Ўзбекистон янгиликлари

Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Абдужалилбоб” жоме масжиди янги биноси қурилиши бошланиши муносабати билан маросим бўлиб ўтди. Унда вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов нуроний отахонлар билан бирга масжиднинг янги биносига илк ғиштни қўйиб бердилар.

Тадбирда Хайруллоҳ домла вилоятдаги жами 52 та масжидларда қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бўлаётгани, бундан мақсад намозхонлар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш экани ҳақида алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, хайрли ишга жонбозлик кўрсатаётган, сабот ва матонат билан хизмат қилаётганлар икки дунёда улкан ажру савобга эга бўлиши таъкидланди.

Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, динимиз ривожи, юрт тараққиёти, халқ фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди, қурилиш ишларига муваффақият тиланди.

Маълумот учун, 2018 йилнинг 5 январь куни Юртбошимиз Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоятдаги таъмирга муҳтож ва авария ҳолатидаги масжидларни аниқлаб, уларни қайта қуриш ва таъмирлаш чораларини кўриш юзасидан кўрсатма бергандилар. Шу муносабат билан 2018 йил 15 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарор қабул қилиниб, вилоятда 29 та жоме масжидни қайта қурилиш белгиланган эди. Зангиота туманидаги “Абдужалилбоб” жоме масжиди янги биноси қурилиши ҳам юқоридаги кўрсатма ва қарор ижроси сифатида амалга оширилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2453 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top