Ўзбекистон янгиликлари

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномаси: Ҳаракатлар Стратегиясининг 3 йиллик самараси ва 2020 йилга белгиланган устувор вазифалар» мавзусида халқаро форум ташкил этилди

Жорий йилнинг 14 февраль куни «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида «Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномаси: ҳаракатлар Стратегиясининг 3 йиллик самараси ва 2020 йилга белгиланган устувор вазифалар» мавзусида халқаро форум ташкил этилди.

Халқаро форумда давлат бошқаруви органлари, ННТлар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар элчихоналари вакиллари, ёшлар, экспертлар, мутахассислар, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Форумда ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишлар ҳақида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комилов сўзга чиқиб, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, юртимизда диний бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатлар ҳақида йиғилганларга атрофлича маълумот берди.

Шунингдек, у ўз сўзида 2018 йил 12 декабрь куни Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг махсус “Маърифат ва диний бaғpикeнглик” резолюцияси қабул қилингани, мазкур резолюция нафақат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватлангани, балки Шимолий Америка ва Лотин Америкаси, Осиё, Африка ва бошқа қитъаларнинг 50 дан зиёд мамлакати билан ҳаммуаллифликда қабул қилинганини алоҳида қайд этди.

Ўз навбатида, анжуманда бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 16 диний конфессияга мансуб 2276 диний ташкилот мавжудлиги, уларнинг 2093 таси исломий, 183 таси ноисломий, хусусан 166 та христиан, 8 та яҳудий, 6 та баҳоий жамоалари, биттадан Кришнани англаш жамияти ва Будда ибодатхонаси, Библия жамияти фаолият юритаётгани, ушбу диний ташкилотларнинг эмин-эркин ўз ибодатлари, маросимларини бажаришлари учун қулай шароитлар яратилаётгани – юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенгликнинг амалий ифодаси экани таъкидланди.

Халқаро форумда ўтган 2019 йилнинг ўзида республика бўйича 10 та масжид ва 8 та черков очилгани ҳам фуқароларнинг эътиқод эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлашга ёрқин мисол экани, ислом илм-фани ва маданиятининг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида охирги уч йида Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, форумда республикамизда турли динларга эътиқод қилувчилар диний байрамлари, хусусан, мусулмонларнинг икки Ҳайит, насронийларнинг Пасха ва Рождество, яҳудийларнинг Пейсах, Пурим ва Ханука байрамлари кенг нишонланаётгани, турли конфессия етакчиларининг диний байрам кунлари бир-бирларини табриклаб, тадбирларда иштирок этишлари анъанага айлангани бағрикенгликнинг ёрқин ифодаси экани алоҳида қайд этилди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

 

1793 марта ўқилди

Янгиликлар

Top