Ўзбекистон янгиликлари

Улуғ алломаларни етиштирган Ўзбекистоннинг бугунги кунда ҳам ислом дини ривожига қўшаётган ҳиссаси беқиёс
Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференциянинг ялпи мажлиси давом этмоқда. 

Мажлис аввалида иштирокчиларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий соҳани ривожлантириш, ислом дини тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, улар қолдирган бебаҳо мероснинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини тарғиб этишга бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. 

Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғафур Аҳмедов, Эътиборли уламолар кенгаши бош котиби, профессор Абдуллоҳ Абдулғани Сархан, Мусулмон донишмандлари кенгаши бош котиби Султон Файсал Румайсий, “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари маслаҳатчиси Абдураҳмон Муса, “Ал-Азҳар” Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби доктор Назир Муҳаммад Айяд маърузалари тингланди. 

Сўзга чиққанлар мазкур анжуман Аллоҳ улуғлаган ражаб ойида, тарихи буюк юртимизнинг бетакрор замини, жаҳон маданияти, хусусан ислом дини тараққиётига улкан ҳисса қўшган Самарқандда ўтаётгани ўзига хос рамзий маънога эга эканини таъкидлади. Мотуридийликнинг башарият цивилизациясидаги ўрни, “Ал-Азҳар” мажмуасининг ислом мероси ва аҳли сунна эътиқодини сақлаш, тинчлик ва бағрикенгликни қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолияти ва саъй-ҳаракатлари хусусидаги маърузалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. 

Янгиланаётган Ўзбекистоннинг замирида ислом динининг инсопарварлик ғояларини илгари суриш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, турли ёт оқимларга қарши муросасиз муносабатда бўлиш каби ёндашувларга асосланган ҳаётий тамойиллари эзгуликни тарғиб этадиган энг илғор диний ва дунёвий қарашларга ҳамоҳанг экани эътироф этилди. 

Жамоавий пешин намози ва тушликдан сўнг конференция ўз ишини шўъба йиғилишлари билан давом эттиради.
 

Ғ.ХОННАЗАРОВ, Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА

1798 марта ўқилди

Янгиликлар

Top