Ўзбекистон янгиликлари

Дил сўзлари: дуоларимизни Яратган ижобат қилсин!

Асли касбим ўқитувчи. 40 йилдан ортиқ ёшларга таълим-тарбия бердим. Аллоҳ насиб қилиб, ҳаж ибодатини адо этиш бахтига муяссар бўлиш арафасида турибман. Ҳар гал Каъбани тавоф қилар эканман, раҳматли онамнинг бир сўзлари ёдимга тушади. – Болам, одамларни корига яраган, уларни рози қилган, Яратганни ризолигини топади. Элим десанг, эл ардоқлайди, Аллоҳ десанг Ўзи яхши ниятларингга етказади, дерди онам. Мен ҳам онамнинг пурмаъно сўзларига амал қилиб, озми-кўп эл корига ярашга интилдим. Муборак сафар олдидан, маҳалламиздаги эҳтиёжмандларга қўлимдан келганча ёрдам бердим. Ажрашиш арафасида турган бир ёш оилани сақлаб қолишга эришдим. Маҳалла аҳлининг дуосини олиб муборак сафарга келдим. Илоҳим, элу юртимиз тинчлиги, осойишталиги, фарзандларимиз камолотини сўраб қилаётган дуоларимизни Яратган ижобат қилсин.
Фазлиддин НАЖМИДДИНОВ,
Наманган вилоятидан.

 

Эҳтиромдан бошимиз кўкда
«Мен автомобилларга техник хизмат кўрсатиш соҳасида 30 йилдан кўпроқ меҳнат қилдим. Аллоҳ насиб қилган экан, бу йил ҳаж сафарига келдим. Келишимдан олдин, маҳалламизда бир ночор оилани уйини битказишга, яна бир боқувчисини йўқотган оилага қўлдан келганча ёрдам кўрсатдим. Аллоҳга ёққан бир эзгу ишим бор экан-ки, Ўзини улуғ байтини зиёрат қилиш, ҳаж ибодатини адо этиш бахтига муяссар қилди. Шу ўринда бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман: мен Мадина ва Макка шаҳарларида ўзбекистонлик ҳожиларимиз учун ажратилган меҳмонхоналар ва улардаги шарт-шароитлардан, очиғи, ҳайратга тушдим. Чунки, юряпмиз, кўряпмиз, эшитяпмиз, солиштиряпмиз бошқа давлатларнинг ҳожиларига бундай эътибор йўқ. Бу эҳтиромдан бошимиз кўкда. Ҳар гал Каъбани тавоф қилар эканмиз, ана шундай қулайликларни бизга ҳозирлаб берган давлатимиз Раҳбарини, барча-барчани дуоларимизда эслаяпмиз, юртимизга тинчлик-осойишталик, барқарорлик, халқаро майдонда номимиз ва ўрнимиз бундан-да сарбаланд бўлишини сўраяпмиз».
Толибжон ИМОНҚУЛОВ, Андижон вилояти, Марҳамат туманидан.

2505 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top