Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари ёш имомлар ва талабалар билан учрашдилар

Бугун, 16 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида малака ошираётган юртимиз жоме масжидларда меҳнат қилаётган ёш имом-хатиблар ва талабалар билан мулоқот ўтказдилар.
Хабарингиз бор, 2019 йил 27 декабрь куни муҳтарам Президентимиз бошчиликларида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар маънавиятини юксалтиришга бағишланган йиғилишда баркамол авлод таълим-тарбияси борасида қилинаётган кенг кўламли ишлар баробарида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар тўғрисида ҳам сўз юритилган эди.
Давлатимиз Раҳбари мафкуравий хуружлар авж олган ҳозирги глобаллашув шароитида маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, деган ҳикматларини доимо ёдда сақлаш муҳимлигини алоҳида қайд этдилар.
Аллоҳ таолога шукрки, муҳтарам Юртбошимизнинг ғамхўрликлари ва саъй-ҳаракатлари ила ёшларни илм-маърифатли, одоб-ахлоқли этиб тарбиялашга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Ўз навбатида, ёшларда ғоявий таҳдидларни вақтида илғаб, уларга қарши иммунитетни кучайтириш масаласи ҳам тобора долзарб вазифа бўлмоқда.
Шу мақсадда, бўлиб ўтган учрашувда муфтий ҳазратлари ёш имом-хатиблар бугунги кун билан ҳамнафас бўлиши, Ислом дини таълимотларини тараннум этишга жидду жаҳд қилиши, юртимизда ва жаҳонда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиши ҳамда доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашлари тўғрисида сўзладилар.
Шунингдек, бугунги кунда ёш имом-хатиблар олдида турган муҳим вазифалар, хусусан, ўз устиларида мунтазам ишлашлари ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашда уларнинг ўрни каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан сўнг муфтий ҳазратлари ва қўмита раиси Ислом академиясининг талаба-ёшлари билан учрашиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитдилар.
Муфтий ҳазратлари ёшларга оид давлат сиёсати асосида навқирон авлоднинг замонавий билим олиши, турли йўналишларда истеъдодини намоён этиши, жамиятда муносиб ўрин топиши йўлида амалга оширилаётган ишлар, уларнинг самаралари ва бугунги кунда ёшларга давлатимиз Раҳбари томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор ҳақида тўхталдилар.
Якунда ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, ташвишга солаётган муаммолари юзасидан муфтий ҳазратларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, саволларига жавоб олдилар.

Куннинг иккинчи ярмида муфтий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Аҳмедов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ташриф буюрдилар.
Бугун замон шиддат билан ўзгариб боряпти. Шунга яраша одамларнинг маънавияти ва маърифати ҳам юксалиб боряпти. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, глобаллашув даврида одамларни тўғри йўлдан чалғитадиган, айниқса, ёшларни турли йўллар билан ўзларининг ғаламис ниятлари ортидан эргашишга ундаётган кимсалар ҳам йўқ эмас. Худди ана шундай кишиларнинг ҳийлаю найрангларидан ёшларни асрашни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Бежиз муҳтарам Юртбошимиз юртимизнинг турли ҳудудларига ташриф буюрганларида ёшлар билан мулоқот қилмаяптилар. Чунки бугун дунёда вазиятнинг беқарорлашишида, асосан, навқирон авлод вакилларининг иштироки кўп кузатиляпти. “Бухорийлар, термизийларга бешик бўлган юртдан терроризм, экстремизмга алоқадор ёшларнинг чиқиши мумкин эмас”, дея кўп бора таъкидлайдилар муҳтарам давлатимиз Раҳбари.
Дарҳақиқат, ғаразли кучлар одамларга энг тез ва самарали таъсир қиладиган восита – Ислом динимиздан фойдаланишаётгани ҳеч кимга сир эмас. Дин ниқоби остида ёшларга манфур ғояларни сингдиришга, уларни ўз измларига солишга уринишаётгани ҳам бор ҳақиқат. Аммо муаммонинг оғриқли жиҳати шундаки, ёлғон ғояларга билиб-билмай эргашаётган бундай ёшлар юртимиздаги турли дин вакилларининг тотувлик, бағрикенглик тамойиллари асосида ҳаёт кечиришаётганидан наҳотки бехабар бўлишса?
Наҳотки, бу ёшлар кўпконфессияли юртимиздаги динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат-эътибор барча миллат ва элатларнинг мамнунлигига, осуда ва фаровон ҳаётимизга асос бўлаётганини билишмаса?
Ана шундай вазиятда диний таълим муассасалари талабалари, имом-хатибларнинг хизмати беқиёс бўлиши керак. Чунончи, улар юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни аҳолига, хусусан, билиб-билмай адашиб турли оқимлар таъсирига тушиб қолган ёшларга аниқ мисоллар асосида очиб бериши керак. Биргина 2019 йилнинг ўзида мамлакатимизда ўнта жоме масжид мусулмонларнинг ихтиёрига топширилгани, Ҳадис илми олий мактаби иш бошлагани, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси фаолияти йўлгани қўйилгани, Марғилонда фиқҳ, Самарқадндда ҳадис, Қаршида калом, Бухорода тасаввуф мактаблари иш бошлагани... Мисолларни яна кўплаб давом эттириш мумкин.
“Дарвоқе, бугун ҳамма соҳада юртимиз байроғини баланд кўтараётган ёшлар кўплаб учрайди. Худди шундай, диний соҳада ҳам ёшлар бухорийлар, термизийлар, насафийлар авлоди эканини амалда исботлаш ватқи келди”, – дея таъкилади муфтий ҳазратлари.
Тадбир сўнгида Тошкент ислом институтининг 3-курс талабаси Ҳумоюн Нодиров олий диний таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича бошқа соҳалардаги тенгдошлари қатори чет элларда таълимнинг кейинги босқичини давом эттириш ва бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Аҳмедовдан атрофлича жавоблар олди.
Йиғилиш сўнгида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ватанимиз тараққияти, динимиз равнақи йўлида тинимсиз илм олиб, эл корига ярайдиган баркамол шахслар бўлиб етишишлари учун талаба-ёшлар ҳақига дуои хайрлар қилдилар.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2472 марта ўқилди

Янгиликлар

Top