Ўзбекистон янгиликлари

Сайёҳлар учун фойдали мобил илова

Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаси Некруз Патуллаев “Зиёрат туризми” бўйича ўзбек, рус ва инглиз тилли фойдаланувчиларга мўлжаллаб, андроид платформасида ишловчи геолакацион тизим ишлаб чиқди, дея хабар қилади академия матбуот хизмати. “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультетининг “Замонавий ахборот коммуникация технологиялари” кафедрасининг 4 курс талабаси томонидан тайёрланган мазкур иловадан фойдаланувчилар Бухоро вилоятининг диний, тарихий, маъданий зиёратгоҳлари суратларини томоша қилиши, Бухорода жойлашган қадамжолар ҳақида батафсил маълумот олиши, зиёратгоҳларнинг онлайн харитасидан фойдаланишлари мумкин.

Бунинг учун фойдаланувчи Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг www.iiau.uz интернет сайтидан мобил иловани юклаб олиши ва андроид платформасида ишловчи алоқа қурилмасига ўрнатиши лозим.

Илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5326-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Дастурни тузувчилар Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО томонидан Бутунжаҳон маданий мерос объекти сифатида тан олинган обидалари ва жойлари ҳақида хорижий сайёҳларга маълумот бериш, Ўзбекистон маданияти, санъати ва адабиёти, ўзбек халқининг тарихий-маданий меросини акс эттирувчи ноёб экспонатлар жамланган музейларни реклама қилиш йўлида интернет тармоғи имкониятларидан фойдаланган ҳолда иш олиб боришни ният қилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

3048 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top