Ўзбекистон янгиликлари

Янги нусхада чоп этилаётган Мусҳафи шариф ҳақида

«Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти ва Ғавсоний ноширлик уйи ўртасидаги дўстона ҳамкорлик муносабатлари 2018 йилнинг июль ойида бошланган ҳамда ушбу нашриётлар ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди. Мазкур шартномадан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда Мусҳафи шарифнинг янги нусхасини чоп қилишдан иборат. Унга кўра, Ғавсоний ноширлик уйи томонидан «Ҳилол-нашр» нашриётига Мусҳафни чоп этиш ҳуқуқи билан бирга унинг махсус нусхаси бепул тақдим қилинган эди.

Ушбу Мусҳаф нусхасининг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, унинг хати бутун дунё мусулмон халқлари ўрганган Мадина Мусҳафининг эски нусхасига, саҳифа ва қаторларига тўлиқ мос келади. Вақф аломатлари эса, энг сўнгги нусхадаги Мусҳафдан олинган бўлиб, Ғавсоний ноширлик уйи учун машҳур хаттот Усмон Тоҳа томонидан махсус ёзиб берилган. «Ҳилол-нашр» нашриёти ҳам мазкур нусха асосида ўзининг махсус нусхасини тайёрлади. Ёзувлар Ғавсоний ноширлик уйидан олинган нусхага тўлиқ мос бўлган ҳолда оят рақамларининг гардишлари ҳар бир саҳифанинг атрофидаги нақш ва бошқа безаклар моҳир наққош Фаррух Ғаффоров ҳамда дизайнер Уйғун Солиҳовлар томонидан ўзбек миллий нақшлари билан алмаштирилди. Навбатдаги чоп этилиши кутилаётган Мусҳафи шариф саҳифаларининг ранги сариқ ҳамда оч сариқ рангда Қуръон тиловат қилувчиларга тақдим этилади, ИншаАллоҳ. Кейинроқ, ушбу мусҳафи шарифни сиз азизларга яна ҳам қулай бўлиши учун ҳар хил ўлчамда чоп этиш режалаштирилган.

Мусҳафнинг дастлабки нусхаси тайёр бўлгач, Ғавсоний ноширлик уйи томонидан янги нусханинг бадиий савиясини, нақшларини ўрганиб чиқилди ва юқори баҳоланди. Шундан сўнг, янги Мусҳаф нусхаси бир ярим ой давомида махсус назорат гуруҳи томонидан синчиклаб, ҳарфма-ҳарф, сўзма-сўз текшириб чиқилди. Текширувда ҳеч қандай саҳв-хатолар йўқлиги тасдиқлангач, «Ҳилол-нашр» матбаасига ушбу янги нусхани чоп этишга рухсат берилди.

Мазкур шартномага асосан, «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти ушбу янги Мусҳафни Марказий Осиё давлатлари ҳамда Россияга тарқатиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритган. Ушбу хайрли ишнинг яна бир диққатга сазовор жиҳати шундаки, «Ҳилол-нашр» матбааси мазкур янги Мусҳафни устама нарх қўймай, тан нархда сотишга қарор қилган. Қолаверса, Ғавсоний нашриёти ҳам бу улкан хизматнинг савобидан баҳраманд бўлиш мақсадида молиявий даромаддан воз кечди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2692 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top