Ўзбекистон янгиликлари

Маккаи мукаррамада муфтий ҳазрат бошчиликларида жума намози адо этилди

Бугун, 24 август куни Маккаи мукаррамада ҳаж амалларини бажариб бўлган юртдошларимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида жума намозини адо этдилар.
Макка шаҳридаги ҳавонинг иссиқлиги ва Ҳарами шарифдаги издихом туфайли ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган муҳташам “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасининг 5 та залида жума намозини адо этиш учун қулай шарт-шароитлар ҳозирланди ва зиёратчиларимиз жума намозини адо этдилар.


Муфтий ҳазратлари ҳар бир зиёратчини ҳаж амалларини адо этиб бўлганлари ва ҳожилик мақомини қўлга киритганлари билан қутладилар. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдир”, деган ҳадисларининг мазмун-моҳиятини шарҳлаб, ҳар бир зиёратчини мана шундай улуғ мақомга муносиб бўлишини тиладилар.

Мамлакатимиздаги 32 миллион аҳоли орасидан сараланиб келган ва муқаддас заминда ҳаж ибодатини адо этган юртдошларимизни Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга намуна кўрсатишга, ёшларни фидойи ва ватанпарвар этиб тарбиялашга, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлашдек савоб ишларда бор куч-ғайратларини сарфлашга даъват этдилар.


Жума намози сўнггида ҳожиларимиз муҳтарам Президентимиз ҳамиша омон, юртимиз тинч, турмушимиз янада фаровон бўлишини Ҳақ таборака ва таолодан илтижо қилиб сўрадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3497 марта ўқилди

Янгиликлар

Top