Ўзбекистон янгиликлари

ЯНГИ ЛОЙИҲА: Алижон қорининг “Қуръон қалб шифоси” суҳбатлари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан тез кунларда юртимиздаги қироат илми олимларидан энг машҳури бўлган Алижон қори Файзулла Махдум ўғлининг “Қуръон қалб шифоси” мавзусидаги туркум маърифий суҳбатлари muslim.uz сайтида намойиш этилади.

Ушбу маърифий суҳбатларда қироат ва тажвид илмининг энг дақиқ жиҳатлари, тажвид илмининг тарихи, у ҳақида ёзилган китоблар, тажвид илмида ижод қилган уламолар ҳамда юртимизда ҳам бу илмнинг ривожи, тажвид ва қироат илмига доир ёзилган китоблар, шунингдек, бугунги кунда ушбу илмга бўлган эътибор ҳақида сўз юритилади.

Маълумот ўрнида, Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли 1976 йилда Жиззах вилоятида таваллуд топган. 1995 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар университетига ўқишга юборилган. 1998 йил Ал-Азҳар университетининг Эъдодия (тайёрлов) бўлимини, 2001 йилда эса Санавия (бошланғич) бўлимини тамомлаган.

2002–2007 йилларда Ал-Азҳар университетининг Шариат ва Қонун куллиётида таълим олган. 2008 – 2012 йилларда Шайх Аҳмад Ийсо Ал-Маъсоровий номидаги Улумул Қуръон ва қироат илмларига хосланган илм даргоҳида таҳсил олиб, ҳозирда Ал-Азҳар университетининг 4-курс талабаси ҳисобланади.

Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Қуръони карим ва қироат илмидан таҳсил олган устозлари профессор Аллома Шайх Аббос Ал-Мисрий, Шайх Али Шуъайб Шарқовий, Шайх Муҳаммад Имом Ал-Шофий, Шайх Аҳмад Саййид Қилиний,  Шайх Набил бин Абдулқодир Ал-Доғфали Ал-Жазоирий кабилар ҳисобланади.

Шунингдек, у тажвид илми матнлари бўйича қуйидаги устозлардан ижозат олган: Шайх Самий Маҳмуд Шаҳаза Ал-Файюми, Шайх  Аҳмад Саййид Ал-Қилиний, Шайх Аллома  Али Муҳаммад Тавфиқ Ал-Наҳҳас кабилар.

Алижон қори дунёдаги машҳур қироат алломаларидан Саудия Арабистони Жидда шаҳрида, ҳозирги даврнинг Имом Жазарийси деб аталган Аллома Шайх Айман Рушдий Сувайд, Мадинаи мунавварада Аллома Шайх Устоз Муҳаммад Тамим Ал-Зўбий, Мисрнинг Жиза вилоятида Аллома Шайх Абдулфаттаҳ Ал-Мадкур ва Қоҳира шаҳрида Аллома Шайх доктор Али Муҳаммад Тавфиқ Ал-Наҳҳас каби улуғ устозларга Қуръони каримни табаррукона ўқиб берган.

Алижон қори бугунги кунда дунёнинг кўплаб қироат илми уламолари томонидан эътироф этилган забардаст қорилардан биридир.

Аллоҳ таборака ва таоло ушбу хайрли лойиҳани муваффақиятли айласин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

5148 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top