Ўзбекистон янгиликлари

Нуриймон Абулҳасан Масжид ул-Ҳаромнинг имоми, асли Ўзбекистонлик шайх Ҳасан ал-Бухорий билан учрашди
Бу йилги Ҳаж мавсуми хушхабарларга бой бўлди. Аждодларимиз томонидан қолдирилган қатор қўлёзмаларнинг юртга қайтарилиш жараёнининг бошланиши, шайх Саид Бекдошнинг Ўзбекистонга таклиф этилиши ва улар томонидан нашрга тайёрланган Бурҳониддин Марғиноний қаламига мансуб “Ҳидоя” асарининг юртимизда чоп этилиши юзасидан келишувга эришилиши, Мовароуннаҳр вақфлари қўмитаси раиси билан олиб борилган музокаралар ва бошқа хайрли ишлар халқимиз қалбига улкан қувонч олиб кирди.
 
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари, “Ҳаж-2018“ мавсумининг ишчи гуруҳ раҳбари Нуриймон Абулҳасан Масжид ул-Ҳаром имомларидан бири асли андижонлик, шайх Ҳасан ал-Бухорий билан учрашди. 
 
Шайх меҳмонларни юксак эҳтиром билан кутиб олиб, “Аждодларим Ватани Ўзбекистонни ҳали зиёрат қилолмаган бўлсам-да, ундаги ўзгаришлардан хабардорман”, деб таъкидлаб ўтди. Хусусан, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган Қуръон мусобақаси тадбиридан мамнун эканлиги, мусобақа ташкилотчилари ва иштирокчиларининг ишларини юқори баҳоланиши, албатта уларнинг ҳақларига дуолар қилишини айтди. 
 
Бундан ташқари, Масжид ул-Ҳаром имом-хатиби шайх Файсал Ғаззавий ҳам уламолар юрти, дея танилган Ўзбекистонлик меҳмонларни юксак эҳтиром билан ўз хонадонига таклиф этди. Шайх хонадонидаги суҳбат аждодларимизнинг ҳаёти ва ижоди, тарихимизнинг ислом ва араб дунёсига таъсири ҳамда Ўзбекистондаги ўзгаришлар ҳақида бўлди. Айниқса, Ўзбекистонда ҳадис марказига асос солинаётгани шайх Файсални жуда ҳам қувонтирди.
 
“Буюк аждодлар юрти ислом оламида ўзининг олдинги юксак мавқеига қайтиши учун икки нуқтага эътибор қаратмоғи лозим: таълим ва тарбияга. Бу иккиси икки қанотдек бўлиб, бирисиз бошқаси фойдасиз бўлади” – деди шайх Файсал ал-Ғаззавий.
 
Икки учрашув якунида Нуриймон Абулҳасан Масжид ул-Ҳаром имом-хатиби шайх Файсал-Газзавий ва шайх Ҳасан ал-Бухорийни Ўзбекистонга таклиф қилди. Икки шайх келгуси Қуръон мусобақалари пайтида юртимизни зиёрат қилиш истагида эканлигини билдирди. Улар юртимиз мутасаддилари ва халқимизни Масжид ул-Ҳаромда дуолар қилишини айтди.
 
Мухтасар қилиб айтганда, бу йилги “Ҳаж-2018“ мавсуми, юртимиз ва халқимиз келажаги учун жуда фойдали келишувларнинг бошланиши билан ҳам аҳамиятли бўлди.
 
Дин ишлари бўйича қўмита
матбуот хизмати
 

 

ЎзА
3171 марта ўқилди

Янгиликлар

Top