Ўзбекистон янгиликлари

Ҳожиларнинг қурбонликлари сўйилди

Ҳаж палласи Аллоҳ таолони зикр қилиш авжига чиқадиган мавсум. Бунинг авжи эса Қурбон ҳайити кунлари бўлиб, қурбонлик сўйиш билан янада маромига етади. Буган ҳар бир ҳожи номидан Аллоҳнинг йўлида чорва ҳайвонлари қурбонлик қилинди.

Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожиб амалдир. Қурбонлик қилиш ҳур, оқил, муқим ва закот нисобига молик бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонлик қилишнинг улуғ амал экани ҳақида Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларида баён этилган: “Қурбонлик кунлари Одам боласи қиладиган амаллар ичида қон оқизишдан (жонлиқ сўйишдан) кўра, Аллоҳга маҳбуброқ амал йўқдир...” (Имом Термизий ривояти). 

Яна бир ҳадиси шарифда бу дунёда қурбонлик учун сўйилган жонлиқнинг қиёмат куни Сирот кўпригидан ўтар пайтда ҳозир бўлиб, соҳибини ўзининг устига миндириши ва Сиротдан олиб ўтиши ҳақида айтилган.

Қурбон ҳайити бошқа байрамлардан шуниси билан ажралиб турадики, мазкур айёмда Аллоҳ йўлига қурбонлик қилинган ҳайвонлар гўштлари узоқ-яқиндаги муҳтожлар, етим-есирларга ва эҳтиёжманд кишиларга тарқатиш ила уларнинг кўнгиллари шод этилади. 

Саудия Арабистони ҳукумати ҳам ҳожиларимизнинг қурбонлик гўштларини узоқ минтақалардаги оғир шароитларда кун кечираётган мўмин-мусулмонларга етказиш билан ушбу савобли ишни янада зиёда айлайди.

Барча ҳожиларнинг қурбонликларини Ҳақ таоло қабул айласин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2124 марта ўқилди

Янгиликлар

Top