Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро конференция иштирокчилари Ҳадис илми мактабида

Жорий йилнинг 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳри “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференциясига меҳмонлик қилди. Аввал хабар қилганимиздек, мазкур халқаро анжуманга 15 та мамлакатдан 70 га яқин уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Халқаро конференция доирасида иштирокчилар Самарқанднинг диққатга сазовор тарихий обидалари ва замонавий иншоотларига саёҳат қилдилар. Конференция қатнашчилари 4 март куни Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, даставвал муҳаддислар султони Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилдилар. Шундан сўнг меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабига ташриф буюрдилар.

Меҳмонларга мактабнинг ташкил этилиш мақсадлари ва келажакда кутилаётган натижалар, мактабда талабаларнинг ўқишга қабул қилиш тизими ва мутахассислик, ўқув режасидаги фанлар ва ўқув адабиётлари таркиби ҳамда уни ислом оламидаги нуфузли уламолар томонидан эътироф этилганлиги, ўқитишда қўлланиладиган замонавий методлар ҳақида маълумот берилди.

Мактаб ўқитувчи ва талабалари учун яратиб берилган шароитларни кўздан кечирган меҳмонлар давлат раҳбари томонидан буюк алломаларнинг илмий меросларини ўрганиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида албатта ушбу олийгоҳдан келажакда яна Имом Бухорий, Имом Термизий каби уламолар етишиб чиқишига ишонч билдирдилар.

Мактабга ташриф буюрган исломшунос олимлар мактабнинг фахрий меҳмонлар китобига ўз дил истакларини ёзиб қолдирдилар.

Жумладан, Босния ва Герцеговина собиқ бош муфтийси Мустафо Черич ўз тилакларини қуйидагича ифодалади:

“Илм нур, Қуръон чироқ, суннат дастур, Самарқанд эса дунё илми учун буюк йўлдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фуқароларининг саодати йўлидаги раҳнамодир. Аллоҳ таоло яхши бир ишни ташкил этганлиги учун кўплаб ажр савобларни насиб қилсин. Мен Ўзбекистонда амалга оширилган ишларни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан алломалар диёрига ушбу илм масканини берган буюк Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамдлар бўлсин”.

Мустафо Черич, Босния ва Герцеговина собиқ бош муфтийси.

2020 йил 4 март, ҳижрий 1441 йил ражаб ойининг 8 куни.

 

“Ҳадис илми ривожи йўлида мислсиз ўринга эга Имом Бухорийнинг юртини зиёрат қилишга мушарраф бўлдим. Аллоҳ таолодан Ўзбекистоннинг тинчлиги ва хотиржамлигини бардавом қилишини, ушбу олийгоҳ тўғри ва ишончли илмларни дунёга тарқатадиган марказ бўлишини сўраб қоламан”.

Аҳмад Тамим - Украина бош имом-хатиби, муфтий.

 

Бугун зиёрат қилган ушбу ислом олий таълим муассасасининг ривожланиши ва юксак натижалар кўрсатишини, ҳадис илмлари учун олий минбар ва илм талаб қилувчилар учун булоқ, тадқиқотчилар учун эса хазина бўлишини Аллоҳ таоладан сўрайман. Ҳадис илми олийгоҳини ташкил этилишида бош бўлган барча мутасаддилар, унинг ўқитувчи ва талабаларини Аллоҳ таоло икки дунёда даражаларини баланд қилсин.

Ал-Азҳар университети ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари академияси Бош котиби Муҳаммад Назир Ийад.

2020 йил 4 март, ҳижрий 1441 йил ражаб ойининг 8 куни”.

 Халқаро конференция доирасида Ҳадис илми мактабига ташриф буюрган меҳмонлар ва уларнинг таассуротлари ҳақида келгуси мақолаларимизда яна маълумотлар бериб борамиз.

              

Ҳадис илми мактаби ректори О.Юсупов

 

2105 марта ўқилди

Янгиликлар

Top