Ўзбекистон янгиликлари

Никоҳ тўйини дабдабали ўтказишни истамаган йигит эҳсон дастурхони ёзди

Топганини қариндош-уруғ, қўни-қўшнилари билан баҳам кўрадиган халқимиз тўйлари билан машҳур. Бу тўйларда халқимизнинг бой маънавий мероси, маданияти акс этади.

Минг афсуски, бугун айрим ҳолларда никоҳ маросими ортиқча ҳашамга айланиб кетмоқда. Никоҳ тўйи маросимлари ҳаддан зиёд дабдабали ўтмоқда.

Ёшларимиз миллий урф-одатларимиз қолиб, четдан кириб келган ўзгача одатлар асосида никоҳ тўйини ўтказмоқда. Ким ўзарга тўй қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш каби ортиқча иллатлар авж олаётгани киши дилини хира қилади.

Қиммат ресторанда тўй қиламиз, фалон санъаткорларни чақирамиз, деб ота-онасига шарт қўяётганлар ҳам топилади. Тўй соҳиби катта харажат учун қарз кўтаради ёки кредит олади. Шунинг ортидан оилавий можаролар, низо-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасида совуқчилик кўпайиб бораяпти. Ваҳоланки, тўкин-сочин дастурхон, тўйга сарфланган харажатларни камайтириб, ёш оиланинг рўзғорини бут қилиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тўй маросимларини ихчамлаштириш, ортиқча дабдабага берилмаслик борасида турли тадбирлар ўтказиб келмоқда.

– Тўй ва маросимлар дабдабаси, сохта мақтовлар, маҳаллалардаги урчиган гаплар ҳар қанча чиройли кўринмасин бу, аввало, катта исроф, динимизга ёт тушунчалардир, – деди “Ал Ҳудайбия” жоме масжиди имом-хатиби Муродуллоҳ Хуназаров. – Маърака-маросимларда беш хил, баъзан етти хил таом тортилиши керак, деган тушунчалар биз инсонларнинг қорин ғамига муккасидан кетганимиздан дарак. Тўйлардан кейин ортиб қолган таомлар, масаллиқлар, айниқса, энг азиз неъмат бўлган нон негадир ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Исрофгарчилик гуноҳ эканлигини эсламай ҳам қўйдик. Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Бу тўғрисида Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз ҳадисларида мусулмонларни огоҳ бўлишга чақирган кўрсатмалар бор.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари ташаббуси билан бир ёш келин-куёвнинг никоҳ тўйи маросимига фақат имконияти чекланган инсонларни таклиф этиш орқали уларнинг кўнгилларига шодлик улашиш мақсад қилинган эди. Мазкур хайрия тадбири Тошкент шаҳридаги “Версал” кошонасида бўлиб ўтди.

– Ҳар бир ишда меъёр ва мўътадиллик бўлиши зарур. Ана шунда исрофгарчиликка йўл қўйилмайди. Бу икки нарса кишининг ҳавойи-нафсига қўйилган қопқондир. Тўй қилиш деганда, албатта дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга таом ёки керакли маблағни бериш энг катта савобдир. Орамизда буни англаб етган ёшлар ҳам талайгина. Яшнобод туманида тадбиркорлик фаолиятини олиб борадиган бир йигит олдимга келиб, уйланаётганини, никоҳ тўйини дабдабали қилиб ўтказмаслигини айтди. Савоб олиш ниятида бугун юз нафардан ортиқ кам таъминланган, имконияти чекланганлар учун дастурхон ёзди. Уларнинг ўксик кўнглига далда бўлиш, дуосини олиш дабдабали тўй қилиб, мақтанишдан минг марта яхши, – деди М.Хуназаров.

Йиғилганлар юртимиз тинчлигига шукрона айтиб, келин-куёв ҳақига дуо қилди.

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА

2603 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top