Ўзбекистон янгиликлари

Саудия Арабистони Подшоҳининг ўзбекистонлик меҳмонлари ҳаж сафари тараддудида

2 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида жорий йилда Саудия Арабистони Подшоҳининг меҳмони сифатида ҳаж сафарига кетаётган зиёратчилар билан мулоқот ўтказилди.
Учрашувда Шайх Абдулазиз Мансур меҳмон сифатида танланган зиёратчиларни қутлаб, ушбу сафарга энг муносиб уламолар, илм-фан соҳасининг етук намоёндалари танлаб олинганини алоҳида таъкидлади. Муборак сафарга подшоҳнинг меҳмони сифатида бориш шараф экани, бутун умрини Ислом дини ривожи, мўмин-мусулмонлар хизмати ва илму ирфон тарқатишга сарфлаган кишилар мана шундай илтифотга муносиб кўрилганини Шайх ҳазратлари алоҳида қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов меҳмон сифатида кетаётган уламоларни сафар мобайнида уюштириладиган анжуманлар, маърифий тадбирлар ва мулоқотларда фаол қатнашишни билдирди. Шунингдек, суҳбатлар давомида Ўзбекистонда сўнгги йилларда Ислом дини ривожи йўлида қилинаётган хайрли ишлар тўғрисида маълумотлар тақдим этишни қўшимча қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибияти мудири Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов мезмонлар томонидан тақдим этиладиган сафар дастурига амал қилиш, сафар давомида юзага келадиган масалаларни маслаҳатлашган ҳолда ҳал этиш ва ташкилий ишлар билан боғлиқ масалаларни баён этди.
Шунингдек, бу йилги меҳмонлар сафида Муҳаммад Шариф домла Жуманов, Исмоилжон домла Ҳамроқулов, Абдумалик домла Мамадалиев ва Абдували домла Исажонов каби устозларнинг борлиги барчамизни мамнун этмоқда.
Аллоҳ таборака ва таоло меҳмонларнинг ҳажларини мабрур айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2431 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top