Ўзбекистон янгиликлари

Зиёратчилар ҳаждан аввалги  жума намозини адо этдилар

 

17 август куни Маккаи мукаррамада ҳаж амалларини адо этишга ҳозирлик кўраётган юртдошларимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида ҳаждан аввалги жума намозини адо этдилар. Макка шаҳридаги ҳавонинг иссиқлиги, Ҳарами шарифдаги издихом ва зиёратчилар саломатлигини эҳтиёт қилиш мақсадида, ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган муҳташам “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасининг 5 та залида жума намозини адо этиш учун шароитлар ҳозирланди ва жума намози адо этилди.

Муфтий ҳазратлари жума маърузаларида қуйидаги панду насиҳатларга алоҳида урғу қаратиб, жумладан шундай дедилар:

– Ҳар бир зиёратчи ҳажнинг одобларига амал қилган ҳолда, ёмон сўзлардан, фисқу-фасод ишлардан, талашиб-тортишишдан сақланса, иншоаллоҳ, унинг ҳаж амаллари Ҳақ таборака ва таолонинг даргоҳида қабул бўлади. Ушбу банда ҳудди онадан янги туғилгандек, гуноҳдан пок бўлади ва юртига мана шундай ҳолатда қайтади.

Худо насиб этса, эртадан кейин ҳижрий зулҳижжа ойининг саккизинчи куни зиёратчиларимиз меҳмонхонадан Мино водийсига талбия айтиб йўл олишади. У ерда Арафа кунининг бомдод намозигача ибодату илтижолар, зикру тасбеҳлар ила машғул бўлишади. Арафа куни бомдоддан кейин зиёратчиларимиз Мино водийсидан автобусларга ўтириб Арафот водийсига йўл олишади. У ерда то қуёш ботгунга қадар қалбларининг энг тўридаги дуою илтижоларини қилишади, қўлларига тасбеҳларни олиб “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллоҳ”, “Аллоҳу акбар”, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” ва “Астағфируллоҳ” калималарини зикр қилишади, уламоларимиз ва имом-домлаларимизнинг ваъзу иршодларини эшитишади. Мана шундай файзли онларда фаришталар Арафот водийсида жам бўлади. Шунда Аллоҳ таборака ва таоло фаришталаридан “ушбу бандаларим нимани исташяпти”, деб сўрайди. Шунда улар “Ё Парвардигор, ўзинг билганинг ҳолда биздан ҳужжат-далил учун сўраяпсанми, улар аввало сенинг ризоингни исташяпти, ота-оталари, фарзанду аржумандлари, юртлари, юрт раҳбарлари ҳаққига дуо қилишмоқда”, дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй фаришталарим, сизлар гувоҳ бўлинглар ушбу водийдаги барча бандларимнинг дуоларини қабул қилдим, гуноҳларини мағфират этдим”, дейди. Мана шундай дуолар мустажоб бўлиб, гуноҳдан пок бўлган ҳолда юртга қайтиш жуда ҳам чиройли иш ва гўзал хотимадир...

Зиёратчиларимиз мана шундай шарт-шароитлар ва хушхабарлар шукронасини қилиб, ибодат ҳаловатини тотиб, юртимиз, муҳтарам Президентимиз, халқимиз ҳаққига дуои хайрлар қилишди, бу нақадар улкан бахт эканини юрак-юракдан ҳис этдилар.

Шунингдек, шу кунларда мамлакатимизда давлатимиз Раҳбари таклифига биноан давлат ташрифи билан бўлиб турган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон жанобларининг сафарлари самарали бўлишини сўраб дуолар қилишди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3628 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top