Ўзбекистон янгиликлари

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасида Тошкент вилояти имом хатиблари ва ноиблари учун маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

2019 йилнинг 15 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан Тошкент вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом ноиблари учун семинар тренинг тарзида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган мақсад – юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, диний соҳа ходимларининг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга ошираётган ишларини янада такомиллаштириш, бу борада уларнинг илм ва малакаларини янада оширишдан иборат. Айнан шу сабабли ҳам семинар тренинг динимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшган, ўзидан кенг илмий мерос қолдирган юртдошимиз фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг мажмуасида ўтказилди.

Тадбир анъанавий тарзда Қуръон тиловати билан бошланди ва мамлакатимиз тараққиёти, динимиз ривожи, миллатимиз келажаги учун, буюк аждодларимиз руҳи ёд этилиб хайрли дуолар қилинди.
Семинар тренингда иштирок этган Тошкент вилояти бош имом-хатиби Х.Турматов, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бош имом-хатиби Р.Сайфуддинов, Тошкент ислом институти ўқитувчиси Ф.Мамаюнусовлар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий мероси; Шайх томонидан тасниф этилган «Ал-адаб ал-муфрад», «Ижтимоий одоблар», «Бахтиёр оила», «Ислом тарихи», «Олтин силсила», «Мазҳаблар бирлик рамзи» ва «Мазҳабсизлик бидъатдир» китоблари ва уларнинг аҳамияти; ҳадис илмлари; диний соҳага оид қонун ҳужжатларининг мазмун моҳияти; миссионерлик, прозелитизм ва ёт ғоялар таъсирига берилишнинг салбий оқибатлари ва уларга қарши курашиш кўникмаларини юксалтириш мавзуларида маърузалар қилдилар. Иштирокчилар иш фаолиятларида фойдали бўлган маълумотларни тинглаш билан биргаликда, ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам жавоблар, керакли кўрсатмалар олдилар.

Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбир орқали Тошкент вилоятининг барча имом-хатиблари ва имом ноиблари қамраб олиниши назарда тутилган. Бугун 1-гуруҳ вакиллари семинар-тренингдан баҳраманд бўлган бўлсалар, яна икки кун мобайнида қолган икки гуруҳдаги диний соҳа ходимлари диний-маърифий тадбирда иштирок этиб, ўз билим ва малакаларини оширадилар ва фаолиятлари учун керакли бўлган кўникма ва кўрсатмаларга эга бўладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2072 марта ўқилди

Янгиликлар

Top