Ўзбекистон янгиликлари

Юртимиз халқаро анжуманни ўтказишга тайёр

Хабарингиз бор, жорий йил 3-4 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтади. Ундан кўзланган мақсад Имом Мотуридий илмий меросини чуқур ўрганиш, мотуридийлик таълимотининг аҳамиятини очиб бериш, буюк алломалар юрти сифатида Ўзбекистоннинг Ислом цвилизациясига қўшган ҳиссаси ва мавқесини жаҳон миқёсида тарғиб этиш ҳисобланади.
Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган анжуман Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цвилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан ташкил этилмоқда.
Нуфузли тадбирга тайёргарлик доирасида ташкилий ишлар билан бир қаторда “Мовароуннаҳрда мотуридия калом илми мактаби”, “Абу Мансур ал-Мотуридий илмий меъроси ва мотуридия таълимоти”, “Ал-Бидоя фи усулид-дин” китоблар, “Ўзбекистон мусулмонлари идораси” номли фотоалбом ва буклама қўлланма 4 тилда (араб, инглиз, рус ва ўзбек) чоп этилди. Шунингдек, тарқатма материаллар (ён дафтарча, тақвим-календарь, жилд, катта сумка, ручка, ёрлиқ), қимматбаҳо ва эсдалик совғалар тайёрланди.
Бир сўз билан айтганда, масъул ташкилотлар томонидан Самарқандда халқаро анжуманни юқори савияда ўтказиш бўйича барча зарур тадбирлар кўриб қўйилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1913 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top