Ўзбекистон янгиликлари

БУЮК ФАҚИҲ
Имом Маждуддин ал-Уструшаний таваллудининг 840 йиллигига
 
Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Имом Бухорий, ал-Хоразмий, ат-Термизий, ал-Беруний, Ибн Сино, Марғиноний, Мотуридий, Замахшарий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Зангиота, Насафий, Қаффол Шоший сингари улуғ сиймоларимизни бугун дунё танийди, тан олади. Уларнинг бебаҳо асарлари жаҳоннинг йирик университетлари дарсликларига киритилган. Илмий-маънавий меросига қизиқиш йилдан-йилга ошиб бормоқда. 
 
Мусулмон оламида маълум ва машҳур бўлган яна бир буюк зот бор. У улуғ бобокалонимиз Имом Маждуддин ал-Уструшаний! Жорий йилда илмий жамоатчилик, қатор мусулмон мамлакатлари ушбу аждодимизнинг 840 ёшини нишонлайди. Хўш, бу зот ким эди? 
 
Яқин яқингача аллома номи кўпчилик юртдошларимиз учун нотаниш эди. Чунки ҳаёти ва мероси ҳақидаги маълумотлар етарли бўлмаган. Асарлари чуқур ўрганилмаган. Ниҳоят бу хайрли ишга “Қуръони карим. Маъноларининг таржима ва тафсири”дек ноёб асарни халқимизга туҳфа қилган атоқли шарқшунос ва исломшунос олим Шайх Абдулазиз Мансур бошчилигида ёш тадқиқотчи олим, тарих фанлари номзоди Муслим Атаев қўл урди. У узоқ йиллар давомида фақиҳ ал-Уструшаний яшаган давр манбаларини чуқур ўрганди, уларни ўзаро қиёсий таҳлилдан ўтказиб, тадқиқ этди. Якунда тарихий маълумотларни тартибга солиб тизимлаштирди. Шунингдек, XII аср охири ва XIII аср биринчи ярми ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари, маданияти, илму маърифатини ўрганиб, илмий хулосаларини эълон қилди. Шу тариқа “Маждуддин ал-Уструшанийнинг Мовароуннаҳр фиқҳ илми тарихида тутган ўрни” мавзуидаги номзодлик диссертацияси муваффақиятли ёқланди.
 
Ушбу тадқиқот орқали Жиззах воҳаси уламолари ҳам ақлу зако, илму маърифат бобида ислом дунёсининг пешқадам олимлари билан бўйлаша оладиган даражада бўлгани аниқланди. Шулардан энг етуги сифатида Мавлоно Маждуддин ал-Уструшаний, Соҳиби фусул тахаллуслари билан дунёда машҳур аллома Имом Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Маждуддин ал-Уструшаний номи тилга олинади. 
 
XII аср охири ва XIII аср биринчи ярмида Мовароуннаҳрнинг Уструшана воҳасида таваллуд топиб, устози Бурҳониддин Марғинонийнинг маънавий хазинасидан чуқур баҳраманд бўлган аллома кейинчалик оиласи билан Самарқандга кўчиб ўтади ва назарий-илмий жиҳатдан юксак асарлар яратиб, фиқҳшунослик илмига беқиёс ҳисса қўшади. 
 
Тадқиқот жараёнида Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмалар орасида Имом Маждуддин Уструшанийнинг ҳамон илмий жамоатчик эътиборидан четда қолиб келаётган, ҳанузгача ҳеч бир табақот жанрига оид асарларда қайд этилмаган “ал-Асъила ва-л-ажвиба” (“Саволлар ва жавоблар”) асари мавжудлиги аниқланди. Ушбу рисола аллома ҳаёти ҳақида тамомила янги маълумотларни тақдим этди. Аммо олим ҳақидаги айрим фикр-мулоҳазалар анча ойдинлашган бўлса-да, ҳали баъзи чигалликлар ўз ечимини кутарди. Масалан, мавжуд манба ва тадқиқотларда Имом Маждуддин ал-Уструшаний 632/1234-35 йилда вафот этган, деб қайд этилиб, туғилган йили эса зикр этилмаган эди. Бироқ унинг таваллуд йилини аниқлаш вазифаси турарди. 
 
Тадқиқотчи “Ал-Асъила ва-л-ажвиба” асари хотимасида олимнинг ўзи ёзиб қолдирган қуйидаги жумлага қаратди: “...Лекин кунлар 60 ёшли оқсоқ кампир сингари ўз ёпинчиғига ўраниб, мендан юз ўгириб кетди. ...Китобни тамомлаш тонги ҳижрий 637 сананинг зу-л-қаъда ойининг олтинчи куни пешиндан олдинроқ ёришди”. Мазкур ёзувга таянилса, олим ҳижрий 637/1240 йил 28 майда ҳали ҳаёт, ёши эса 60 да, туғилган санаси 577/1180 йил атрофида деган хулоса чиқади.
 
Бу далил биринчидан, бошқа манбалардаги Имом Маждуддин ал-Уструшаний 632/1234-35 йилда вафот қилгани тўғрисидаги маълумот нотўғрилигини, иккинчидан улуғ фақиҳ омонатини 637/1240 йилдан сўнг топширганини асослайди. Оддий ҳисоб-китоблар ёрдамида алломанинг туғилган санаси 577/1180 йил экани аниқланди. Бундан, 2020 йилда “Китоб ал-фусул”, “Жомиъ аҳком ас-сиғор”, “ал-Фатово”, “ал-Қуруд ва-д-дуюн” ва “ал-Асъила ва-л-ажвиба” каби асарлар қолдирган бобокалонимиз Имом Маждуддин Уструшаний ҳазратлари 840 ёшга тўлади, деган хулоса чиқади. 
Мутафаккирнинг барча илмий-маънавий мероси Мовароуннаҳр, хусусан, Уструшана аҳолиси мўғул истилочилари оёқлари остида хўрланган, битмас жароҳатлар олиб оғир мусибатларга учраган, масжид ва мадрасалари ёқилган, кўпчилик уламолар ўз Ватанини ташлаб ўзга юртларга бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлган машъум даврда ёзилгани маълум бўлди. Масалан, “Китоб ал-фусул” ўз даврига оид энг кўп маълумотларни ўзида мужассам фиқҳий асар бўлиб, ўз замонасининг қозилари ва муфтийлари ишини ислоҳ қилиш ва уларга илмий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш, амалиётдаги ишларини енгиллаштириш мақсадида юздан ортиқ машҳур мужтаҳид ва фақиҳларнинг асарларидан танқидий фойдаланган ҳолда китобот ҳолига келтирилган. Ушбу асарнинг ўнта қўлёзма нусхаси мавжуд бўлиб, улардан тўрттаси Тошкентда, қолганлари Миср, Туркия, Россия, Ҳиндистоннинг қўлёзма фондларида сақланмоқда. 
 
Болалар ҳуқуқларига доир “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари ҳам жаҳон цивилизациялар тарихида биринчи ва ягона изоҳли ҳуқуқий қўлланма сифатида мусулмон мамлакатларида кенг тарқалган ва бугунгача истеъмолда. Зеро, мусулмон оламида Имом Уструшанийдан олдин ҳам, кейин ҳам болалар ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли фиқҳий асар ёзилмади. Унда ҳанафий мазҳаби бўйича ёш болаларга тааллуқли фиқҳга оид тарқоқ ҳолда берилган юзга яқин манбалардан олинган 1280 та фатво келтирилган. Болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳимояси вазиятга қараб дастлаб ота-онаси, улар бўлмаса, яқин қариндоши, улар ҳам бўлмаса, теварак-атрофда яшаётган муомала лаёқатига эга кишилар зиммасига адо этиш вожиб амаллар сифатида юклатилган. Ушбу ҳақларга унинг насаби аниқ бўлиши, эмизилиши, кимнингдир ҳомийлиги, сўнг валийлиги остида бўлиши, нафақа билан таъминланиши ва гўзал таълим-тарбия олиши каби шартлар кирган.
 
Ислом дини болалар ҳуқуқларини улар туғилмасиданоқ муҳофаза қилади. Бунга ажрашган ёки эри вафот этган аёлларга идда сақлаш шарт қилинганини мисол қилиб келтириш мумкин. Бундан мақсад, ҳомиладор аёл қорнидаги боланинг насабини аниқ билишдир. Эри вафот қилган аёлнинг иддаси тўрт ойю ўн кун бўлса, талоқ қилинган аёлнинг иддаси эса уч ойдир. Боланинг насаби аниқ бўлиши унинг энг биринчи ҳақидир. Шу билан бирга, туғилмаган болада ҳам мерос олиш ҳуқуқи бор. Бу ислом шариатида туғилмаган бола ҳам ижтимоий таъминланганига яна бир яққол мисол бўла олади. 
“Жомеъ аҳком ас-сиғор”даги шаръий ҳукм ва фатволар узоқ асрлар синовидан ўтган бўлиб, у ота-она ва болаларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифаларини танитишда ажойиб дурдона асар сифатида қадрлидир. Чунки ноҳақлик ва тажовузкорликнинг ўз вақтида олди олинмаса, бора-бора ундан бошқа иллатлар урчийди. Бундан дастлаб ота-оналарнинг ўзи катта азият чекиб, бир умр боши эгик ҳолда яшаб ўтишлари ҳаётимизда кўплаб учрайди.
 
Ислом ҳуқуқшунослиги асосида битилган ушбу асарда болалар ҳуқуқлари бўйича келиб чиқадиган муаммолар одилона ҳал қилиниб, ижтимоий ҳаётда болаларнинг хавфсизлиги ва асосий ҳуқуқлари дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб саволлар муҳокама қилинган. Унда ушбу соҳада ҳуқуқ-тартибот маҳкамалари учун жуда кўп аниқ далил ва кўрсатмалар берилган. Асар ислом ҳуқуқининг энг муҳим ва мукаммал тизимларини ўзида мужассам этиб, салкам саккиз асрдан бери ўзининг ҳаётийлигини исботлаб келаётир. Уни ҳар томонлама чуқур ўрганиш бизга диёримиздаги диний ҳуқуқ тизимининг муҳим масалалари ҳақида қимматли маълумотлар беради. Ғарб олимлари мазкур асарни “Мовароуннаҳрда яратилган болалар конвенцияси”, “Болалар ҳуқуқлари бўйича Биль” деб атаганларининг ўзиёқ бизга ғурур ва фахр бағишлайди. 
 
Қирқ фаслдан иборат “Ал-Фатово” фиқҳий асарида кундалик ҳаётда учрайдиган масалаларнинг ҳадиси шарифлар, мужтаҳид ва мутасаввифларнинг сўзлари билан изоҳланган фиқҳий ҳукмлари содда ва тушунарли услубда, қисқа жумлалар билан ёритилган бўлса, “Ал-Асъила ва-л-ажвиба”, яъни “Саволлар ва жавоблар” деб номланган асарда XII асрнинг иккинчи ярми ва XIII аср бошида Мовароуннаҳрдаги ижтимоий ва иқтисодий ҳаёт, халқларнинг урф-одатига оид қимматли маълумотлар, ислом оламида шуҳрат қозонган юздан ортиқ фақиҳ ва мужтаҳидларнинг етмишдан ортиқ энг машҳур фиқҳий асарлардан саралаб олиб, нақл қилган фатволари келтирилган. 
 
“Қуррат ал-айнайн фи ислоҳ ад-дорайн”, яъни “Икки дунё саодати учун кўз қувончи” деб номланган асарнинг ягона қўлёзма нусхаси Миср Миллий кутубхонасида I/340 рақам остида сақланади. Алломанинг “ал-Асъила ва-л-ажвиба” китобида қайд этилган “ал-Қуруд ва-д-дуюн”, яъни “Қарз турлари” номли, пул, молия, банкларда кредит бериш ва олиш масалаларига доир асарининг қўлёзма нусхаси ҳали топилмаган.
 
Олимнинг бобоси Маждуддин ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшаний ўз замонасида ҳурматли фақиҳлардан, отаси Маҳмуд ибн Маждуддин ал-Уструшаний “Жалолуддин” (“Диннинг улуғи”) деган шарафли унвонга сазовор бўлган зотлардан, амакиси Бурҳонуддин Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ибн Аҳмад ал-Уструшанийдек “Китоб ал-фатово” номли фиқҳий асар таълиф этиб, зиё тарқатиб келганини инобатга оладиган бўлсак, Имом Уструшанийнинг илмий дунёқараши шаклланишида улуғ фақиҳлар сулоласи ҳамда пок оилавий муҳитнинг аҳамияти бениҳоя салмоқли бўлганини илғаб олиш мушкул эмас.
 
Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган Уструшана (маъноси – Устиравшан, Устиойдин, Ёруғмакон, Нурмакон) таркибига Жиззах воҳаси ҳам киргани маълум. Тарихий манбаларда Уструшананинг маркази — Бунжикетда Уструшана афшини (ҳокими) қароргоҳи, шаҳар ташқарисида қасрлар, боғлар, узумзор ва экинзорлар жойлашгани ҳақида маълумотлар учрайди. Шаҳар атрофи хандақлар билан ўралган. Зомин, Миросманда, Нужкет ва Каҳалбоз деган тўрт дарвозаси бўлган Бунжикет Самарқанддан Жиззах тарафга олти фарсах (60-65 км) масофада жойлашган. Эркак аҳолиси 20 минг кишини ташкил этган. Қадимий шаҳарнинг бугунги кундаги ўрни Жиззах ва Ғаллаорол ўртасида деб тахмин қилинади, археологларнинг мавзу юзасидан олиб борган тадқиқотлари бу масалага ойдинлик киритган бўлар эди. 
 
Бункижетни Истаравшан ёки Шаҳристоннинг қадимий номи деб қараш, Имом Устурушанийнинг ўз қўли билан ёзган асарларига мос келмайди, дейди биз билан суҳбатда Муслим Атаев. Айнан шу олимнинг “Жиззах алломалари” китоби айнан бундан қарийб уч минг йил аввалги тарих китобларида ҳам эътироф этилган Устурушана, қўйингки, Жиззах воҳасида яшаб ўтган ва бугунги кунгача номлари номаълум бўлган юздан ортиқ илмпеша уламолар, шоирлар ва адиблар ҳаёти, уларнинг мероси, илмий ва бадиий ижоди, қолаверса, минтақанинг шаҳар ва қишлоқлари таърифига бағишлангани билан ажралиб туради. 
 
Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг зиёлилар, олимлар ва ваколатли идоралар раҳбарлари олдига қўйган вазифалар ижросини таъминлаб, Имом Устурушанийдек буюк зотнинг ҳаёти, илмий мероси ва аллома яшаган даврни ўрганиш, 840 йиллигини муносиб нишонлаш, унинг юртида зиёратгоҳ барпо этиб, “Зиёрат туризми” йўл харитасига киритиш, кўтарилган масалалар юзасидан илмий анжуманлар ўтказиш, бобокалонимизнинг табаррук номни абадийлаштириш, шу ерлик уламолар ва улар қолдирган бебаҳо асарларини тадқиқ этиш, ўзбек тилига таржима қилиб, нашр қилиш ниҳоятда долзарб ва шарафли ишдир. Зеро, ўзлигимизни англаш, буюк тарихимиздан ғурурланиш туйғуларини юксалтиришда айнан Устурушаний сингари боболаримизнинг ҳаёти ва асарлари доимо биз учун ибратдир. 
 
Муҳиддин ПОЛВОН, адиб
 ЎзА
2077 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top