Ўзбекистон янгиликлари

Яна бир устоз, моҳир қори имом ноиби этиб тайинланди

2020 йил 30 январь куни Тошкент шаҳридаги “Убай ибн Каъб” жоме масжидига хушхон ҳофиз Авазбек қори Давлатов имом ноиби этиб тайинланди.

Авазбек Давлатов Акбарали ўғли 1983 йил 29 июлда Андижон вилояти Марҳамат туманида зиёлилар оиласида дунёга келган. Қуръон илмини Ўш шаҳридаги Абдулмуталлиб қори дада роҳимаҳуллоҳдан олиб, Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган. Авазбек қори 1990-1999 йилларда ўрта мактабда таълим олган. 1999-2000 йилларда «Саййид Муҳйиддин Махдум» ўрта махсус Ислом билим юрти тайёрлов курсида таълим олган. Таълим даврида мадрасанинг катта устозларидан Раҳматуллоҳ қори ака қўлларида Қуръони каримни яна қайта ўтказиб олган. 2000-2004 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти (олий маъҳад)ни тамомлаган.

2005 йилда Саудия Арабистонида Фаҳд ибн Абдулазиз номидаги Халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этиб, совринли ўринни эгаллаган.

2006-2007 йилда Дамашқдаги шайх Аҳмад Юсуф Даббонийзодадан Осим қироатининг икки ривояти бўйича Қуръони карим ижозасини олган.

Авазбек қори биринчи маротаба Андижон вилоятида хатми Қуръон қилиб, таровеҳ намозларига ўта бошлайди. Шундан сўнг 2000-2004 йилларда Тошкент шаҳар «Дўстжонбой» жоме масжидида, бир неча йил «Жўрабек» (ҳозирги Ислом ота), 2017 ва 2018 йилларда  «Ислом ота» жоме масжидида хатми Қуръон таровеҳ намозларида иштирок этган.

2019 йилда Тошкент шаҳридаги Таровеҳ намозларида ўтказилган хатми қуръонларларда қориларнинг қироати, ҳифз, тажвид, тараннум билан ўқишларини назорат қилиш ишларига жалб қилинган.

2018 йилда Ўзбекистон Республикаси президенти ташаббуси билан ўтказилган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”нинг барча босқичларида ҳакамлик  қилган. Аллоҳ таоло инъом этган илми ва ширали овози билан кўплаб мухлис ва устозлар муҳаббатига эришиб келмоқда.

Авазбек қори Давлатовга янги вазифада Аллоҳ таолодан куч-қувват ва муваффақиятлар тилаймиз.

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2131 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top