Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик ҳожилар "Энг намунали ҳожилар", деб эътироф этилди

Жорий йил 9-12 август кунлари Қарши халқаро аэропортидан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан 800 нафардан ортиқ юртдошимиз Ҳаж амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетган эди. Улар 32 кун давомида муборак Ҳаж зиёратини адо этиб, Ватанимизга эсон-омон қайтиб келди.

Бу йил Қашқадарё вилоятидан 413 киши муқаддас Ҳаж зиёратини адо этди. Мана шундай саодатли дамларда Ҳаж амалларини адо этган юртдошларимиз бугунги дориломон кунлар учун шукроналар айтиб, Яратгандан юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик сўраб, хайрли дуолар қилди.

– Шу кунларга етказганига Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Ҳаж зиёратида ибодат амалларини тўкис адо этдик, – дейди Қамбар момо Софиева. – У ерда бизга юқори даражада хизмат кўрсатилди. Шинам меҳмонхоналарга жойлашдик, автобуслар хизматимизда бўлди. Ҳаммани бу саодатга мушарраф қилсин. Биз кексаларга шундай қулайликлар яратиб берган давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.

Шу ўринда қайд этиш керакки, юртимиз истиқлолга эришгандан сўнг вилоятдан 4 мингдан зиёд киши Ҳаж амалини бажариб қайтди. Юртдошларимизнинг Ҳаж амалини бажариши учун давлатимиз томонидан қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда ҳам Ҳаж амалларини тўла-тўкис адо этиш учун Саудия Арабистонида зиёратчиларга ҳашаматли меҳмонхона, қулай шароитлар, истеъмоллари учун покиза ва лаззатли таомлар, борадиган манзиллари учун автобуслар, малакали тиббий хизматлар муҳайё қилинди.

– Ҳожиларимиз Ҳаж зиёратини жуда тартибли адо этди, – дейди зиёратчилар гуруҳи раҳбари Ўткир Ғузоров. – Бундай дейишимга сабаб, Мадина шаҳри амири Файсал ибн Салмон ҳазратлари дунёнинг турли мамлакатларидан келган Ҳаж делегациялари раҳбарлари учун ўтказилган қабул маросимида ўзбекистонлик ҳожилар энг намунали ҳожилар бўлди, деб эътироф этди ва бунинг учун давлатимизга, ҳожиларимизга, ишчи гуруҳга алоҳида миннатдорлик билдирди. Бу ҳам биз учун катта шараф. Зеро, бу ҳожиларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк аждодларимизга муносиб авлод эканликларининг амалдаги исботидир.

 

Ўлмас Баротов, ЎзА

2771 марта ўқилди

Янгиликлар

Top