muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 16 май куни Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши Ақоид фани ўқитувчиси” кўрик-танловининг Республика босқичига старт берилди.

Тадбир анъанага кўра Куръони карим тиловати ва дуои-хайрлар билан бошланди. Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан тадбирни очиб берди.

Мазкур кўрик-танловда 3 та олий, 10 та ўрта махсус диний таълим муассасаларидан бир нафардан жами 13 нафар педагог-ўқитувчи иштирок этмоқда. Танлов иштирокчилари 4 та шарт бўйича ўзаро беллашади.

Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказидан тажрибали мутахассислари иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаб бориш учун ҳакамлар ҳайъати жалб қилинган. Шунингдек, Дин ишлари буйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарканд вилояти вакиллиги, Ҳадис илми мактабидан кузатувчилар жалб қилинган.

Танловни жонли эфирда кузатиб боринг: https://youtube.com/live/mL827CUjjrk?feature=share 

Бизни кузатиб боринг, кун давомида танлов натижалари бўйича тезкор маълумот бериб борамиз.

ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлик ва бўш вақтни тожирнинг сармоясига ўхшатганлар. Тожир кўп фойда олиши учун сармоясини бирор ишга тикиб, айлантиради. Агар у фойда ололмай сармоясини тугатиб қўйса, қанчалар зиёнга кирганини биласизми? Соғлик ва бўш вақт ҳам мусулмоннинг сармояси бўлиб, Аллоҳ бу иккаласини унга дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда берадиган ишларда қўллаши учун ато этган. Агар уларни беҳуда зое қилиб, бефойда ишларга сарфласа, катта зарар кўради.

Аксар инсонлар ҳаёт лаҳзаларидан унумли фойдаланишга эътибор бермай ғафлатда юрадилар. Ўйлайдиларки, соғлик давомли бўлади ва бўш вақт ҳар доим топилади. Ҳадис эса уларга бу қўрқинчли уйқудан уйғонинглар, дейди. Зеро, уйғонмасалар ҳеч бир фойда ололмай ҳасрат-надомат қилиб қоладиган кунга йўлиқадилар. Шайх Орифий айтади: “Вақтнинг ўтишига боқардим. Кеча кетидан кундуз, кундуз кетидан кеча келаверарди. Шу аснода умрим ҳам ўтаяпти”.

Пайғамбарлар инсониятга бу икки неъмат қўлдан кетишидан олдин уларнинг қадрига етишни ўргатиш учун юборилганлар. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: қаришингдан олдин ёшлигингни, бемор бўлишингдан олдин соғлигингни, камбағалликдан олдин бойлигингни, бандлигингдан олдин бўш вақтингни, ўлишингдан олдин тириклигингни” (Ибн Муборакнинг “Зуҳд ва Рақоиқ” китоби, “ат-Тахсийс ъала тоатиллаҳ” боби, 2-ҳадис).

Қарилик эшик қоқишидан олдин ёшлигингизни ғанимат билинг. У ҳолатда сизда агар хоҳласангиз тоғни уриб талқон қиладиган тўлиб-тошган куч-қувват, агар истасангиз юлдузларни қуча оладиган олий ҳиммат, агар хоҳласангиз қийинчиликни тан олмайдиган мардлик ва жасурлик бўлади. Қарилик келгач, ҳиммат пасаяди, қувват кетади. Энди сизни ҳаракатга ундовчи нарса топилмайди.

Бойлигингизни ғанимат билинг. Камбағаллик етиб банкрот бўлишингиздан олдин пулларингизни яхшилик ишларига ишлатинг. Зеро, мол-дунё келиб-кетувчи. Агар ундан охиратингиз йўлида фойдаланиб қолмасангиз, беҳуда йўқ бўлиб кетиб, афусланиб қоласиз.

Шайх Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ мавъизаларидан бирида бундай деганлар: “Дакка шаҳрида бир ҳоким вафот этди. Унинг бир ўғил ва бир қизи бор бўлиб, мерос иккаласига тегди. Иккала фарзанд такаббур ва исрофда бемисл эдилар. Бир марта бола гугурт ёққанди, унинг ҳиди ёқиб қолди. Бу унинг хоббисига айланди. У кетма-кет гугурт ёқиб, ҳидидан баҳра оларди. Бола шу йўсинда бойлигини тугатди. Қиз эса бир сафар бозорга чиқиб, мато сотиб олганди. Матони кесганда чиқадиган қайчининг овози унга ажиб туюлди. Бу иш унинг хоббисига айланиб, олдига матоларни йиғиб, қайчида кесарди ва ҳузурланарди. Шундай қилиб, қиз ҳам мол-мулкини тугатиб битирди. Ҳокимнинг икки меросхўри ҳеч вақоси йўқлигидан бозорда тиланчилик қилишга ўтди”.

Хулосаси шуки, бойлик ўрнини камбағаллик эгаллашидан олдин мол-дунёингизни яхши йўлларда ишлатиб, ундан фойдаланиб қолинг. Охират тижоратингиз сармояси бўлмиш ҳаётингизни ғанимат билинг.

 

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

асар ва мақолалари асосида

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади.

Саудия Арабистонининг “Ал-Йавм” марказий газетасида “Ўзбекистон билан диний, инсон ҳуқуқлари ва атом энергияси соҳасида Англашув меморандумлари имзоланди” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда таъкидланишича, мазкур ҳужжатлар Саудия Арабистони Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги ўртасида ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ўртасида имзоланган.
“Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳукумати ўртасида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Битим лойиҳасини муҳокама қилиш учун Саудия Арабистони энергетика вазири, Подшоҳ Абдуллоҳ номидаги атом ва қайта тикланадиган энергетика шаҳарчаси бошқарув кенгаши раиси ёки унинг ўринбосарига ўзбек томони билан музокара ўтказиш ваколатини берди”, деб ёзади “Ал-Йавм” газетаси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Инсонлар жамоаланиш бўйича иккига бўлинади. Раҳмоннинг жамоаси ва шайтон малайлари. Аллоҳ таолонинг жамоаси тарқоқ бўлиши асло мумкин эмас. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур» (Анъом сураси, 159-оят).

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Муовия розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир. Биргина фирқа бундан мустасно”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ўша бир тоифа ким, эй Аллоҳнинг Расули!” дейишди. У зот: “Жамоатдир”, дедилар. Сўнг қўшимча қилиб айтдилар: “Албатта, яқин орада шундай қавмлар келади, қутириш касали беморни қандай эгалласа, уларни ҳавои нафс худди шундай эгаллайди”, дедилар.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган нарсалари воқеликда содир бўлди. Ҳавои нафсга эргашиш кўпайди. Фирқалар, жамоалар кўпайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло:

«Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади» (Оли Имрон сураси, 103-оят), деб марҳамат қилади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: «“Ўзларингиздан олдингилар йўлига худди (камон ўқининг) патлари бир хил жойлашгани каби, изма-из эргашасизлар. Ҳатто улар зобб (эчкиэмар)нинг инига кирган бўлсалар, сизлар ҳам албатта кирасизлар. Саҳобалар айтишди: “Ё Расулуллоҳ! Яҳудийлар ва насороларми?” Пайғамбар алайҳиссалом: “Унда ким?” дедилар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Мўмин мўмин учун худди бир-бирини мустаҳкамлаб турувчи бино кабидир”.

Аммо бу ҳизблар-жамоалар ўзаро бир-бирларидан нафратдадирлар. Бир-бирларини таъна қиладилар, айблайдилар. Ҳатто бир киши: “Бу ҳизблар дин душманларининг ирода-истакларини, яъни умматни тафриқага солиш, хотирини паришон қилиш, оқибатда умматни заифлаштириш каби ишларни қилишяпти” деса, тўғри бўлади.

Хуллас, “Ҳизбут таҳрир” жамоаси қаттиқ адашган тоифалардан. “Ҳизбут таҳрир” пасткаш жамоа бўлиб, Урдунда пайдо бўлган. “Ихвонул муслимин”дан ажраб чиққан. “Ихвончилар” уларга бу йўлдан қайтишлари учун элчилар юборишган. Лекин улар қайтишдан бош тортишган. Уларнинг етакчиси Тақиюддин Набаҳоний эди.

Улар ақида масалаларида қуйидагиларни айтадилар: “Ақидавий ҳукм фақат ақлдан олинади. Агар самъий, яъни, нақлий далилдан олинса, у фақат қатъий далил бўлиши керак”.

Ҳизбчилар сафсата сотишга ўргатилган, динимизга мухолиф жамоадир.

Ҳизбчиларнинг етакчисидан: “Нима учун сизларда Қуръон ёдлатиладиган мадрасалар йўқ?” деб сўралганда, у бундай жавоб берган: “Мен дарвешлар етиштирмоқчи эмасман”.

Кўриб турганингиздек, илм, ахлоқ ва қалб тарбияси, зуҳд, тақвога сабаб бўлувчи илмлар улар учун қизиқ эмас. Фиқҳий масалаларда ҳам ҳадларидан ошишган. Масалан, уларнинг наздида эркак киши номаҳрам аёл билан қўл бериб кўришса, жоиз бўлади. Хуллас, “Ҳизбут таҳрир” адашган тоифалардан биридир.

Хулоса ўрнида шуни айтамизки: Ҳизбут-таҳрир” уламолари ўз таъвилларига одатда ҳеч бир ҳужжат келтирмайдилар. Минг­лаб саҳиҳ ҳадислар мавжуд бўла туриб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан аниқ ва саҳиҳ ривоятларни келтирмайдилар. На саҳобалардан, на тобеъинлардан ва на уларнинг атбоъларидан бирон асар тақдим этмайдилар. Барча Ислом уммати бирдек тан олган Аҳли сунна вал жамоа уламолари ижтиҳодларидан ва айтган сўзларидан мисол келтирмайдилар. Барча мусулмонларни бундай бузуқ тоифалардан узоқ бўлишга даъват этамиз

Муҳибуллоҳ Ҳудойбердиев Tўрақўрғон тумани бош имом-xатиби

11 ой бизни муштоқ этиб келган Рамазон ойи ҳам бир зумда бизларни тарк этиб кетди.

Вақф хайрия жамоат фонди томонидан мазкур ой давомида саховатпеша ҳомийлар билан ҳамкорликда кенг кўламли хайрия ишлари амалга оширилиб, минглаб ҳамюртларимизнинг қалбига қувонч улашилди.  

Жумладан:

– Республикамиз бўйлаб 1 673 та оилага 316миллион 45минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларитарқатилди;
– Моддий кўмакка муҳтож  216 нафар фуқароларга 345миллион 400 минг сўмлик пул маблағлари тақдим этилди;
– Юртимиз бўйлаб, 3000 га яқин ҳамюртларимиз учун ифторлик дастурхонлари ёзилди. 

Рамазон ойи давомида фонд ҳисоб рақамларига сахий ва қўли очиқ ҳамюртларимиз томонидан жами 2 миллиард 48 миллион 770 минг сўм маблағ келиб тушган бўлса, хайрия лойиҳалари учун жами 2 миллиард 446миллион 110 минг сўм сарфланди.

Шунингдек, муборак ой давомида диний таълим муассасалари талабалари учун “Закот акцияси” эълон қилиниб, ушбу лойиҳа доирасида фонднинг закот ҳисоб рақамига 1 миллиард 24 миллион 443 минг сўм маблағ келиб тушди. Мазкур маблағлар Рамазон ойи сўнгида мамлакатимизда фаолият юритаётган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 13 та диний таълим муассасаларининг 205 нафар закотга ҳақдор талабаларининг тўлов шартномалари учун сарфланди.

Бундан ташқари Рамазон ойида 250 дан ортиқ диний соҳа ходимларига жами 926 311 640 сўмлик моддий ёрдам ва рағбатлантириш мақсадида пул маблағлари хайрия қилинди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Рамазон ҳайити байрами муносабати билан, Фонд томонидан ҳомийлар иштирокида боқувчиси йўқ, етим, ногиронлиги бор бўлган  болажонлар ҳамда диний соҳа ходимларининг фарзандлари учун, Пойтахтимиздаги “Анҳор” боғида байрам тадбири ташкил этилди. Мазкур тадбир учун жами 216 миллион сўм сарфланди.

Улуғ ойда, Буюк Аллоҳ розилиги учун ночор ва ҳақдор инсонларнинг қалбига қувонч ва оилаларига яхшилик улашишда, биз билан ҳамкорлик қилган, кўмакчи бўлган, далолат қилган барча ҳамюртларимизга Аллоҳ таолодан ажр ва мукофотлар сўраб қоламиз! Аллоҳ таоло барчамизни Яхшилик қилишда бардавом қилиб, амалларимизни даргоҳида ҳусни қабул айласин!

 

Янгиликлар

Top