Ўзбекистон янгиликлари

Саудия Арабистонида “Вақф” фонди тақдимот қилинади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолиятини Саудия Арабистонида ҳам тақдимот қилиш, у ердаги ватандошларнинг юртимизда бўлаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида, шу йилнинг 4–14 январь кунлари Макка, Мадина шаҳарларида Фонднинг тақдимот маросимлари ўтказилади.

Куни кеча 4 январь куни Фонд раҳбари Искандар Халилов Саудия Арабистонига учиб кетди. Фонд раҳбарияти ўн кун давомида тарғибот ишларини амалга оширади. Сафар доирасида Саудия Арабистони “Вақф” ишлари идораси, “Мовароуннаҳр” вақф мулклари қўмитаси, Макка шаҳридаги “Ҳарами шариф” масжиди имоми, бир гуруҳ ватандошлар ва талаба-ёшлар билан учрашувлар ташкил этиш ҳамда ўзбек такяхоналарига (вақф меҳмонхоналари) ташрифлар уюштириш кўзда тутилган. 

 

Макка ва Мадина шаҳарларидаги нуфузли меҳмонхоналарда кенг жамоатчилик иштирокида “Вақф” фондининг тақдимот маросимлари бўлиб ўтади.

Маълумки, тақдир тақозоси билан ўтган асрнинг 20–30-йилларида диёримиздан минглаб кишилар хорижий мамлакатларга, хусусан, Саудия Арабистонига чиқиб кетишга мажбур бўлган. Улар Макка, Мадина ва Тоиф шаҳарларида таълим, тижорат ва бошқа муҳим жабҳаларда фаолият юритиб, катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлишган. Жумладан, Макка ва Мадинадаги икки ҳарам – Масжидул Ҳаром ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Масжидун Набавий атрофида кўплаб ерларни сотиб олиб, вақф сифатида қолдиришган. Вақф бу, Аллоҳ йўлида фойдаланилиши ёки сарфланиши учун ажратилган мулкдир. Вақф қилинган мулк эгасининг ҳисобидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган мулкдан келадиган ажр-савоби унинг соҳибига абадий етиб туради. Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, мерос бўлмайди. 

Мазкур сафар давомида амалга оширилган ишларни сайтимиз орқали ёритиб борамиз.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

2869 марта ўқилди

Янгиликлар

Top