muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 09 Июль 2018 00:00

Йиғилишлар сайёр шаклда ўтмоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги жойларда масжидлар фаолиятини такомиллаштириш, имом-хатибларни руҳлантириш, мавжуд камчиликларни жойида ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари иштирокида бўлиб ўтадиган йиғилишларни сайёр шаклда ўтказишни жорий қилди.

Ўтган ҳафта Самарқанд шаҳридаги “Оби Раҳмат” жоме масжидида дастлабки сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.

Куннинг биринчи ярмида туман ва шаҳар бош имом-хатиблари Самарқанд шаҳридаги мавжуд масжидлар фаолияти билан танишдилар. Ютуқлар ва камчиликларни ўрганиб, хулосалар тўпладилар.

Куннинг иккинчи ярмида йиғилишнинг асосий қисми бошланди ва дастлаб бош имом-хатиблар томонидан ўрганиш хулосалари ўқиб эшиттирилди. Вилоят марказида жойлашган масжидлардан олиниб, туман масжидларида жорий қилиш мумкин бўлган намуналар хусусида сўз юритилди. Ўз навбатида аниқланган камчиликлар ҳам айтилиб, уларни бартараф этишга оид тавсиялар берилди.

Йиғилиш кун тартибидаги шу ва бошқа масалалар асосида давом эттирилди.

Сайёр йиғилишнинг навбатдаги бекати туман бош имом-хатибликлари томонга йўналтирилади.

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

 

Понедельник, 09 Июль 2018 00:00

Вақт қиличидан эҳтиёт бўлайлик

Вақт асрашимиз керак бўлган  энг қимматли неъмат. Биз эса уни беҳуда ўтказмоқдамиз.                                                                                  

Дунёга келган ҳар бир инсоннинг умри вақт давомида тўхтовсиз ўтиб боради. Бу дунёдан кетиш муддати етганда дунёни ташлаб кетишдан ўзга чора қолмайди. Кетиш вақти эса бугунми, эртами қачон келиши инсонга номаълум. Дунё ҳаёти бир кундек бўлиб ўтиб боради. Чунки кечаги кун ўтиб кетган кун, эртанги кун эса ҳали келмаган. Инсон амал қиладиган асосий кун эса бугунидир. Ҳикматли шеърда бу ҳақда шундай дейилган:

Ўтмиш ўтиб кетди, келажак орзу,

Шу турган онингга қилавер ружу.

Ўтаётган ҳар бир лаҳза инсон ҳаёти ва умрининг бир қисмидир. У қиёмат куни инсоннинг фойдасига ё зарарига гувоҳлик беради. Уламолар ўтаётган вақт ҳақида шундай деганлар: “Вақт бетараф бўлмайди, ё сенга қадрдон дўст ёки ашаддий рақиб бўлади”. Яъни ўтган вақт инсоннинг ё фойдаси, ё зарарига ҳужжат бўлади.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Бошланаётган ҳар бир кун шундай нидо қилади:Эй одам боласи, мен янги кунман, сенинг амалингга гувоҳман, мендан фойдаланиб қол, агар ўтиб кетсам, қиёмат кунигача қайтмайман.

Умрни қадр-қиммат ва нафисликда ҳеч нарса ила ўлчаб бўлмайди. Агар минг йилни беҳуда сарфлаб, сўнг тавба қилиб, сизга умрингизнинг охирида саодат насиб этса, абадул-абад жаннатда яшайсиз. Шунда (сиз учун) энг шарафли нарса охирги лаҳзадаги мана шу ҳаётингиз эканини биласиз. Вақт энг мукаммал неъматдир. Унда ҳеч қандай айб йўқ.  Айбдор ундан фойдаланмаётган инсоннинг ўзидир. Шунинг учун  вақтнинг қадрига етган зоҳид тобеинлардан бири Омир ибн Абду Қайсга бир киши: “Менга бирор нарса гапириб беринг”, деганида, унга: “Қуёшни ушлаб турсанг, гапириб бераман” (яъни, вақт тўхтовсиз ўтиб кетаверади. Ҳеч ортга қайтган эмас. Уни қўлдан бой берган одам ўзидан кўрсин. Энди уни тополмайди. Чунки, ҳар бир вақт ўз ҳақига эга. Кеча қилмаган ишимни бугун қилдим-ку, деган одам ўзини алдаяпти холос. Мен вақтимга хиёнат қилмайман. Хафа бўлма, вақтим йўқ.) деган эканлар.

Мўмин икки хавотир орасида бўлади: тез ўтиб кетган кеча ва ҳали келмаган эрта орасида, кечада Аллоҳ таолонинг нима қилганини (яъни ундан амалларини қабул этган ё этмаганини) билмайди, эртага Аллоҳ таолонинг нима ҳукм қилишини билмайди.

Шунга кўра, банда ўзи учун ўзидан фойдаланиб қолсин, охирати учун дунёсидан фойдаланиб қолсин, қаришидан олдин ёшлигидан фойдаланиб қолсин, ўлимидан олдин ҳаётидан фойдаланиб қолсин.

Шундай экан эй азизлар, соғлик, вақт, ақл... уларнинг ҳаммаси  бойлик. Уларнинг барчаси бахтли бўламан деган кишиларга бахт ва саодат калити. “Вақт қиличга ўхшайди, агар сен уни кесмасанг у сени кесади”.

Аллоҳ таоло барчамизни вақтнинг қадрига етадиган ва ундан тўғри фойдаланадиган кишилардан қилсин. Зеро, омонат умрнинг қадрига етадиган зотлар ўзларини ҳам, миллатларини ҳам, юртларини ҳам манфаатлардан маҳрум қилмайдилар. Ана ўшалар тўғриликда юрувчилардир. Аллоҳ таоло барчамизнинг оқибатларимизни хайрли қилсин.

 

Манбалар асосида Хўжаобод тумани

“Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби

Муҳаммадқуддус Абдулманнон тайёрлади

Понедельник, 09 Июль 2018 00:00

Сурилган тош учун мукофот

Хитойда ҳокимлардан бири асосий йўл устига катта тош қўйиб йўлни тўсиб қўйди. Тош яқинидаги дарахт ортига бир пойлоқчи қўйиб одамларнинг гапларини етказишни буюрди. Биринчи ўтган киши шаҳарнинг энг катта савдогари бўлди. Тошни кўриб, қовоғини чимирди. Тошни ким қўйдирганини билмаган ҳолда овозини балaнд қилиб танқид қила кетди. Тошни айланиб ўтиб, бу ишни қилганни жазолаш керак, шикоят қиламан, деб йўлида давом этиб кетди.

Иккинчи одам ўтди. У муҳандис эди. Савдогар каби бақир-чақир қилди. Лекин унинг овози бироз пастроқ эди.

Сўнгра ўзлари ҳақида гаплашиб келаётган учта дўст тош олдида тўхтади. Йўл устига тош қўйган одамни тентак, аҳмоқ, эсипаст, деб ҳақорат қилишди… Сўнг уйларига қайтдилар. Орадан икки кун ўтди. Иттифоқо, шу йўлдан бир оддий деҳқон ўтиб қолди. Тошни кўрди-ю, бирор оғиз гап айтмади. Енгини шимариб, атрофдаги одамларни ёрдамга чақириб тошни бир чеккага суриб қўйишди. Қарасалар, тош тагида ковланган чуқурда сандиқ турибди. Сандиқ ичида бир бўлак олтин турарди. Унинг ёнида парча қоғозга ушбу сатрлар ёзиб қўйилганди: «Ҳокимдан ушбу тошни четга олган кишига! Бу мукофот мушкул ишни шикоят қилмай, ижобий ёндашган киши учундир.

Ибрат:

Динимизда одамларга халал берадиган нарсаларни йўлдан олган кишиларга тиллодан ҳам қиммат нарса ваъда қилинган. Йўлдан азиятни кетказиш имон белгиларидандир. Лекин бу бойликдан шикоят қилувчилар ундан маҳрумдир.

 

Муҳаммадқуддус АБДУҲАЛИМОВ,

 «Етти Чинор» жоме масжиди ноиби имоми

Аввал хабар қилганимиздек, муҳтарам юртбошимиз Ш.Мирзиёев қарори билан таъсис этилган Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг илмий ходимларидан иборат делегация аъзолари айни пайтда Туркиянинг ИСАМ (Ислом тадқиқотлари маркази)да “Xалқаро қўлёзма асарларни таҳқиқ қилиш курслари”да иштирок этишмоқда.
5 июль куни мазкур делегация аъзолари ИСАМ раҳбари, ҳадис илми доктори, профессор Рашид Кючук қабулида бўлдилар. Суҳбат давомида ИСАМ раҳбари Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда аждодларимиздан бебаҳо илмий мерос бўлиб қолган ноёб қўлёзма асарларни тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади.
Бундан ташқари, юртбошимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказларининг очилиши дунё ҳамжамияти, хусусан, мусулмон олами олимлари томонидан хурсандчилик билан қабул қилингани ва бу марказларнинг ислом илмлари ривожи учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.
Рашид Кючук талабалик кезларида Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари ва унга ёзилган шарҳларни тўлиқ ўқиб чиққанини ёдга олиб, буюк аждодимиз шахсияти ҳали жуда кўп ўрганилиши лозимлигига алоҳида урғу берди. Шу билан бирга, ИСАМ раҳбари асрлар давомида Туркияда ҳам Марказий Осиёда ҳам фиқҳий масалаларда ҳанафийлик, эътиқод борасида мотуридийлик таълимотининг кенг ёйилгани биродар халқларимимни янада яқинлаштириши, айни дамда мусулмонларнинг турли экстремистик ва террорчи гуруҳларга қўшилиб қолишининг олдини олишда мазкур марказлар юксак аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Музокара давомида Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан тайёрланиб, чоп этилган китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди.
ИСАМ раҳбари Ўзбекистон илмий тадқиқотчилари учун мазкур марказнинг эшиклари ҳар доим очиқлиги ва бу йўлда барча мавжуд имкониятларни ишга солишга тайёрлигини изҳор этиб, яқин кунларда алломалар юрти бўлган Ўзбекистонга бориш истагида эканлигини билдирди.
Маълумот учун, Туркиянинг жаҳонга машҳур İSAM (Ислом тадқиқотлари маркази) ташкилоти 1988 йилда Туркия Диёнат вақфи такилоти ташаббуси билан ташкил этилган. Марказ қошида Туркиядаги энг катта исломшунослик кутубхонаси мавжуд бўлиб, унда босма ҳужжатлар ва махсус коллекциялар орқали жамланган ҳадис, тафсир, фиқҳ, калом ва исломга оид 350.000 нусхада китоб ва 135.000 нусхада журналлар тўплами жамланган. Бундан ташқари, кутубхонада Усмонли империясининг тарихи, адабиёти ва маданияти билан боғлиқ монографиялар ва бошқа илмий асарлар ҳам сақланади.
Марказ кутубхонасида рақамли китоблар тўпламларидан иборат маълумотлар базаси ҳам ташкил этилган бўлиб, унда Туркиядаги 122 та кутубхонадан жамланган 709 000 та қўлёзма, тошбосма ва босма асарлар ўрин олган.
Ҳозирда ISAM томонидан ислом тарихи, маданияти, цивилизациясини илмий ўрганиш, маҳаллий ва хорижий илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
ИСАМ томонидан йўлга қўйилган лойиҳалардан бири бу − “Халқаро таҳқиқ курслари” ҳисобланади. Мазкур курсларнинг ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсад − илмий тадқиқотчиларда араб тилидаги ноёб қўлёзмаларни ўрганиш кўникмасини яратишдан иборат. Ҳар йили эълон қилиниб, уч босқич (бошланғич, юқори савия, тахассус)да амалга ошириладиган курсларда 2012 йилдан бери дунё бўйича 500 га яқин киши қатнашган. Ўқув курслари мусулмон оламида мазкур соҳа бўйича тан олинган машҳур профессор-устозлар томонидан тўлиқ араб тилида олиб борилади.



Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат бор. Ким унга амал қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осон, аммо унга амал қиладиган оздир.

БИРИНЧИСИ, ҳар бир намоздан сўнг 10 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади, 10 марта Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтади ва 10 марта такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Бир кунда 150 та, тарозида эса 1500 та бўлади.

ИККИНЧИСИ, қачон ухлашга ётса, 34 марта такбир (Аллоҳу акбар), 33 марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва 33 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади. Жами 100 та, тарозида 1000 та бўлади”, дедилар.

Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ё Аллоҳнинг Расули! Нега осон бўлган бу амалларга амал қиладиганлар оз?” деб сўрашди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу амални қилмоқчи бўлганнинг олдига шайтон намозда келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади. Уйқуга ётганида эса, уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга тавфиқ ато этсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Янгиликлар

Top