Аллоҳ таоло инсонга умр беради. Инсон бу берилган умрни ғанимат билиб, ҳаётини хайрли ишлар билан мазмунли қилиши учун савоб ишларни амалга оширади. Каримов Абдулҳаким ҳожи ота ўз умрини фидойилик ва халқ хизматига бағишлаган, 100 ёш билан юзлашган мана шундай инсонлардан биридир. Абдулҳаким ҳожи ота 1919 йил 1 январь куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Қушбеги маҳалласида туғилган. У киши йигирма ёшга кирганда иккинчи жаҳон урушига кетиб, 1945 йили ғалаба нашидасини суриб, соғ-омон қайтиб келганлар.
Абдулҳаким ҳожи отанинг илмга бўлган муҳаббатлари сабаб, 1948 – 1951 йиллар орасида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида таълим олади. Шундан кейин 50 йил ёшларга таълим бериш соҳасида ишлаб, эндиликда кексалик гаштини сурмоқда.
Абдулҳаким ҳожи ота Каримова Роҳатой ҳожи она билан турмуш қуришган. Мана 73 йилдирки, ҳожи ота ва ҳожи она тинч ва тотув яшаб келмоқда. Бу табаррук оиланинг 7 нафар фарзанди бор, 4 нафар ўғил ва 3 нафар қиз. Шунингдек, 33 невара, 89 эвара ва 5 чевара бор. Бу аҳил оила сабабчилари бўлмиш Абдулҳаким ҳожи ота ва Роҳатой ҳожи она бир гуруҳ фахрийлар билан 2017 йил муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида муборак ҳаж зиёратини адо этдилар.
Куни кеча фарзанду аржумандлар томонидан Абдулҳаким ҳожи отанинг табаррук 100 ёшга тўлганлари муносабати билан эҳсон дастурхони ёзилди, ҳожи ота ва ҳожи онага соғлик-саломатлик тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати