Ўзбекистон янгиликлари

Ҳаж ибодати нега Мадина шаҳридан бошланади?

Мадина бутун дунё мусулмонлари талпиниб келаётган энг қутлуғ ва табаррук масканга айланган. Айниқса, 2019 йил ҳаж мавсуми бошлангач, зиёратчиларнинг сони кескин ортмоқда. Ҳар куни шаҳар аэропортида бир неча ўнлаб рейслар қабул қилиниб, Ислом динининг бешини фарзини адо этиш умидида келаётган мусулмон олами вакилларига ўз қучоғини очаётир. Хусусан, Ўзбекистондан ўртача ҳар куни 700 нафар киши келиб, ибодатчилар сафига қўшилмоқда.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, жорий йилги ҳаж мавсуми йилнинг нисбатан иссиқ пайтига тўғри келди. Шундай бўлса-да, ҳаво ҳарорати у қадар баланд эмас мўътадил. Майин эсиб турган шабада тоғ бағрида жойлашган шаҳарга салқинлик улашмоқда. Зиёратгоҳлар эса совитиш ва салқинлантириш ускуналари билан тўлиқ жиҳозланган. Буларнинг бари бўлғуси ҳожилар белгиланган арконларни тўлиқ бажаришида айни муддао бўлаётир. Ҳар бир гуруҳга бириктирилган элликбошилар уларга энг яқин кўмакчига айланган. Соғлиқлари эса Ишчи гуруҳи таркибидаги шифокорларнинг доимий назорати остида.
Тажрибали шифокорларнинг тасдиқлашича, юртимиз зиёратчиларнинг барчаси соғ-саломат ва ибодатларини беками-кўст бажаришмоқда. Бу муборак сафарга чиқаётган юртдошларимизнинг барчаси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилгани, касалликларга қарши эмлангани самарасидир, десак, муболаға бўлмайди.
“Масжид ан-Набавий” масжида кеча-ю кундуз намозхонлар билан тўла.
— Бу бежиз эмас, албатта, — дейди элликбоши Меърожиддин Ҳайдаров. — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак масжидлари зиёратининг фазли ҳақида кўплаб ҳадислар келтирилган. Уларнинг бирида, жумладан, шундай дейилади: “Менинг масжидимдаги бир намоз бундан бошқасидаги мингта намоздан яхшидур, фақат “Масжидул Ҳаром”гина ундан мустасно”. Шу боис ҳам юртдошларимиз ҳар бир дамни ғанимат билиб, вақтларини “Масжид ан-Набавий”да ўтказишга интилмоқда.
Дарҳақиқат, 700 минг кишига мўлжалланган бу масжидга одамлар сиғмай кетяпти. Унинг ҳовлилари, тепа қисмлари ҳам ибодатчилар билан тўлиб-тошган. Зотан, ҳамма савоб умидида, гуноҳларга мағфират илинжида олис йўл босиб келинган.
Ўзбекистонлик зиёратчилар Пайғамбаримизнинг энг севимли масканларидан бири бўлган Уҳуд тоғида ҳам бўлдилар. Саҳиҳ ҳадисларда келтирилишча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Биз Уҳудни яхши кўрамиз, Уҳуд ҳам бизни яхши кўради”, дея марҳамат қилган эканлар.
Тоғ 7 километрга чўзилиб кетган бўлиб, баланд нуқтаси 2 минг метргача етади. У мўмин ва мушриклар ўртасида бўлиб ўтган Уҳуд жанги орқали тарихда қолган. Диний манбаларда келтиришича, дунё тоғлари орасида фақат Уҳуд жаннатга кирар экан.
Зиёратчилар мазкур тоғ этагида мангу қўним топган Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакиси ҳазрати Ҳамза ибн Абдулмутталиб қабрини зиёрат қилдилар. У ва Уҳуд жангида ҳалок бўлган саҳобалар руҳига Қуръони карим тиловат қилинди. Яратгандан юртимизга тинчлик, халқимизга омонлик, давлатимиз мустақиллиги абадий бўлишини сўраб, дуо қилдилар.
— Ҳажнинг фазилатлари ҳақида кўп эшитганмиз, китобларда ўқиганмиз, аммо ихлос қилиб, бу муқаддас манзилларга келгандан кейин руҳиятингизда шундай ўзгариш рўй бериб, қалбингизни ўзгача туйғулар чулғаб оларкан. Буни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Бизга шундай имкониятни яратиб берган давлатимиз Раҳбарига ташаккур! Қаранг, зиёратчилар учун ҳамма шароит муҳайё қилинган. Ташкилий ишлар бундан ортиқ бўлмаса керак.
Шундан сўнг зиёратчилар Ислом оламида биринчи қурилган масжид — Қубога йўл олдилар. Бу ерда икки ракат нафл намози ўқидилар. Диний уломаларнинг таъкидлашича, кимки “Қубо” масжидига таҳорат олиб келиб, икки ракат нафл намозини ўқиса, бир умранинг савобига тенг савоб берилар экан.
Зотан, ҳаж ибодатининг айнан Мадинадан бошланиши замирида ҳам ҳикмат кўп. Бу муборак манзил бир қанча табаррук зиёратгоҳларни ўз бағрига олган, кўплаб оятлар айнан шу ерда нозил бўлган. Шу боис у нафақат Ислом оламининг маркази, балки пайғамбарлик ери, ваҳий манзили сифатида алоҳида қадрланади.

Саид РАҲМОНОВ

2105 марта ўқилди

Янгиликлар

Top