Ўзбекистон янгиликлари

Қадимий Лангар Қуръони Диний идорага топширилди

19 апрель куни Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхасини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига тақдим этди.

Муфтий ҳазратлари Қуръони каримнинг ушбу нусхаси жуда ҳам табаррук экани, уни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг музей-кутубхонасига жойлаштирилишини билдирдилар. Шунингдек, муҳтарам Президентимиз томонидан Ислом дини қадриятларини асраб-авайлашга қаратилган ташаббусларига мос равишда миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов томонидан масжид-мадрасалардаги қадимий битикларни тадқиқ этиш ва халқимизга етказишда жуда катта ишлар қилинганини алоҳида қайд этдилар. Мана шундай ишларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилишга Диний идора ва уламолар доим тайёр эканини муфтий ҳазратлари изҳор қилдилар.

Миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов улуғ мутафаккирларимиз ёзган, айни вақтда хориж мамлакатларида сақланаётган қадимий қўлёзма асарларнинг факсимиле нусхаларини юртимизга олиб келиш ва халқимизни баҳраманд этиш борасида саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини айтди. Катта Лангар Қуръонининг мазкур факсимиле нусхаси ушбу йўналишда бошланган ишларнинг илк натижаси эканини айтиб ўтди.

Ислом динининг асосий манбаси ҳисобланган Қуръони каримнинг энг қадимий нусхалари халқимизнинг бебаҳо мероси сифатида қадрланади. Юртимиздаги ана шундай маънавий мерослардан бири бўлган VIII асрга оид Катта Лангар Қуръонининг 13 та саҳифаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланмоқда. Эндиликда унинг ёнида қолган саҳифаларнинг факсимиле нусхаси ҳам ўрин оладиган бўлди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2652 марта ўқилди

Янгиликлар

Top