Ўзбекистон янгиликлари

Қутлуғ ойнинг илк оқшоми Қуръон мухлисларига тўлди

Рамазоннинг илк оқшоми диёримизнинг 2050 дан зиёд масжидда таровеҳ намозлари, 1200 дан ортиқ жоме масжидларда хатми Қуръон бошланди. Жоме масжидларга йиғилган минг минглаб намозхонлар хофиз қориларнинг чиройли совт ва хушовозлик билан ўқиган Қуръони Карим тиловотларидан баҳраманд бўлдилар.

Бу кеча “Ҳазрати Имом” жоме масжидида ҳам таровеҳ намозида Ҳақ таоло каломини хатми бошланди. Масжидга аста-секин кўзлари Рамазон шукуҳи ила чақнаган, юзлари нурли, ёшлари улуғ отахонлар ҳамда таровеҳ намозида Аллоҳнинг муборак каломига соме бўлишни интиқлик билан кутган намозхонлар кириб кела бошладилар. Бир зумда масжид Қуръон мухлислари билан тўлиб тошди.

Дастлаб, муфтий ҳазратлари муборак Рамазон ойи билан барчани табриклаб, дуолар ижобат бўладиган дамларни ғанимат билиш, юртнинг тинч-осойишталиги хотиржам ибодат қилиш гарови эканини таъкидлаб, яратгандан бу неъматларни янада зиёда қилишини сўраб, дуо қилдилар. Сўнгра таровеҳ намози бошланиб, Каломуллоҳнинг тиловати қалбларга сурур ва фараҳ бахш этди.

Таровеҳ намози ўқиб бўлингач, намозхонлар муфтий ҳазрат билан баралла дуога қўл очиб, Рамазони шарифга етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтишди. Ҳамда Яратгандан юртимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини, халқимиз бунданда фаровон бўлишини сўрашди. Зеро, намоз сўнгида қилинган дуо ва илтижолар мустажобдир.

Раҳмат даҳасининг дастлабки оқшоми, таровеҳ намозининг ўттизидан бири орқада қолди. Қуръон мухлислари – намозхонлар бу ойни дақиқ билиб, тилларида истиғфор билан, бирин-кетин уйларига қайта бошладилар. Аллоҳ таоло бу ойни барчамизга муборак, ўйлаганимиздан ҳам баракали қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2813 марта ўқилди

Янгиликлар

Top