Ўзбекистон янгиликлари

“Мевазор” масжиди биноси қурилишига биринчи ғишт қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш  ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сон қарорига мувофиқ ҳудудларда фаолият юритаётган масжидларнинг эски биноларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган бўлиб, унга кўра Республика бўйича 159 та масжид тўлиқ қайтадан қурилади.

Тошкент шаҳрида ўн иккита масжид мазкур Дастур доирасида қайтадан қурилмоқда.  

Пойтахтимизнинг Олмазор тумани Хончорбоғ маҳалласидаги “Мевазор” масжиди ҳам 1992 йилда қурилган. Вақтлар ўтиб масжид биноси таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Айниқса ўша даврда қиблани аниқлашда бироз хатолик бўлгани сабаб  масжид хонақоҳи қиблага нисбатан ноўрин ҳолатда эди.

Жорий йилнинг 26 март куни тегишли рухсат билан маҳалла аҳлининг саъй-ҳаракатлари асосида масжидни тўлиқ янгидан қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бугун 28 июн куни Дин ишлари бўйича қўмита мутасаддилари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий ҳазратлари бошчилигида уламолар мазкур масжидга ташриф буюриб, масжид қурилишига табаррукона ғишт қўйиб бердилар.

Олти сотих майдонда барпо этилаётган масжид лойиҳаси кичик жойдан унумли фойдаланган ҳолда ўзига хос лойиҳа асосида бунёд бўлмоқда. Бинони маълум маънода икки қаватлик дейиш мумкин. Пастки қават яхлит таҳоратхонани ташкил этади. Тепа қаватда асосий хоақоҳ, аёллар учун намозхона, хизмат хоналари барпо этилади. Масжиднинг умумий сиғими 800 кишига мўлжалланган.

Муфтий ҳазратлари қурилиш жараёни билан танишар эканлар, масжид йўл бўйидаги қатор хонадонлар қаторида эканлигини инобатга олиб, биринчи ўринда икки тараф қўшниларни рози қилиш, бино уларга азият етказадиган даражада бўлмаслигини алоҳида таъкидладилар. Қурилишга бош бўлиб турган имом-хатиб, саратон иссиғида меҳнат қилаётган қурувчилар, уларга ҳар тарафлама кўмак бериб, бу савобли ишга ҳиссаси қўшилаётган фидоий инсонлар ҳақларига дуо қилдилар.

Аввалроқ, жорий июн ойининг ўзида пойтахтимиздаги “Сирож солиҳ”, “Эшон Бобохон” масжидлари қурилишига биринчи ғишт қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

2692 марта ўқилди

Янгиликлар

Top