Ўзбекистон янгиликлари

Қардош халқлар муфтийлари мулоқоти

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари халқаро анжуманда иштирок этиш учун Бишкек шаҳрида бўлиб турганлари ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, ушбу тадбир доирасида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига Қирғизистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан дўстлик ва яқин қардошлик рамзи бўлган 1-даражали “Ынтымоқ” медалини топширгани ҳақида маълум қилинганди. Ушбу хайрли сафар ва муҳим учрашувлар давом этмоқда.
13 сентябрь куни Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси Максатбек Тохтамушев ва муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан мулоқот бўлиб ўтди. Учрашув Қуръон тиловати билан бошланиб, икки халқ биродарлиги абадий бўлишини тилаб дуо қилинди.


Мулоқотда Қирғизистон томонидан Бишкек, Ўш, Иссиқкўл вилоятлари бош имом-хатиблари Ўзбекистон томонидан Диний идоранинг халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад-Акмалхон Шокиров ва Тошкент шаҳридаги “Бўри жар” жоме масжиди имом-хатиби Мирзатилло Алихонов қатнашди.
Қирғизистон муфтийси М.Тохтамушевнинг таклифига биноан Ўзбекистон делегациясининг ташриф буюргани учун миннатдорлик билдириб, Қирғизистон мўмин-мусулмонларининг саломларини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва ўзбек халқига етказишни илтимос қилди.
Икки қардош мамлакат президентлари томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлар, айниқса, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, фиқҳ, калом, ақида, тасаввуф, ҳадис илми каби илмий мактабларнинг фаолияти йўлга қўйилганини бутун дунё кузатиб турганини алоҳида қайд этди. Муфтий М.Тохтамушев сўзида давом этиб, Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги мўмин-мусулмонлар муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан учрашишга муштоқ эканлари, айниқса, ёши улуғ инсонлар кўришиш истагида эканини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари самимий қабул ва юксак эҳтиром учун миннатдорлик билдирди. Дўст қирғиз халқига ўзбек халқининг саломларини етказдилар. Марказий Осиё халқлари қадим-қадимдан дўсту биродар бўлиб яшаб келгани, буни янада мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар. Шундай савобли ишлар аввалида дин пешволари жонбозлик кўрсатишлари бугунги куннинг талаби эканини изоҳладилар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзида давом этиб, ҳозирги кунда мамлакатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳамкорлик алоқалари кейинги йилларда кенгаяётгани, айниқса, минтақа мамлакатлари диний идоралари ўртасидаги биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этдилар. Ўтган ҳаж мавсумида Арафот водийсида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон мусулмонлари идоралари вакиллари учрашиб, мулоқот ўтказганлари тарихий вофеа бўлганини изоҳладилар.
Муфтий ҳазратлари сўзларининг якунида, мана бу каби юқори савияда ўтказилган “Маънавий ипак йўли: Буюк инсоний қадриятлар ва замонавий таҳдидлар” номли нуфузли халқаро анжуман ҳам бошланган хайрли ишларимизнинг давоми бўлади, деб ишонч билдирдилар.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2882 марта ўқилди

Янгиликлар

Top