muslim.uz

muslim.uz

Саудия Арабистони қироли Яманда президент Абду Рабб Мансур Ходий томонида жанг қилиб ҳалок бўлган яманлик ва суданлик ҳарбийларнинг бир ярим минг нафар яқинларини ҳажга таклиф қилди. Бу ҳақда Islam.ru нашрига таяниб Azon интернет нашри хабар берди.

Ҳарбийларнинг оила аъзолари ҳаж мавсумида қиролнинг меҳмони бўлади.

Маълумки, Саудия Арабистони бошчилигидаги халқаро коалиция 2015 йилдан бери Яман ҳукуматини қўллаб-қувватлаб исёнчи хусийларга қарши операциялар ўтказиб келмоқда.

Аввалроқ, Ҳаж-2018 мавсуми доирасида 7200 нафар ўзбекистонликлар Саудия Арабистонига зиёрат учун бориши ҳамда уларнинг бир гуруҳи аллақачон муқадда шаҳарларга етиб боргани ҳақида хабар берган эдик.

ЎМИ Матбуот хизмати

Москва таълим департаменти шаҳардаги Ислом коллежига таълим фаолиятини амалга ошириши учун муддатсиз лицензия берди. Бу ҳақда таълим муассасаси ректори Марат Арсланов муфтий, шайх Равил Гайнутдин билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди.

Azon нашрининг ёзишича, Москва Ислом коллежи 2013 йилда дастлабки лицензияни олган, бироқ манзили ўзгаргани туфайли қайтадан лицензия олиши керак эди.

Учрашувда Марат Арсланов Ислом коллежининг фаолияти ва янги ўқув йилига тайёргарлик ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, яқинда янги талабаларни қабул қилиш бошланади. Тўлиқ ўрта таълимга эга бўлганлар бу ерда ўқиши мумкин эканлиги қайд этилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

29 июль куни Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги “Жавҳарат ал-Рашид” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги (САП) бош консули Сирожиддин Шамсутдинов ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан Мадина ислом университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан самимий мулоқот қилишди.
Учрашувда муфтий ҳазратлари бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчиликларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, хусусан, охирги икки йил давомида диний-маърифий соҳадаги кенг қамровли ўзгаришлар тўғрисида талабаларга гапириб бердилар. Айниқса, диёримизда диний ибодатларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани, катта қулайликлар ва енгилликлар ташкил этилгани ҳақида сўзладилар. Шунингдек, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, илмий мактаблар фаолияти ва диний таълим муассасаларида “Араб тили”, “Қуръони карим ва тажвид” каби йўналишларда ўқув курслари очилганини алоҳида қайд этдилар.
Сўзга чиққан нотиқлар давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан диний соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича жуда катта ишлар қилинаётганини билдириб, айниқса, муҳтарам Президентимиз томонларидан имзоланган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги тарихий Фармон барча мўмин-мусулмонларимизнинг кўнглини тоғдек кўтаргани, халқимиз томонидан катта хурсандчилик ила қарши олинганини изоҳладилар. Айниқса, Ўзбекистондаги халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари, илмий мактаблар ва “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Мулоқотда Ислом тинчлик ва маърифат дини экани, ҳар қандай зулм ва зўравонликка қарши туриши, ҳозирги мураккаб даврда барчани огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашга чорлаш юксак вазифа экани тўғрисида сўз юритилди.
Талабалар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Жумладан, улар хорижда таълим олганларнинг дипломларини нострификация қилиш, яъни хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида ушбу ҳужжатларнинг қонуний кучга эга эканига розилик бериш ишлари қандай кетаётгани ҳақидаги саволларига тўлиқ маълумотлар олишди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти "Экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги" қонунни имзолади. Бу ҳақда xs.uz интернет нашри хабар берди.

Унга кўра, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳокимиятни зўрлик ишлатиб эгаллашга ва унинг ваколатларини ўзлаштириб олишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга қаратилган ҳаракатларнинг ашаддий шакллари ифодаcи экстремизм саналади.

Қонуннинг яна бир жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикасида ташкилотни экстремистик ташкилот деб топиш суд тартибида амалга оширилади.

Ташкилот, агар унинг таркибий тузилмаларидан ҳеч бўлмаса биттаси (бўлинмаси, филиали ва ваколатхонаси) экстремистик фаолиятни амалга ошираётган бўлса, экстремистик ташкилот деб топилади.

Ташкилотни экстремистик ташкилот деб топиш тўғрисидаги ариза Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади.

Қайси ташкилотларга нисбатан суднинг уларни экстремистик ташкилот деб топиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уларнинг фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори мавжуд бўлса, ўша ташкилотларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Олий судининг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши лозим.

Бу қоиданинг эътиборли жиҳати шундаки, шу пайтга қадар экстремистик ташкилотлар рўйхатини кўпчилик билмас эди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, 31 июль куни Фарғона вилояти вакиллигида вилоят масжидлари имом-хатибларининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари иштирок этди.
Йиғилиш танқидий ва таҳлилий руҳда ўтди. Унда масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти ва диний-маърифий йўналишдаги қилинаётган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда ғоявий таҳдидларга қарши курашиш, нохолис хабарларга ўз вақтида, муносиб жавоб қайтариш ва юртимиздаги диний-маърифий ислоҳотларни нотўғри талқин қилишга йўл қўймаслик, уларни тўғри тушунтириш каби йўналишларда муҳим тавсиялар берилди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан замон билан ҳамнафас яшаш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва аҳоли имон-эътиқодини мустаҳкамлаш йўлида имом-домлаларни доимо фаолликка, ташаббус кўрсатишга даъват этилаётганларига алоҳида урғу қаратилди.

Юртимизда кечаётган жараёнлар, ислоҳотлар барча соҳа вакилларидан тезкорликни, меҳнатсеварликни, ўз ишига нисбатан фидокорликни талаб қилмоқда. Жумладан, бугунги ислоҳотлар имом-хатиблардан ҳам тезкор жараёнлардан ортда қолмасликни, замон билан ҳамнафас яшаш ва ишлашни тақозо этмоқда. Имом-домлаларимизнинг фаолият қамрови кенгайганини инобатга олсак, энди улар фақат масжидда ибодатларни адо этиб берувчи пешво ёки маърака-маросимларни ўтказиб берувчи мутасадди эмас, балки халқнинг дарду ташвишидан хабардор, уларни қийнаётган муаммоларни ўрнида ечишга кўмаклашувчи, инсонларни эзгуликка тарғиб қилиб, ёмонликдан қайтарувчи, чин маънода одамларнинг суянчиғи бўлиши лозимлиги ушбу йиғилишда таъкидланди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакили вазифасини бажарувчи Абдуллаев Убайдулло ўз хоҳишига кўра, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида кўп йиллардан буён меҳнат қилаётган Қодиров Салимжон Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимларига тайинланди.
Масжидлар имом-хатиблари янги бош имом-хатиб атрофида жипслашиб, Ислом дини таълимотларини тарғиб қилиш, ислоҳотларни аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ва мамлакатимиз барқарорлиги йўлида бир тану бир жон бўлиб хизмат қилишларини изҳор қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top