Ўзбекистон янгиликлари

Индонезия хор жамоаси ижросида Ўзбекистон мадҳияси янгради

Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигини нишонлаш доирасида Индонезиянинг Жакарта шаҳрида Ўзбекистон маданият кунлари ўтказилди.

Хусусан, таниқли ўзбек бош ошпази Баҳриддин Чустий иштирокида пазандалик бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди. Дипломатик корпус, бизнес ҳамжамият, Индонезия етакчи ОАВ вакиллари меҳмон бўлган ушбу тадбирга ўзбек миллий либослари кўргазмаси ташкил этилди.

Ўзбекистон маданият кунлари доирасида мамлакатимиз ижодий гуруҳ вакиллари Индонезиянинг йирик медиа гуруҳларидан бири “Transmedia” ток-шоуларида иштирок этди. Хусусан, “Trans TV”, “Trans7” телеканалларида тўғридан-тўғри эфирга узатилган “Brownis”, “Opera Van Java” дастурларида ижодий гуруҳ миллий куй-қўшиқлар, опера ва рақс санъатимизни телетомошабинлар эътиборига ҳавола этган.

Мамлакатимизнинг Индонезиядаги элчихонаси тақдим этган маълумотларга кўра, мазкур телевизион дастурларни 60 миллиондан зиёд индонезиялик томоша қилган.

Шунингдек, Жакартанинг “Hotel Indonesia Kempinski” меҳмонхонасида Ватанимиз мустақиллиги санасига бағишланган тантанали қабул маросими ташкил этилган. Ушбу тадбирда Индонезия ҳукумати, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган. Маросимда Индонезия хор жамоаси ижросида Ўзбекистон мадҳияси янграган.

Ўзбекистон маданият кунлари доирасида мамлакатимиз туризм соҳаси вакиллари “Islamic Tourism Expo 2019” кўргазмасида ҳам қатнашиб, иштирокчиларни юртимиз сайёҳлик салоҳияти билан таништирган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1896 марта ўқилди

Янгиликлар

Top