Ўзбекистон янгиликлари

Украина муфтийси Шайх Аҳмад Тамим:  Қаердаки мотуридий таълимоти бўлса, шу жойда тартиб-интизом бўлиши муқаррардир!

– Бутун дунёда, хусусан, ислом оламида тинчлик жуда ҳам зарурлиги сабабли Аҳли Сунна вал Жамоанинг Мотуридий таълимоти сув ва ҳавводек муҳимлиги янада аён бўлмоқда. Шу боис, Аҳли Сунна вал Жамоа йўналишининг забардаст имомларидан бўлган Имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратларининг ақидавий таълимотларини кенг тарғиб этиш борасида кўп давлатларда, жумладан, Малайзия, Индонезия, Туркия каби давлатларда турли анжуманлар, йирик тадбирлар ўтказишга жуда катта ҳаракатлар қилинмоқда. Бироқ, бу борада Ўзбекистон ҳукумати дадил одимлади, биринчи бўлиб Имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари таълимотини кенг тараннум этиш бўйича мазкур нуфузли анжуманни ташкил этди. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президентига чуқур миннатдорлик изҳор этаман!

Мана шу каби йирик халқаро анжуманларда иштирок этиш мен учун катта фахрдир. Бугунги кунда Ислом дунёсида мураккаб жараёнлар кечаётган бир даврда бу каби халқаро миқёсда ўтказилаётган нуфузли тадбир жуда ҳам улкан аҳамиятга эга. Қаердаки мотуридий таълимоти бўлса, шу жойда тартиб-интизом бўлиши муқаррардир. Улуғ Имом Мотуридий ҳазратлари шу диёрда таваллуд топгани ва ижод этгани сабаб ҳам, шу юртда доим аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатлик, бирдамлик бўлишлиги даркордир. Шундай бўлиши учун тинимсиз ҳаракат қилаётган давлатингиз раҳбаридан ҳаммамиз миннатдор бўлишимиз керак. Мен ҳам ўз навбатида ўзгача чуқур ташаккуримни билдираман!

Таъкидлаш жоизки, Имом Мотуридий ҳазратлари ўз таълимотларида охир замон Пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қолдирган таълимотларини асос қилиб олганлар. Шунинг учун ҳам мотуридий таълимоти бутун дунёга маълум ва машҳурдир. Барча мусулмонларнинг кўнглидан жой топгандир. Бу бетакрор ва беқиёс диёрда қадимдан цивилизация, тинчлик-осойишталик бўлиб келган. Сизларнинг раҳбариятларингиз билан олиб бораётган мана шундай ишларингизда бундан кейин ҳам бардавом бўлади.

Ўз навбатида таъкидлайманки, мен Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимовни нафақат катта устоз сифатида, қадрдон биродарим сифатида ҳам чексиз ҳурмат қиламан.
Ўзбекистон халқига, шу гўзал диёрнинг раҳнамоси – Президентига, Диний идора раҳбари – Шайх Усмонхон Алимов ҳазратларига ва анжуман ишига улкан муваффақиятлар тилайман!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 
 
2472 марта ўқилди

Янгиликлар

Top