Ўзбекистон янгиликлари

Риштон кулолчилиги дунёни ҳайратга солмоқда

Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро ҳунармандчилик фестивалида Риштон кулолчилик мактабининг вакиллари ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фарғонага келган хорижлик сайёҳ ёки меҳмон албатта Риштон туманига ташриф буюради. Чунки бу ернинг уста ҳунармандлари томонидан тайёрланаётган кулолчилик маҳсулотлари ҳар қандай кишини мафтун этади.

Риштон – Буюк Ипак йўлида ташкил топган, Фарғона водийсининг энг қадимий шаҳарларидан бири. Қадим замонлардан Марказий Осиёдаги энг йирик ажойиб сирланган сопол буюмлар маркази ҳисобланади. Шаҳар номи жойлашув жойига кўра, кулол тупроғи қизил гил – қизил рангга эга бўлиб, қадимий сўғд “Раш” (“Руш”, “Руши”) – “қизил ер” сўзидан пайдо бўлган.

XIV асрда кўплаб кулоллар Амир Темур ва авлодларининг буюк қурилиш лойиҳаларида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига кўчиб келишларига тўғри келган. Бироқ, Темурийлар сулоласининг таназзулга учраши билан, Риштон ҳам инқирозга учради.

XVIII асрдан бошлаб Риштон (Рушдон, Рошидон) шаҳри аста-секин қайта тикланган ва XIX аср ўрталарида ҳудуддаги сирланган идишларни ишлаб чиқариш бўйича йирик марказ номини қайтадан қайтариб олган.
Риштонда ўрта асрларда йўқолиб кетган ганч – чинни ишлаб чиқариш техникасини XVIII асрда қайта тиклаган ака-ука Абду Жалол (“Уста Абдужалол”, “Уста Жалил”) ва Абдужамил (“Уста Абдужамил”, “Уста Кури”) ўз ишларининг буюк усталари ҳисобланган. Кулоллар чинни ишлаб чиқариш усулини Кашғар ва Эрон давлатларидан олиб келган. Уларнинг шогирди Калли Абдулло (“Кал Абдулло”) лақаби остидаги – чинни мутахассиси Абдулла Кулол (1797-1872) оқибатда Риштоннинг барча кулоллари учун Уста-оқсоқол бўлиб етишган.

XIX аср бошларида Риштоннинг кулол маҳсулотлари нафақат Фарғона водийсида балки бутун Марказий Осиё бўйича юқори талабга эга бўлган. Шаҳар 300 тадан ортиқ киши ишлайдиган 100 га яқин кулол устахоналарини ўз ичига олган. Ушбу даврда Қўқон хонлиги ва Шарқий Туркистон ҳунармандлари билан узвий алоқалар ўрнатилган.

XIX асрнинг 70-йилларида уста Абдулла-Калли бошчилигида Риштон ҳунармандлари билан биргаликда Қўқонда Саид Муҳаммад Худоёрхоннинг саройи – Ўрдани безаги билан шуғулланган. Уларнинг санъати Қўқон хонлиги ҳукмдори томонидан юқори баҳоланган. Худоёрхон фармойиши билан саройнинг жанубий қаноти томонида “куфи” ёзуви туширилган.

Риштон буюмлари, миниатюралари жаҳондаги санъат шайдолари орасида ҳам катта шуҳрат қозонган. Ҳеч бир ҳудуднинг кулолчилик намуналарига ўхшамайдиган бу санъат асарлари АҚШ, Буюк Британия, Франция, Польша, Швеция, Ироқ, Эрон, Миср каби мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда намойиш қилиниши ва жаҳон оммаси эътирофига сазовор бўлиши Риштон кулолларининг истеъдодидан далолат беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2636 марта ўқилди

Янгиликлар

Top