Ўзбекистон янгиликлари

Эртага қуёш тутилади. Мусулмон одам нима қилиш керак?

Улуғбек номидаги астрономия институтининг маълум қилишича, 26 декабрь куни Ўзбекистон ҳудудининг ҳамма жойида қисман қуёш тутилиши кузатилади.

Ўзбекистонда бу ҳодиса Тошкент вақти билан соат 08:00 да бошланади, максимум фазаси эса 09:00 да кузатилади. Шу пайтда ой қуёш диаметрининг 38 фоизини тўсади. Тошкент шаҳрида қуёш тутилишининг умумий давомийлиги 2 соату 6 дақиқани ташкил этади. Тутилишнинг тўлиқ фазасида қуёш юзасининг 96 фоизи ой томонидан тўсилади.
Ҳалқасимон қуёш тутилиши бу қуёш юзасининг маркази ой томонидан тўсилганида, соя атрофида ингичка ёруғ ҳалқа ҳосил бўлишидир. Қуёш тутилишининг ҳалқасимон бўлиши ой ва Ер орасидаги масофанинг одатдагига нисбатан каттароқ бўлиши билан изоҳланади. Ой ерга қанчалик яқин пайтда тутилиш бўлса, қуёшнинг шунчалик катта қисми тўсилади.

Ислом дини қуёш тутилиши хусусида нима дейди? 
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ушбу Аллоҳ юборадиган оятлар бировнинг ўлими ёки ҳаёти учун бўлмайди. Лекин Аллоҳ уларни бандаларини қўрқитиш учун юборади. Бас, улардан бир нарсани кўрсангиз, Аллоҳга зикр ва дуо қилишга, истиғфор айтишга шошилинг», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Қуёш билан ой ҳар қанча улкан, ҳар қанча аниқ ҳаракатда, ҳар қанча кўп фойда-манфаат бераётган бўлса-да, баъзи бир қавмлар эътиқод қилганларидек, улар Худо эмас. Балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек, Аллоҳ таолонинг махлуқларидан икки махлуқ, холос. Аллоҳ таоло эса ўз махлуқларида нимани хоҳласа, ўшани жорий қилади. Жумладан, хоҳлаган пайтда қуёшни ёки ойни тутилтиради. Шундоқ улкан нарсалар, ҳатто баъзи қавмлар худо деб эътиқод қиладиган нарсалар тутилиб, асл ҳолидан бошқа бир ҳолга тушиб, ҳолатининг ёмонлашуви ожиз бандаларнинг эътиборини тортиши керак. Чунки қуёш ва ойдаги бу ўзгариш дунёнинг бутунлай ўзгариб кетишига, қиёмат қоим бўлиб кетишига бошланиш бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар қуёш ва ойнинг тутилишини кўришлари билан Аллоҳ таолонинг қудратига тан бериб, У зотга ёлвориб дуо қилишлари, намоз ўқишлари керак. Мазкур дуо ва намозлар то тутилган қуёш ёки ой очилиб кетгунча бўлиши керак.
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Қуёш тутилиб қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, ридоларини судраб (тезлаб) масжидга кирдилар. Биз ҳам кирдик. Бас, биз билан то қуёш очилиб кетгунча икки ракат намоз ўқидилар». Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида, «ушбу намозингизга ўхшаган икки ракат намоз ўқидилар», дейилган. 
Жумҳур уламолар наздида кусуф намози суннатдир. Ҳанафий мазҳаби ушбу ҳадисни олиб, кусуф намози ҳам бошқа нафл намозларга ўхшаган бўлади, дейди.
Аллоҳ таоло хоҳласа, бир зумда ҳамма ёқни остин-устин қилиб, осий бандаларни ҳалок қилиб, улардан интиқом олишининг осонлигини мазкур ҳодисалардан тушуниб олиш керак. 
Шунинг учун мазкурларга ўхшаш ҳодисалар содир бўлиши билан дарҳол Аллоҳга ёлборишга ўтиш керак. Аллоҳ таолонинг зикрини қилиб, дуолар қилиб, У зотга истиғфор айтишга ўтмоқ зарур. Чунки бало-офатларга дучор қиладиган ҳам, улардан сақлаб қоладиган ҳам Аллоҳнинг ўзи.

манба: Azon.uz

2836 марта ўқилди

Янгиликлар

Top