Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат: Асосий мақсад зиёратчилар ибодат ҳаловатини топишидир

Ҳаж амалларини адо этишга ҳозирлик кўраётган юртдошларимиз қалблари ўзгача қувончга тўлиб, ибодат завқини ҳис этмоқдалар. Боиси бу ердаги қулай шарт-шароитлар, яратилган имкониятлар жуда ҳам юқори даражада.
Макка шаҳридаги ишчи гуруҳининг билдиришича, зиёратчиларимизга Маккаи мукаррамада замонавий меҳмонхона ўзбекистонлик зиёратчилар хизматида бўлмоқда. Айни кунларда, зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхонада барча қулайликлар муҳайё қилинган.

5 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари зиёратчиларнинг таомланиш жараёнлари билан яқиндан танишдилар, улар билан биргаликда тамадди қилдилар.
Айтиш жоизки, Ўзбекистондан борган 15 нафар моҳир ошпазлар зиёратчиларимизга ўзларини ҳудди ватандагидек ҳис этишлари ва ибодатларда енгиллик бўлиши учун муносиб таомларни тортиқ этишмоқда.
Муфтий ҳазратлари зиёратчиларнинг таомномасида иссиқ кунларда одамларни зўриқтирмайдиган ва ибодат қилишларига ҳалал бермайдиган овқатлар бўлишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, миллий таомлар, парранда, балиқ ва енгил ҳазм бўладиган овқатлар тайёрлашини ошпазларга тавсия этдилар. Кучли қовурилган, ёғли ва ҳамрли таомлардан имкон қадар сақланишни билдирдилар.
Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати томонидан таомлар сўнггида олма, хурмо, нок, банан каби ҳўл мевалар ҳамда қатиқ каби сут маҳсулотлари берилмоқда. Иложи борича кўпроқ сув ва шарбатлар ичиш шифокорлар томонидан тавсия этилмоқда, чунки иссиқ об-ҳаво шароитида организмда суюқлик миқдорини нормал даражада сақлаб туриш учун жуда ҳам муҳимдир.

Бир сўз билан айтган-да, зиёратчиларимизга барча шарт-шароитлар энг юқори даражада муҳайё қилинган, асосий мақсад эса уларнинг ибодат ҳаловатларини топишларига хизмат қилишдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2478 марта ўқилди

Янгиликлар

Top