Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат барчани янги ўқув йили билан қутладилар

4 сентябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги ҳамда 2019-2020 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради. Анъанага кўра, Қуръони карим тиловат қилинди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан янги ўқув йилини баракали ўтишини сўраб дуолар қилинди.
Сўнг Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров сўзга чиқиб, институтда эришилган ютуқлар ва ўзгаришларни таъкидлаб, бошланаётган ушбу ўқув йилига омад ва зафарлаб тилаш учун сўзни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига берди.
Муфтий ҳазратлари барчани янги ўқув йили билан қутлаб, шундай дедилар:
– Сиз азизларни мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами ҳамда бошланаётган янги ўқув йили билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти номидан ҳамда шахсан ўз номимдан самимий муборакбод этаман. Кейинги йиллар мобайнида диний таълим муассасалари фаолиятида катта ютуқларга эришилди. Сизлар яратиб берилган шароитлардан унумли фойдаланиш билан бирга, ўз устларингизда янада самарали меҳнат қилиб, халқимизга муносиб фидокор, юртимизга, динимизга сидқидилдан хизмат қиладиган етук инсонлардан бўлишингизни Аллоҳ таолодан сўраб дуолар қиламиз, - дедилар.
Муфтий ҳазратлари бу олий даргоҳдан қандай улуғ алломалар, дин арбоблари ўтганини эслаб, талабаликка қабул қилинган илму толибларга аждодларга муносиб авлод бўлишини тилаб, зарур тавсиялар бердилар.
Шунингдек, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси раиси А.Каримов талабалар, аввало кучли билимга эга бўлиши, бу ерда устозлардан илм олишда ва одоб-аҳлоқ сабоқларини ўрганишда тиришқоқ, қолаверса Ислом динини нафақат ўз юртида, балки дунёга етказа оладиган салоҳиятга эга бўлишлари кераклигини таъкидлади.


Тадбирдан сўнг муфтий ҳазратлари Ислом институтида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар билан танишдилар.
Аллоҳ таборака ва таолодан барча илм толибларига манфаатли илм ато этишини сўраймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2588 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top