ҳавоси шу қадар кўп ифлосландики, бу шаҳарларда яшаш ҳатто инсоннинг  ҳаёти учун хатарли деб айтаверса ҳам бўлади.

Ер юзида нефть, газ, кўмир ва кимё саноатидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланилаётгани боис глобал иқлим исиши, атмосферада иссиқлик газлари ниҳоятда кўп миқдорда тўпланиши юз бераётир. Натижада тоғларда захирага тўпланган муз қатламлари меъёридан ортиқ даражада эриб оқиб кетяпти. Бунинг оқибатида тоғлардаги ичимлик суви захиралари йилдан йилга камайиб бормоқда. Шунингдек, Антрактидадаги муз тоғлари ҳам эрий бошлади ва океанларнинг сувларини чучуклаштириб, муайян меъёрдаги шўр сувда яшашга мослашган денгиз флораси ва фаунасига хавф солиш баробарида денгиз бўйи давлатларига ҳам жиддий хатар туғдира бошлади.

Марҳум профессор Абдуқодир Эргашев домла “Оғунинг баҳоси қанча?” мақоласида ёзганидек, “Биз ҳаёт кечираётган атроф-муҳитни ифлослантирган кимёвий моддаларнинг тури тўрт миллиондан ортиқ. Улар орасида энг ёмони – инсон учун хатарлиси ксенобиотиклар, яъни табиатга ёт бўлган заҳри-қотил пестицидлардир. Қишлоқ хўжалик экинларини турли касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган гербицидлар, замбуруғларга, ҳашаротларга қарши ишлатиладиган кимёвий моддалар шулар сирасига киради. Ҳар йили ер юзининг 15 миллион квадрат километрга яқин майдони дориланади. Бунинг натижасида фақат ривожланаётган мамлакатларда 375 минг киши заҳарланиб, 10 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юммоқда. Бизда бундай маълумотлар йўқ. Аммо аҳвол анча мураккаблиги сир эмас... пестицидлар АЭСларнинг радиоактив чиқитлари хавфидан 9 баробар хавфли”.

Глобал иқлим ўзгариши натижасида қуруқ иқлимли минтақаларда ёғингарчилик камайиб қурғоқчилик кузатилаётган бўлса, серёғин ўлкаларга сув тошқинлари, тўфонлар зарар етказмоқда.

Ана шу ҳодисаларни кўрган одам бандалигига бориб: “Ё тавба, ана шу сув тошқинларидаги меъёридан ортиқ сувлар қурғоқчиликдан азият чекаётган ўлкаларга ёмғир бўлиб ёққанида қандай яхши бўларди”, деб ўйлайди. Аммо ўша тошқину тўфонлар, қурғоқчиликларга инсониятнинг ўзи сабабчи бўлаётгани хаёлига ҳам келмайди.

Бинобарин, табиат мутаносиблиги ўз-ўзидан бузилиб, атроф-муҳит ўзидан-ўзи ифлосланиб қолаётгани йўқ. Бунга биз, инсонларнинг табиатга очофатларча муносабатда бўлаётганимиз сабаб бўлмоқда. Аъроф сурасида: “Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг...” (56-оят), дея бандаларини огоҳлантирган Парвардигоримиз Рум сурасида: “Қилган амалларининг баъзисини тоттириш учун, одамлар қўллари касб қилган нарсалар туфайли қуруқликда-ю денгизда фасод зоҳир бўлди. Шоядки, улар қайтсалар” (41-оят), дея Одам алайҳиссалом авлодлари фожеаларининг асл сабабларини ҳам баён қилмоқда. Аммо бизнинг ақлимизга не бўлганки, очиқ-ойдин кўриб турган ҳақиқатга ҳам эргаша олмаяпмиз – ўзимизни, келажак авлодларимизни юз бериши муқаррар бўлган фалокатлардан асрашга уриниш ўрнига тобора ўша фалокат сари яқинлашиб боряпмиз!

Динимиз VII юзйилликда ер юзида фасод қилмаслик, ҳавони ифлос қилмаслик, ерни, сувни ва бошқа табиий бойликларни асраб-авайлашга амр қилган бўлса, 1382 йили Франция қироли Карл VI ҳавони ифлослантирмаслик масаласини қонунлаштирилган ва ҳавога “ёмон ҳидли, одамни нохуш қиладиган” тутун чиқарувчилар унинг давлатида жазога тортилган.

Ҳавонинг ифлосланиши шуниси билан хатарлики, ҳаво чегара билмайди. Демак, қайсидир минтақада юз берган ҳаво ифлосланиши ҳеч қандай тўсиқ билмасдан бошқа минтақаларга ҳам бемалол ўтиб бораверади. Масалан, Орол денгизи ўрнидан кўтарилган туз чанглари Антрактида музларини эритаётганини муболаға деб ўйлайсизми?.. Асло ундай эмас. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун юқоридаги ояти карималарни яна бир эслаб қўйсангиз кифоя.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

Понедельник, 03 Сентябрь 2018 00:00

Зангиота зиёратгоҳи

Зангиота зиёратгоҳи суфий шайх Ой Хўжанинг (XIV аср) қабри атрофида ташкил этилган ва Тошкентдан 15 км узоқликда жойлашган.

Зангиота (“қора ота”) – шайх терисининг ранги туфайли халқ орасида олган тахаллусидир. Бу буюк сўфий ҳаёт давридаёқ (XII аср охири – XIII аср бошлари) жуда машҳур бўлиб, келиб чиқиши таниқли араб уруғидан бўлган.

Ансамблнинг қурилиши 14-асрда соҳибқирон Амир Темур буйруғи билан бошланган. Мажмуа ҳам бутун Ўзбекистондан келувчи мусулмонлар учун зиёратгоҳ ҳам ҳисобланади.

Ёдгорлик мажмуасига мақбара, минора, масжид, Зангиотанинг рафиқаси Анбар Биби мақбараси жойлашган қабристон, шунингдек, катта ва чиройли боғга эга бўлган ҳовли киради.

Муқаддас авлиёга турли хил истаклар билан мурожаат қилишади ва ҳар бир киши Зангиота уни рўёбга чиқаришга ёрдам беради деб ишонади.

Манзил: Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Зангиота қўрғони

Кийиниш талаблари: Ўзбекистонда аёллар диний диққатга сазовор жойларни зиёрат қилишда тананинг очиқ қисмларини (елкалар, орқа ва оёқлар) ёпиб юриши мақсадга мувофиқ.

 

манба: http://tashkentnews.uz

Янгиликлар

Top