Ўзбекистон янгиликлари

Вазир Афғонистон президентига Шавкат Мирзиёевнинг ҳайит табригини етказди

2018 йилнинг 27 август куни Қобул шаҳрига амалий ташриф билан борган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Вазир Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номидан Афғонистон раҳбариятини дунё мусулмонларининг муҳим байрами — Қурбон ҳайити муносабати билан яна бир бор самимий табриклади ҳамда бутун биродар афғон халқига тинчлик ва фаровонлик тилакларини етказиб қўйди.

Бўлиб ўтган суҳбат чоғида 2018 йил 27 март куни Афғонистон бўйича халқаро конференцияда қабул қилинган Тошкент декларациясининг асосий қоидалари амалга оширилишининг бориши эътибор марказида бўлди. Жумладан, Афғонистонда тинч сиёсий жараёнга кўмаклашиш бўйича ўзаро келишилган чоралар муҳокама қилинди.

Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, аввало олий даражадаги мунтазам Ўзбекистон—Афғонистон музокаралари доирасида эришилган келишувларнинг бажарилиши ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, томонларнинг темир йўл ва энергетика соҳалари бўйича мутахассислари «Мозори-Шариф—Ҳирот» темир йўл линияси ҳамда «Сурхон—Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ баъзи муҳим масалаларни муҳокама қилди.

Томонлар халқаро ва минтақавий кун тартибининг бошқа мавзуларини ҳам кўриб чиқди.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон делегацияси Кобул шаҳрида Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Муҳиб, Ижроия ҳокимияти раҳбари Абдулла Абдулла ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Носир Андиша билан музокаралар ўтказди.

ЎМИ Матбуот хизмати

3038 марта ўқилди

Янгиликлар

Top