Ўзбекистон янгиликлари

Вакилларимиз хабар беради:  Самарқанд вилояти жоме масжидларида ҳайит намози ўқилди
  1. ИБОДАТЛАРИМИЗНИ МАҚБУЛ АЙЛАСИН

 

2018 йил 21 август. Мусулмон олами бу кунда ислом динидаги энг буюк байрамлардан бири – Қурбон ҳайити байрамини нишонладилар.

Эрта тонгдан опа-сингилларимиз кўчаларга сув сепиб маҳаллаларимиз файзига файз қўшдилар. Ибодатга отланган намозхонлар қалбларида ўзгача шукуҳ, хурсандчилик ила масжидларимизни обод этдилар.

Бугун Самарқанд вилояти жоме масжидларида ҳайит намози ўқилди. Ибодат давомида имом домлаларимиз халқимизни шукроналик, эзгуликка чорладилар. Тинчликни қадрлаш, ён-атрофда бўлаётган ҳодисаларга теран назар билан қараш, бепарволик ва лоқайдликдан йироқлашишга чақирдилар. Юрт ривожи, халқ фаровонлигига дахлдорлик ҳисси билан яшаш лозимлигини яна бир бор эслатдилар.

“Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида истиқомат қилаётганлар, жойлардаги меҳр-мурувватга, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожлар ҳолидан хабар олинди. Уларга кўплаб, моддий-маънавий ёрдамлар кўрсатилди.

Қўллар дуога очилди, Юртбошимиз бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларга Яратгандан ривож сўралди, ёш авлоднинг камол топиши, диёримиз ҳамиша омонликда бўлиши, кундан кунга ривож топиб, халқимиз фаровонлиги зиёда бўлиши сўраб қолинди.

Ушбу кунда қилинган ибодатларни даргоҳида мақбул, дуоларимизни мустажоб айласин.

 

 

ЎМИ матбуот хизмати

 

3274 марта ўқилди

Янгиликлар

Top