Ўзбекистон янгиликлари

Макка шаҳрида ҳам Мустақиллик байрами нишонланди

Бугун, 31 август куни ўзбекистонлик ҳожилар жойлашган Макка шаҳридаги муҳташам «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантанали маросим Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси билан бошланди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан муҳтарам Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Табрикда келтирилган давлатимиз Раҳбарининг «Сиз, азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган бу қутлуғ санада халқимиз қандай машаққатли ва айни вақтда шарафли йўлни босиб ўтганини яна бир бор чуқур ҳис этамиз», деган сўзлари табаррук заминда улуғ ибодатларни адо этиб бўлган фуқароларимизни беҳад қувонтириб юборди.


Табаррук ёшдаги ҳожи отахону онахонларимиз муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қаторида муборак ҳаж сафарини намунали ўтказиш борасида бир қатор хайрли ислоҳотлар амалга оширилаётганини сўзлаб, ҳаж қилувчилар учун ташкил этилган шарт-шароитлар йилда-йилга яхшиланиб бораётганини мамнуният билан тилга олдилар. Улар муҳтарам Юртбошимиз, она-Ватанимиз ва фидокор халқимиз ҳаққига кўпдан-кўп хайрли дуолар қилдилар.
Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати раҳбари Усома Тошқандий жаноблари зиёратчиларимизни истиқлол байрами билан муборакбод этиб, Ўзбекистон диёрини бундан-да равнақ топишини тилади.


Байрам тадбирида эҳсон дастурхони ёзилиб, зиёратчиларга ширинликлар ва тансиқ таомлар тортилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3646 марта ўқилди

Янгиликлар

Top