Ўзбекистон янгиликлари

IRCICA бош директори: "Ўзбекистон дунё Ислом тамаддуни марказларидан бири"

Дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган можаролар, тўқнашувлар, афсуски, кўп ҳолларда диний ақидалар ниқоби остида илгари сурилаётган бузғунчи ғояларга бориб тақалмоқда. Бундай вазиятда муқаддас ислом динининг инсонийлик, бағрикенглик, тинчликпарварлик қадриятларини жаҳон афкор оммасига кенг танитилиши муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу борада Ўзбекистон раҳбарияти янги ташаббусларни илгари сурмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил октабр ойида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтказилган учрашувида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар марказини тузиш ва исломнинг асл қадриятларини дунё аҳлига кенг тарғиб қилиш таклифини умумжаҳон кун тартибига қўйган эди.

2017 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида давлатимиз раҳбари томонидан мазкур йўналишда янги халқаро ташаббуслар таклиф қилинди. Булар орасида, айниқса, БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги ташаббус алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистон замини инсоният цивилизациясининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида давлатимиз томонидан изчил амалий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) муҳим органи ҳисобланган Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази (ИРCИCА) ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида келишувларга эришилди.

Ислом оламида ўз ўрнига эга бўлган ушбу Марказ ва Академия ўртасида имзоланган меморандумга асосан, икки муассаса қадимий қўлёзмаларни тадқиқ қилиш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш, конференция ва семинарлар ташкил этиш каби масалаларда ўзаро ҳамжиҳатлик билан иш олиб бормоқда.

ИРCИCА бош директори, профессор Халит Эрен «Дунё» ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан ҳамкорликдан фахрланишини айтди. «Ўзбекистон – ИҲТ муносабатлари бугунги кунда ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида турли соҳаларда изчил ривожланмоқда, икки томон раҳбарларининг учрашув ва мулоқотлари бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Томонларнинг муштарак интилиши ва саъй-ҳаракатлари туфайли ИРCИCА ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасидаги дўстона муносабатлар янги шериклик босқичига кўтарилди», дея таъкидлади у.

Х.Эрен мамлакатимизнинг инсоният цивилизациясига қўшган буюк ҳиссасини эътироф этар экан, «Ўзбекистон дунё ислом тамаддуни марказларидан биридир», деб таъкидлади. У юртимизда амалга ошири амалга оширилаётган янгиланиш, жадал тараққиёт жараёнини юқори баҳолаб, Ўзбекистон билан муносабатлар юксак даражага кўтарилганидан ҳар икки тараф ҳам ғоят мамнун эканини қайд этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2436 марта ўқилди

Янгиликлар

Top