Ўзбекистон янгиликлари

Океан орти мамлакатидаги мазмунли сафар

Жорий йилнинг 19–26 май кунлари Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан бирга АҚШда хизмат сафарида бўлди.
Ўзбекистон делегацияси АҚШ Давлат департаменти, АҚШ инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссияси, АҚШ Тинчлик институтида музокаралар ўтказди. Делегация аъзолари диний эркинликлар соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчи С.Браунбэк, АҚШ Хельсинки комиссияси бошқаруви раҳбари А.Жонсон, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши жанубий ва шарқий Осиё бошқармаси директори Л.Кёртис, АҚШ вице-президентининг махсус маслаҳатчиси М.Катрон, сенаторлар ва АҚШ Конгресси аъзолари билан учрашди. АҚШ Тинчлик институтида ташкил этилган давра суҳбати ва ифтор тадбирларида иштирок этдилар.

Сафар давомида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров “Муҳаммад” номли Вашингтон марказий масжиди имоми Толиб Шариф, Даллас мусулмонлари жамоаси маркази раиси Имом Мажид жаноблари билан учрашдилар.

Учрашув ва давра суҳбатлари жараёнида АҚШ томонига Ўзбекистонда халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларига амал қилиш, диндорлар, жумладан диний озчиликларнинг виждон эркинликларини тўла таъминлаш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида аниқ мисолларга асосланган маълумотлар баён қилинди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолиятлари тақдимоти ўтказилди.

АҚШ ташқи сиёсатининг шаклланишида муҳим ўрин тутувчи доиралар вакиллари, сенаторлар Блаумбэрг ва Келли, Конгресс аъзолари, АҚШ Тинчлик институти директори ҳамда диний ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан сўнгги икки ярим йил ичида диний эркинликларни таъминлаш бўйича амалга оширилган ижобий ишлар юқори баҳоланди.

АҚШ мусулмонлари вакиллари ва уларнинг етакчилари Имом Толиб Шариф, Имом Муҳаммад билан учрашувлар самимий ва очиқ мулоқот тарзида ўтказилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти Америка мусулмонларида катта қизиқиш уйғотди.

Жорий йилнинг ноябрь ойида ушбу мамлакат мусулмонларидан дастлабки гуруҳи Ўзбекистонга зиёрат сафарини уюштириши тўғрисида келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2320 марта ўқилди

Янгиликлар

Top