Ўзбекистон янгиликлари

“Вақф” фонди “Зоид бин Султон Ол-Наҳаён” жамғармаси билан ҳамкорлик қилади
Бугун, 30 апрель куни Бирлашган Араб Амирлигидаги “Зоид бин Султон Ол-Наҳаён” хайрия ва инсонпарварлик жамғармаси бош директори Ҳамад ал-Амирий бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.

Мартабали меҳмонларни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов ва “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов кутиб олди ва ўзаро мулоқот ўтказди.

Дин ишлари бўйича раиси Жасур Акрамов меҳмонни ташриф билан қутлаб, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Президентимиз фармони асосида Халқаро ислом академияси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, ҳадис илми мактаби ва илмий мактаблар ташкил этилгани ҳақида маълумот берди. Шунингдек, зиёрат туризмини ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўзлаб берди.

Ўз навбатида Ҳамад ал-Амирий жаноблари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, “Зоид бин Султон Ол-Наҳаён” жамғармаси ташкил этилиши, мақсад-вазифалари ҳамда келгусидаги хайрия тадбирлари ҳақида гапириб берди. Меҳмон ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга тайёр эканини алоҳида қайд этди.

 
 

Мулоқотда “Вақф” фондининг хайрия тадбирлари, муҳтож оилаларга моддий ёрдамлари, масжид-мадрасаларда қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориши ва режалари тўғрисидаги видеолавҳа тақдим этилди.

Намойиш этилган лавҳалардан таъсирланган Ҳамад ал-Амирий хайрия ишларини ташкил этишда “сизлардан ўрганадиган жиҳатларимиз жуда кўп экан”, деб эътироф қилиб, келгусида бундай хайрия тадбирларида иштирок этишини таъкидлади.  

Шундай хорижий йирик хайрия ташкилотида “Вақф” фондига сармоя киритиш истагининг пайдо бўлиши Фондга бўлган ишончдан далолатдир. Шунинг учун ҳам Бирлашган Араб Амирликларининг ушбу етакчи хайрия ташкилоти иштирокида турли йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилди.

 
 
 
 
 
 

Қайд этиш жоизки, сўнгги вақтларда Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида турли даражадаги алоқалар фаоллашиб, барча соҳалардаги икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётир. Бугунги мулоқот ва ҳамкорлик уфқлари фикримизни қўллаб-қувватлайди.

Меҳмонлар "Ҳазрати Имом" мажмуасидаги тарихий обидаларни зиёрат қилди.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

2503 марта ўқилди

Янгиликлар

Top