Ўзбекистон янгиликлари

Бу йил диний таълим муассасасига нечта талаба қабул қилинди?

Илм-у маърифатга  эътибор бериш ва унга тарғиб қилиш ҳамда жамият  тараққиётида  Ислом динининг  ўрни беқиёс. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга биринчи нозил қилган ваҳийси, Қуръони каримнинг энг аввалги саналмиш Алақ сураси 1-5 оятларида бутун инсониятни ўқиш, илм олиш ва ёзишга буюриб шундай марҳамат қилади:

Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта  қондан яратди. Ўқинг!Раббингиз  эса карамлидир.     У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди”.

Бугун, мамлакатимизда шиддат билан кечаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ диний таълим сифати ва самарадорлигини ошириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Биргина 2019-2020 ўқув йилида мамлакатмизда мавжуд диний таълим муассасаларига жами 346 нафар ёшлар талабаликка қабул қилинди. Бундан ташқари, 58 нафар абитуриент оширилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинди. Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятлари бўйича 23 нафар ёшлар мақсадли қабул асосида ўқишга олинди.

Самарқандда энг замонавий шаклда Ҳадис илми олий мактаби иш бошлади. Олий мактаб учун 12 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинди. Миср давлатидан келган Ал-Азҳар университети Ҳадис бўйича фан доктори, профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон ҳамда Араб тили фани бўйича Ал-Азҳар университети доктори, профессор Али Саад Ҳадис илми олий мактаби талабаларига дарс бериб келмоқдалар.

Масжидларда меҳнат қилаётган ўрта маълумотли имом-хатиблар учун илк маротаба Ислом институтида 3 йиллик Модуль таълим тизими жорий этилди. Жорий  ўқув йилида 120 нафар ўрта маълумотли имом-хатиблар машғулотларни бошладилар. “Вақф” фонди томонидан Тошкент шаҳридаги собиқ “Олтин тепа” масжиди биноси ўқув хоналари, талабалар турар жойи ва ошхона учун мослаштирилиб, барча зарур жиҳозлар ва уч маҳал бепул иссиқ овқат билан таъминланди.

“Хадичаи Кубро” ва “Жўйбори Калон” мадрасаларида 3 йиллик таълим тизимини жорий қилинди ва отинойилар, диний-маърифий ходимлар малакасини ошириш мақсадида Малака ошириш бўлими ташкил этилди.

Диний таълим муассасалари ташкил этилган “Араб тили”, “Қуръони карим ва тажвид” бўйича ўқув курслари ташкил этилиб, 4540 нафар тингловчи қамраб олинди. Шунингдек, эшитишда нуқсони бор ва ногирон фуқаролар учун Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасасида бепул ўқув курслари ташкил этилди.

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2079 марта ўқилди

Янгиликлар

Top