Ўзбекистон янгиликлари

Шайх Аҳмад Таййиб Мисрга жўнаб кетди
Самарқандда ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этган Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб бошчилигидаги делегация ўз юртига жўнаб кетди.
 
Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари кеча халқаро конференцияда маъруза қилди. У ўз маърузасида Имом Мотуридий илмий-маънавий меросини ўрганиш бугунги глобаллашув даврида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, анжуман доирасида Шайх Аҳмад Таййибга Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси унвони берилди.
 
Имом Бухорий мажмуаси ҳамда аллома номи билан юритиладиган халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишган Миср Бош имоми фахрий меҳмонлар китобига “Мен Ўзбекистон давлатига ушбу улуғ зотнинг илмий мероси, шахсиятини ўрганишга, шунингдек, бу муқаддас заминдан етишиб чиққан аҳли илмни, барча мусулмонларнинг имомлари ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга бўлган катта эътибори учун ташаккур билдираман. Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовордир”, деган сўзларни ёзиб қолдирди.
 
Шайх Аҳмад Таййиб ўз юртига жўнаб кетиш олдидан анжуман ташкилотчиларига миннатдорлик билдираркан, “Бизга кўрсатилган юксак ҳурмат ва эҳтиромдан бошимиз кўкка етди. Биз Миср билан Ўзбекистон ўртасида ривожланиб бораётган алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшишни ўзимиз учун шараф деб биламиз”, деди. 
 
Снимок.JPG
 

 

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА
2083 марта ўқилди

Янгиликлар

Top